BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 06 Ноябр, 2009 - Published 12:14 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Гуржистон рус тилида телеканал очмоқчи
 
ЎзбекТВ
Собиқ Иттифоқ мамлакатлари телевидениелари ўз ҳудудларида Россия телеканаллари билан рақобатлашиш босими остидалар
Мазкур қадам Москва ва Тбилиси ўртасидаги адоватли муносабатлар ҳамда ўтган йил кечган беш кунлик уруш туфайли қўйилаётгани айтилади.

Гуржилар бу телеканал орқали Қофқоздаги турли миллат вакиллари эътиборини тортишмоқчи.

Собиқ иттифоқнинг бошқа ҳудудлари каби Қофқозда
ҳам Кремль ўз таъсирини
мустаҳкам сақлашдан воз
кечгани йўқ.

Кремлнинг айни ниятлари кўп ҳолларда қудратли Ғарб ва ёки Эрону Туркия каби ўртаҳол кучлар аралашуви туфайли азият чекиб келади.

Аммо телевидение масаласида ҳеч бир мамлакат ва ёки куч собиқ СССР ҳуддуларида Россияга бас кела олмаган.

Мана Энди Гуржистон Қофқоздаги бу каби вазиятни ўзгартирмоқчи.

Гуржистон давлат телеканаллари раҳбари Гиа Чантурианинг айтишича, улар атоқли рус журналистларини ишга ёллаб, Арманистон, Озарбайжон ва ҳатто Россия таркибидаги шимолий Қофқозда ҳам ўз таъсирини ўтказа оладиган телеканал очишмоқчи.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, янги телеканалнинг муайян қисмини ҳижратдаги россиялик корчалон Борис Березовский молиялайди.

Рус тилидаги Гуржистон халқаро телеканали қачон иш бошлаши маълум эмас. Аммо уни интернет ва қамарий антенналар орқали томоша қилиш имкони бўлади.

Россияни ҳар ерда кўришади

Қофқоз ва Марказий Осиёдаги бир неча миллионлик русийзабонлар ва ҳатто маҳаллий қофқозлик ё марказий осиёликлар ҳам ҳамон аксаран Россия телеканалларини томоша қилиб келишади.

Ашхобод, Бухоро ё Урганч каби шаҳарларда кўп қаватли уйлар томларидаги қўзиқориндек потраб коплаб олган қамарий ликопча антенналар, асосан, Россия каналларига тўғриланган.

Тошкент ё Душанбедаги кўплаб кабель-телевидениелари ҳам ўз муштарийларига аксар Россия телеканалларини етказишади.

Хуллас, матбуот орқали кириб келадиган Россия таъсири борасида собиқ иттифоқнинг деярли барча давлатлари муайян хавотирга тушишлари асоссиз эмас.

Қирғизистон ва ёки Украина каби мамлакатларда Россия телеканаллари таъсиридан қутулиш борасида ҳатто сиёсий доираларда ҳам очиқ хавотирлар билдирилган, қизғин баҳслар кечган.

НТВдан лавҳа
Гуржистон-Россия уруши пайти турли давлат телевидениелари ва мустақил телеканаллар узатган лавҳалар ўзаро фарқланарди

Аммо аксар аҳолиси русийзабон Қозоғистон ва ёки матбуотни қаттиқ қўриқловчи Ўзбекистон сингари давлатлар ҳам ваҳимали баёнотларсиз бўлса-да, Россия телеканаллари таъсирини камайтаришга интилиб келишади.

Нисбатан эркинроқ ва моддий устунлиги туфайли каттароқ имкониятга эга Россия телеканалларни ҳамон бу мамлакатларда машҳур.

Сўнгги пайтлари собиқ СССР ҳудудларида матбуот рақобати кучайиб бораётгани кузатилади. Хусусан, Хитой, Россия, Саудия Арабистони, Туркия ва Эрон бу борада катта қизиқиш кўрсатишмоқда.

Хитой аллақачон рус тилида теледастурлар бошлади. Туркия Марказий Осиёга мўлжалланган махсус теледастурларини бир неча йиллардан бери узатиб келади.

Эрон ҳам собиқ СССРнинг ўзбек, тожик ва озари каби қатор тилларида махсус радиоэшиттиришларга эга.

Айни пайтда, қатор мамлакатлардаги миллий жамоалар ҳам ўз тилларида теледастурлар томоша қилиш имконига эга бўлишмоқда.

Хусусан, узоқ йиллар қўшни мамлакатлар телеканаллари таъсирида қолиб келган Афғонистон бугун ўз ҳудудидаги деярли барча йирик тилларда дастурлар намойиш эта бошлади.

Афғонистондаги етакчи давлат ва хусусий телеканаллар кенг истеъмолдаги дарий ва паштун тилларидан ташқари, ўзбек тилидаги теледастурлар ва радиоэшиттирлар сони ҳамда соатини кўпайтиришмоқда.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy