|
Twitter ҳали сизнинг оламингизга кириб келганича йўқми?
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Twitter ўзига хос ижтимоий тармоққа айланган веб-сайтлардан бири. Twitterга 2006 йилда асос солинган, ўшандан буён у глобал феноменга айланди, дейиш мумкин - бугунги кунда Twitter тармоғидан бутун дунёда 45 миллион киши фойдаланади. Бироқ Facebook тармоғидан фарқли ўлароқ, Twitterда сиз ёзадиган матн 140 белгидан ошмаслиги лозим. Хуллас, у ўзига хос мўъжаз кундалик. Бу мулоқот тармоғида сиз билдирган фикр-мулоҳаза ортидан эргашадиган “Followers” ё "Издошлар" пайдо бўлиши мумкин. "Издошлар" сизнинг кундалигингизни янгилаб боришади, сиз эса бошқалар қандай фикр-мулоҳаза билдираётгани билан танишиб бора оласиз. Twitter тармоғи охирги пайтларда роса оммалашди. Бунга сабаб айрим машҳур инсонларнинг ушбу веб-сайтда "ҳангомалашиб ўтириш"га қарор қилганидир. Бу машҳур инсонларнинг эргашувчилари сони эса кўпайиб кетди. Мисол учун Twitterнинг энг машҳур фойдаланувчиси британиялик актёр ва ёзувчи Стивен Фрайдир. Фрай бугун ўзининг 900 минг "эргашувчиси"га эга. Яқинда Стивен Фрай Хитойда ўлим жазосига ҳукм этилган Британия фуқаросини озод этиш кампаниясига қўшилди. Бу кампания эса жаҳон оммавий ахборот воситаларининг бош сарлавҳасига айланди. Яқиндагина Стивен Фрай Британиядаги етакчи рўзнома - "Daily Mail"да эълон этилган "Boyzone" гуруҳининг қўшиқчиси Стефен Гейтлининг ўлими ҳақидаги мақолага муносабат билдирди. Фрай мақолани "ҳиссиз ва гомофобик" дея танқид қилди. Бунинг ортидан 21 минг киши рўзнома мақоласидан ғазабга келдилар, Twitter бу ғазаблари изҳор этилган бош майдонга айланди. Қатор йирик ширкатлар "Daily Mail"нинг интернет сайтидаги ўзларининг рекламаларини қайтариб олдилар. "Издош"ларидан бири Фрайни "зерикарли" деб атаганидан кейин у Twitterдаги ёзишмаларини тўхтатишга қарор қилди. Саноқли соатларнинг ичида интернет, бу қарори ҳақида қайта ўйлаб кўриш чақириқлари билан чиқққан Фрай мухлисларининг номаларига тўлиб кетди. Бу мавзу ҳатто Би-би-си Жаҳон хизматининг "Сўз Сизга" дастурининг муҳокама мавзусига ҳам айланди. Ниҳоят Стивен Фрай ўз фикридан қайтди ва нима учун Twitterдаги чиқишларини тўхтатгани сабабларини тушунтириб берди. Британиядаги яна бир олий мартаба Twitter фойдаланувчиси бош вазирнинг рафиқаси Сара Браундир. Twitterнинг танқидчиларига кўра, бу веб-сайт зерикарли ва кундалик ҳодисаларни - оддий одамлар ҳар кун ўйлайдиган ўй-хаёллар ва амалларни қайд этиб боришдан бошқа нарса эмас. Бу гапда ҳам жон бўлиши мумкин, аммо бу хизмат яқиндан бошлаб, жаҳон янгиликларини шошилинч хабарлар билан таъминлашда етакчилардан бирига айланаётир. Ўтган йили Ҳиндистоннинг Мумбайида уюштирилган ҳужумлар ва январ ойида Нью-Йоркдаги Худзон дарёсига ҳаво учоғининг қўнишига тўғри келгани ҳақидаги хабар илк бор Twitter саҳифасида эълон қилинган, ана ундан кейин жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларининг янгилигига айланган эди. Эрондаги баҳсли сайловлардан кейин Twitter бутун дунёдаги норозилик амалиёти иштирокчилари бирлаштирган восита бўлди. Бу хизмат бепул ва ишлаш учун жуда қулайдир. Twitter ўзида икки хизматни - интернет ва мобил телефонларнинг SMS-хабарларини ўзида бирлаштирган. Шундай экан, кичик экрани бор ва алоқа тармоғига уланган ҳар қандай техник восита ёрдамида Tweeter хабарларини қабул қилиш ва ўқиш мумкин. Шу боис, Tweeterнинг оммавий норозилик ҳаракатлари учун идеал ускунага айланаётгани ҳайратланарли эмас. Бу тизимдан фойдаланиш жуда ҳам осон, бироқ уни назорат қилиш жуда мушкул. Tweeterнинг ўзи дунёни ўзгартиролмаслиги мумкин. Бироқ Tweeterдан жаҳон миқёсида фойдаланиш кўпайиб бориб, бошқа янги технологиялар ҳам бунга қўшилиб борар экан, режимларнинг ҳақиқатларни Tweeterдан яширишлари тобора қийинлашиб бормоқда. Хўш, сиз қандай фикрдасиз - Сиз истиқомат қиладиган мамлакатда Twitter ва Facebookка ўхшаш мулоқот тармоқлари муаммони ҳал қилиш ва жамоатчилик фикрини уйғотишда фойдали восита бўлиб хизмат қилиши мумкинми? Бу борадаги мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга йўллашингиз ёхуд Twitterда маълум қилишингиз мумкин. Шунингдек, биз Facebookда ҳам ўз саҳифамизга эгамиз. Facebook даги манзилимиз BBC Uzbek. |
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||