|
Кобул халқаро сиёсатда ўз сўзини айтмоқчи
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Мамлакат ташқи ишлар вазири Рангин Додфар Испанто Би-би-си билан суҳбатда худди ана шундай фикрни илгари сурган. "Узоқ йиллар Афғонистон учун бошқалар гапириб келишган. Мамлакатда урушлар кечаётган ҳозирги ҳолатда Кобулнинг ўз мустақил сўзини айта олиши - бутун ҳукумат ва Президент Карзайнинг ҳам истаги" - деб қайд этган мамлакат Ташқи ишлар вазири. Жаноб Испантога кўра, Ҳиндистон билан муносабатлари яхшиланиб бориши баробарида, қўшни Покистон билан алоқалари бузила бошлаган. Шу боис барча қўшнилар билан ришталарни тутиб туриш муҳимдир. Аммо кўпчиликнинг фикрича, Афғонистон бугун амалда ишғол остида қолаётган мамлакат. Бу ўлка ҳудудларида бир неча хорижий давлат ҳарбий кучлари фаолият юритишади. Мамлакат раҳбарияти эса Ғарбнинг кучи билан келтирилган сиёсатдонлардан тузилгани ҳам танқидчилар қайд этувчи жиҳатлардан биридир. Бундай ҳолатда Кобулнинг ўз мустақил сўзини айта олиш имконига истеҳзо билан қарайдиганлар оз эмас. Сўнгги чорак асрдан кўпроқ вақт давомида бу мамлакат учун бошқалар сўз айтиб, қарор олиб келишмоқда. СССР уни шўравий давлатга айлантиришга тиришди. Кейинроқ, бирмунча муддат қудратда ўтирган мужоҳидлар ҳам ташқаридан кўмак олиб келган кучлардан иборат эди. Толибон бошқарувидаги унсурлар ҳам аксар хорижликлар экани айтилади. Айни дамда эса АҚШ бошчилигидаги Ғарб кучлари бу мамлакатда демократия ўрнатиб, исломий жангариларни тор-мор этиш ҳаракатидалар. Бунинг устига, жўғрофий жиҳатдан олганда, Афғонистон сиёсий йўналишлари буткул фарқланувчи давлатлар қуршовида қолган. Дейлик, Покистон Вашингтоннинг анъанавий иттифоқчиси бўлиб келган. Маданий жиҳатдан яқин Эрон эса бугун АҚШ ёвуз кучлар рўйхатига киритаётган мамлакатлардан бири. Шарқда Хитой ва шимолда Россия каби улкан қудратлар ҳам Афғонистон бобида ўзларига хос сиёсий мақсадларига эгалар. Айни дамда, Марказий Осиёдаги ёш мустақил қўшни мамлакатларнинг сиёсий истак ва иродалари ҳам Афғонистон ҳукумати назарга олиши зарур бўлган омиллардандир. Мамлакат Ташқи ишлар вазирига кўра, Афғонистонда кечаётган жорий урушлар туфайли ҳам Кобул ўз сўзини айта олиш муҳимлигига эҳтиёж сезмоқда. Аммо ҳамон нотинч, иқтисоди деярли ерпарчин, сиёсатда ташқи дастакка муҳтож ва аксар хорижий ёрдам ҳисобига яшаб, амниятни таъминлаш бобида хорижий кучлар қўлловига эҳтиёжманд бўлиб қолаётган бир мамлакатнинг ташқи сиёсатда ўз мустақил сўзини айта олиши ҳали-бери осон кечмаслиги мумкин. |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||