http://www.bbcuzbek.com

08 Март, 2010 - Published 09:38 GMT

Туркиядаги зилзилада элликдан зиёд инсон нобуд бўлган

Расмийларга кўра, элликдан ортиқ инсон нобуд бўлган.

Зилзила маркази Элазиг вилоятининг Башюрт қишлоғи бўлган.

Маҳаллий вақт билан тонгги соат 4.32 да юз берган силкиниш бир неча қишлоқларда биноларни ер билан яксон қилган.

Элазиг вилояти ҳокими Муаммар Эролнинг айтишича, энг кўп инсонлар Оқчулар, Юқори Қанотли ва Қаяли қишлоқларида нобуд бўлганлар.

Қутқарувчиларга кўра, биргина Оқчулар қишлоғида 30 та бино қулаган, у ерда 17 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Маҳаллий масъулларнинг айтишларича, аксарият уй-жой ва бинолар паст сифатли хом ғиштдан қурилгани учун бир қишлоқ деярли ер билан яксон бўлган.

Ҳозир ер силкинишидан зиён кўрган барча қишлоқларга қутқарув ходимлари етиб боришган.

Минтақада жорий пайтда қақшатқич қиш ҳукмрон. Шу сабаб, Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг Туркиядаги маҳаллий идораси омон қолганларга ёрдам бериш учун вақтинчалик бошпаналар тиклашга киришган.

Ер силкиниши ортидан ҳам қирқдан ортиқ кичик-кичик силкинишлар кузатилган. Аҳолига вайрон бўлган уйларига кирмаслик тавсия этилган.

Туркияда бундан аввалги йирик зилзила 1999 йилда юз берганди. Ўшанда 20.000га яқин киши қурбон бўлганди. Катта сондаги инсоний талофатларга бинолар сифатининг пастлиги сабаб экани айтилганди.

Истанбул сейсмик ҳудудда жойлашгани боис мутахассисларнинг хавотирлари ҳануз тарқалмаган.

Бу ерда келаси ўн йиллар ичида яна бир қақшатқич ер силкиниши юз бериши башорат қилинади.


Фикр ва мулоҳазаларингиз учун SMS рақамимиз:

+447786201124

Би-би-си Ўзбек хизматининг электрон манзили: uzbek@bbc.co.uk