BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 06 Ноябр, 2009 - Published 14:06 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Гуржистон супер-бактерияларга даво таклиф этмоқда
 

 
 
Доктор Реваз Адамия
Реваз Адамияга кўра, антибиотиклар таъсир этмайдиган хасталикларни даволаш учун бактериофаглар асқатади
Гуржистонлик атоқли олим Тбилисидаги илмий-тадқиқот институти тузалмас бактериологик касалликларга даво топишда муҳим ўрин тутиши мумкинлигини айтмоқда.

Тбилисида жойлашган Элиава номидаги Бактериофаг, микробиолгия ва вирусология институтидан Доктор Реваз Адамия ўз фикрларини мустаҳкамлаш учун Лондондаги Лордлар Палатасида бактериофаг,
деб аталадиган муқобил даволаш
усулини тақдим этди.

"Фаг" қадимги юнончада "ютиш" ва "емириш" каби маъноларни англатади. Яъни бу муқобил даволаш усули жараёнида яхши бактериялар ёмон бактерияларни еб битиришади.

Мазкур тадқиқот борасида Гуржистон илмий-тадқиқот институтлари кашшофлардан саналадилар.

Бактериофаг даволаш усули илк бора 1915 йили Британ олими Фредерик Творт тарафидан кашф этилган. Кейинчалик Феликс де Ҳерель ҳам Францияда ўз ҳолича мазкур усулни ихтиро қилади.

Бироз ўтиб, 1923 йили Гуржистонлик биолог Жорж Элиава Парижда бу икки олим билан учрашади ва уларни Тбилисида махсус илмий-тадқиқот институти очишга кўндиради.

Совет даврида айни институт зарарли бактерияларни ўлдириш учун вируслардан фойдаланган.

Хусусан, Совет Армияси ва Марказий Осиёда қорамол ҳамда одамларни даволаш учун тонналаб дори-дармон ишлаб чиқарган.

Бироқ 1937 йили Сталин олим Элиавани ўлдиришга буйруқ беради. Аммо унинг оти ҳамон ўзи асос солган институт номида сақланиб қолган.

Заҳарни заҳар кесади

Фаглар ёки бактериофаглар - табиий вируслар. Улар фақат бактерияларга ҳужум қилишади, аммо инсон, ўсимлик ва ёки ҳайвон ҳужайраларига тегмайди.

Бактериофаг вирус бўлиб, у ўзи нишонга олинган бактерия ҳужайрасига игнадек санчилиб, унга ДНКсини киритади.

Бактериофаглар антибиотиклар таъсир қила олмайдиган бактерияларни парчалашга қодир.

Бактериофаглар
Бактериофаглар бемор танасидаги зарарли бактерияни емириб, фойдалисига тегишмадйи

Истеъмолдаги антибиотиклар турли хил эса-да, аммо улар зарарли бактериялар қаторида фойдалиларини ҳам қўшиб ўлдириб қўйишади.

Бактериофаглар муайян бактерияларни нишонга олишади. Яъни бу ўринда анча фойдали. Лекин мазкур хусусияти туфайли улар сил таёқчаларини ўлдиришда у қадар самарали иш бера олишмайди.

Сўнгги йиллари турфа хил антибиотикларни қўллаш кенгайиб борар экан, бу дорилар таъсир этмайдиган янгидан-янги бедаво супер-бактериялар пайдо бўлмоқда.

Гуржистонилк олим эса айнан ана шу каби бедаво супер-бактерияларни ўлдириш йўлида бактериофаглар ёрдам беради, деб ишонади.

Улардан нафақат дори-дармон, балки дезинфекцияловчи ҳамда антисептик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланиш мумкин.

Шу асно бактериофаглар дунё бўйлаб касалхоналарда пайдо бўлаётган супер-бактериялар муаммосини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Бактериофаглар нафақат инсонлардаги хасталиклар, балки ҳайвонлар ҳамда ўсимликларда учровчи касалликларни ҳам даволай олишади.

Ҳозирда Тбилисидаги институт нефть қувурлари ичида пайдо бўлиб, иншоотни емирадиган био-қопламалар кўпайишини тўхтатувчи махсус бактериофаг устида иш олиб бормоқда.

Агар айни тадқиқот муваффақиятли амалга ошса, эскириб қолаётган нефть инфратузилмасини рисоладагидек сақлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бу эса каттагина маблағ келтириши мумкин.

Бактериофаг билан даволаш усули 20 аср бошидан бери собиқ СССРда қўлланиб келинган.

Қолган дунё эса бу усулни назарга илмай, рад этиб келган. Шу боис ҳозир Гуржистондаги илмий-тадқиқот институти дунёдаги университетлар ва халқаро фармацевтика ширкатларига қўлга киритган хулосаларини етказиш ҳаракатида.

Бироқ ўз тадқиқотлари ва тажрибалари даражасини кўтариш учун Гуржистондаги мазкур илм даргоҳи хорижий сармояларга муҳтож.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy