|
'Бирдамлик' раҳбари:'Халқ тушкунликка тушган'
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистонга беш йиллик муҳожиротдан кейин ўтган ой қайтган Баҳодир Чориев сиёсий фаолиятини ватанда давом эттиришини айтган. Аммо "Бирдамлик" раҳбарига кўра, у ҳуқуқ -тартибот ходимлари кузатуви остида қолмоқда. Ҳозир Тошкентга келган мухолифатчининг айтишича, пойтахтда у анчайин эркин ҳаракатланаётган экан. Баҳодир Чориевнинг паспорти олиб қўйилган ва у ўзига нисбатан давлат чегараларини ноқонуний ўтиш айблови ҳамон олиб ташланмаган деган фикрда. Беш йилдан бери муҳожиротда, асосан Америкада сиёсий бошпана олиб яшаган Чориев жанобларининг айтишича, Ўзбекистонда ижтимоий вазият оғир. Мухолифат орасида ҳам халқ орасида ҳам тушкунлик кайфияти жуда кучли дейди Баҳодир Чориев. Унга кўра, мамлакатда сиёсий ўзгаришлар сезилаётгани йўқ, мухолифатга нисбатан тазйиқлар давом этмоқда. Аммо Чориев жаноблари "Бирдамлик" ҳаракати ҳайъяти ўз мажлисини ўтказа олгани ва бу унда мамлакатда сиёсий ўзгаришлар бўлиши умидини уйғотганини айтган. "Бирдамлик" ҳаракати мухолифат кучларини ўз атрофида жамлаш ниятида эканини маълум қилмоқда. Сиёсий ўзгаришлар умиди?..
Бугунги кунда Ўзбекистонда бирорта ҳам мухолиф партия фаолият кўрсатмайди. Мавжуд партияларнинг барчаси ҳукумат сиёсатини тўла қўллаб - қувватлайди. Ўзбекистонда декабр ойига мўлжалланган парламент сайловларига бир неча ҳафта қолар экан, ҳеч ким бу сайловларнинг аввалгиларидан фарқ қилишига умид қилаётгани йўқ. Би-би-си билан суҳбатда бўлган аксарият ўзбекистонликлар на сайловлар куни, на партиялар ва на номзодлар ҳақида тасаввур эга эканларини айтишмоқда. Вилоятлардан бирида мактаб ўқитувчиси " сайлов халқ учун эмас, балки хорижликлар учун ўтадиган тадбир, бизга бунинг на иссиғи ва на совуғи бор" дейди. Бошқа бир ўзбекистонлик аёлдан сайлов қандай ўзгаришлар келтириши мумкин деб сўралганида, у " сайловолди газ ҳам чироқ ҳам беришади, сайловдан кейин яна эскичасига яшай бошлаймиз" деб жавоб беради. Оммавий ахборот воситалари тўла ҳукумат назорати остида ва мавжуд сиёсий тузумга танқидий фикр нари турсин, балки бирор жумла матбуот юзини кўрмайди. Аксарият кузатувчиларга кўра, гарчанд шу ой Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга Андижон қирғинидан кейин ўрнатган жазо чораларини бекор қилган бўлса ҳам, мамлакатда сиёсий ислоҳотлар йўлида олға қадам ташланмагани урғулашади. Халқаро ташкилотларга кўра, ҳукумат ўзининг қаттиққўл сиёсати ва ташқи дунёдан сунъий шаклда иҳоталаниб олиши билан мамлакатда
радикал диний оқимларнинг кучайиши ва экстремист кайфиятларнинг урчишига сабаб бўлмоқда. |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||