|
Олим Отахон: 'ҳайқирсак, чумоли ҳам эшитмайди ҳайқириғимизни'
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ўзининг болалиги йилларини эсларкан, Олим Отахон Эски Жўва ўша йиллари турли миллат вакиллари - ўзбек, рус, яҳудийлар, уйғурлар
ва корейслар маданиятлари, урф-одатлари ва ҳатто таом тайёрлаш "Ҳозирги "Тўхтабойвачча" масжиди биносидаги мактабда ўқидим", дейди у. Олим Отахон собиқ Тошкент Давлат университетининг Филология факультетини тугатган. "Ҳаётимнинг энг масрур ва бахтиёр кунлари Эски Шаҳарда жойлашган Маориф ва Ўқитувчилар уйида ишлаган йилларим бўлган. У ерга мен кутубхоначи бўлиб ишга кирганман, 47 мингта китобнинг ичида қолиб кетганман", дейди Олим Отахон. Адибнинг айтишича, бу кутубхонадаги барча китобларни ташналик ва ҳарислик билан ўқишни бошлаган. "Бу шахмат бўйича жаҳон чемпиони Алёхин ҳақидаги китоб бўладими ёки бошқа соҳаларга тааллуқли, қизиқиш билан ўқирдим", дейди у. Олим Отахон ўша китобхонлик жаҳон адабиётининг таниқли намояндалари Хулио Кортасар, Хорхе Луис Борхес, Марио Варгас Льоса, Ясунари Кавабата ва бошқалар ижоди билан яқиндан танишишга имкон берганини айтади. Олим Отахон фикрича, ўзбек китобхонларининг жаҳон адабиётининг етук намуналари билан яқиндан танишишларига имконият чеклангани ўзбек адабиётидаги фикр теранлиги ва диапазонига ҳам таъсир қилмасдан қолмаган. Ёзувчининг ўзи қатор хориж адабиёти вакилларини ўзбек тилига таржима қилган. У ўзининг "Кечиккан Кортасар" асари нашрга тайёрлигини айтади. Олим Отахоннинг ёзувчи сифатида адабиётга кириб келишига, қайсидир маънода, унинг адолатсизликка қарши ички исёни, Совет Армиясида ўзбекларнинг таҳқирланишига қарши чиқишининг ҳам таъсири бўлган. "Гулистон" журналида бирин-кетин армиядан қайтган Олим Отахоннинг "Чаноқ" ва "Муаммо" ҳикоялари нашр этилади. "Кутилмаганда адабиётнинг ёш вакиллари Муҳаммад Солиҳ, Азим Суюн, Аҳмад Аъзам, Шавкат Раҳмон, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Сулаймон Раҳмон, Мамадали Маҳмудов, Тоғай Муродлар сафига қўшилиб қолдим", дейди ёзувчи. 1980-йиллар охирида айримлар назарида "модернистик адабиёт тарафдори" Олим Отахоннинг ўзбек адабиётининг аҳволи, ёзувчиларнинг таъсири мавзусига бағишланган мақолалари ижод аҳли орасида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Олим Отахон Тошкентдаги бир неча нашрлар таҳририятларида ишлаган. Ўзбекистон Радиосининг Адабий-Драматик эшиттиришлар таҳририятида ишлаган Олим Отахон ва ҳаммаслакларининг 1991 йил кузида президентликка икки номзоддан бири Муҳаммад Солиҳнинг сайловолди дастурига бағишланган эшиттиришнинг эфирга узатилиши учун Радиоқўмита мансабдорлари билан узоқ "курашиш"ларига тўғри келган. У ўзининг ўзбек адабиётининг бугунги аҳволи ҳақидаги фикрларига кўпчилик қўшилмаслигини айтади.
Би-би-си: Сизга келган саволлардан бири - Адабиёт нима? Адабиёт ўзаги одоб-ахлоқдан олинган одобга ўргатиш соҳасими ёки унинг ўзаги Европадаги "литер", "литература" дан олинганми? Адабиётнинг вазифаси нима? Олим Отахон: Бисмиллаҳир Роҳманир Раҳим. Адабиёт деган тушунчани албатта, биз ҳам шу собиқ Шўролар, Совет тузуми даврида ўқиганмиз, шу таълимни бизга беришган. Мурғак кўнглимизда адабиёт, бояги айтгандек, одоби куллиёт деб, ўша Шайх Саъдийлар, Ҳофизлар, Навоийлар, ўша "Қобуснома"лар ва ҳоказо, ҳоказолар нуқтаи назаридан келиб чиқиб, бизга, гарчи рус адабиёти, танқидий реализм методини жуда осмонга олиб чиққан XIX-асрнинг иккинчи яримлари, ўша Пушкин, Достоевский, Толстой, Некрасов, Чеховлар ҳаётни акс эттирган ижодкорларнинг буюк шоҳона асарлари, инсоннинг, банданинг шоҳона асарлари нуқтаи назаридан эмас, бизга кўпроқ диний-мистик дейиларди, шу талқин билан биз тарбия топганмиз. Ва биз ўз-ўзидан адабиёт, бу қанақадир бир насиҳат, тўғри йўл ҳақидаги насиҳатлар ёки одобномадек бир тасаввур уйғотган эди. Биз ана шу билан яшаганмиз ва университетда ҳам худди шундай таълим берарди. Фақат менинг бахтимга ТошДУнинг Филология факультетида кечки бўлимда ўқиётганимда марҳум Талъат Солиҳов деган ўқитувчимиз Ғарб адабиётидан кирарди. Ана шу муаллимнинг фикрлари кескин ўзгартириб юборган ва буёғига мен ўз ҳолимча ҳақиқий адабиёт нимадан иборат ва у қандай бўлиши керак, ўзи адабиётнинг ўзи нима, деган тушунча, фикрлар ҳақида мулоҳаза юрита бошлаганман ва шуларга оид китобларни ўқирдим. Ва Талъат ака билан кўп баҳслашардик, кўп талашиб-тортишардик. Кўп нарса ўрганардим ва уларнинг айтган асарларини топиб ўқишга ҳаракат қилардим. Адабиёт шу даражада кучлики, шу даражада ранг-барангки, инсоннинг ақли, битта одамнинг ақли бу нарсанинг тагига етиб бора олмайди. Чунки у уммон, океан. Ана шундан у океаннинг бир томчи суви одобнома бўлиб, насиҳат бўлиб бизга сингиб кетган, ўрнашиб қолган. Лекин менинг назаримда ҳақиқий адабиёт, бу дунёдаги жамики нарсаларни, ҳаётни, фикрни, хаёлни, ўша фаразларни, тахминларни, гумонларни, сиёсатларни акс эттирувчи бир Худо томонидан берилган, бизнинг ақл-ирокимизга сингдирилган, қалбимизга сингдирилган бир ижод нарса у. Бу насиҳат ҳам эмас. Насиҳат деб қабул қилиш - жуда жўн. Бу адабиётни жўнлаштириш. Чунки мана Марсел Прустларни ўқинг! Шекспирнинг асарлари-чи? Лекин бизда одобнома ҳам адабиёт, "Қобуснома" ҳам адабиёт. Лекин боя айтганимдай, адабиётнинг ниҳоятда кичик бир зарраси. Бир ирмоқ ҳам эмас, ирмоқдаги томчилар бу. Худо - Яратгувчи оламни яратгани каби, одамни шу даражада мукаммал, зариф, онгли, жуда мураккаб, хаёллари билан, ўтмиш ҳақидаги хаёллари билан, фаразлари-гумонлари билан яратгани каби одам ҳам худди Худо сингари шу адабиётни яратди, яратмоқда. Мана шуларнинг тагига қараш керак. Би-би-си: Раҳматли Талъат Солиҳов ҳақида гапирдингиз. Сиз жаҳон адабиётининг етук билимдони, Тошкент Давлат университетининг талабалари беқиёс адабий таҳлилларини соатлаб мароқ билан тинглаган Талъат Солиҳовни инсон сифатида, олим сифатида қандай эслайсиз? Олим Отахон: Талъат Солиҳов ниҳоят даражада зукко одам эди. Лекин ҳамиша, ҳамма замонларда зукко одамлар ўз замонасида маълум даражада ортиқча бўлган. Чунки атрофдаги одамлар билан муроса қилиб турмуш кечирган, лекин ички олами муроса қилмаган. Бу одатлар, оддий турмушдаги одатлар, уришишларга Талъат аканинг қалби, Талъат аканинг ички олами бўйсунмас эди. Чунки унинг бўйсунишига билими йўл қўймас эди мутлақо. Ўзининг суҳбатларидан бирида менга айтиб берган: Талъат ака ҳеч ким билан русча айтганда, "общение", мулоқотда бўлмаган. Чунки унинг бир хил томонлари Достоевскийнинг қаҳрамонларига ҳам ўхшаб кетарди. Инсон сифатида жудаям ўзининг ички оламига кириб кетган, ҳеч кимни киргизмайдиган инсон эди. Жуда ҳам қийин эди у одамга. Жуда назокатли одам эди. Аммо, русча айтганда, "одинокий" эди. Бир ўзи яшарди бу дунёда у одам. Унга мол-мулк, давлат, машина керак эмас эди. У олам буни қабул қилмайди. Мен Талъат ака ҳақида соатлаб, ҳафталаб гапиришим мумкин. Буэнос-Айресдан эканлигини айтаётган Нодир Шамс саволлари: Ассалому алайкум, ҳурматли Олим ака! Саволларимни бир оз узоқдан
бошламоқчиман. Аслида мен ҳам Лотинамериканизм, деймизми, шунақанги бир хасталикка чалинганлардан бириман. Ғалати туйилмасин,
лекин бу хасталикни ҳали мактаб ёшимдалигида, ўша 80-йилларда Кортасардан Сизнинг таржималарингиз орқали юқтириб олганман.
Ҳалигача бу нарсадан қутула олганим йўқ, қутулмоқчи ҳам эмасман. Бунинг учун Сизга катта раҳмат аввало. Олим Отахон: Нодир Шамс, сизга ҳам раҳмат. Айнан сизга ўхшаган йигитчалар учун таржима қилган эканман-да. Мен ўша пайтда ҳаддан ташқари қийналиб таржима қилганман. Масалан, оддий реалистик асарларни таржима қилиш жуда ҳам осон. Бу Кортасарни таржима қилиш, русчада ҳайрон бўламан, испан тилини биладиган одамдан сўрасанг яхшилаб, Кортасар русчада испан тилидан яхши ёзилган. Сўз ўйинлари, аллегоризмлари бор Кортасарнинг. Янги сўзлар топиб кетаверади. Ҳақиқатда ўша ўзининг ижодий оламига хос бўлган томонларини рус тилидаги таржимасида жуда афзал, жуда яхши чиққан, дейишади. Кортасарнинг асарлари одамнинг тафаккурини чуқурлаштириб юборадиган. Ва тафаккури чуқурлашган одам инқилобчи бўлади, инқилобчи эса демократ бўлади. Демократ эса халқини севади. Ватанини ростакамига севади. Масалан, яқинда мен бир оғайнимга айтдимки, ўзимнинг танишларимдан фаланчи-писмадончилар, агар бизга Худо кўрсатмасин, четдан ҳужум қилиб келса, мен қўлимга қурол оламан, фалончи-писмадончилар олади, дедим. Лекин ана улар олмайди-ку, дедим. Олмайди улар, қочади улар, йўқ бўлади. Кортасарнинг ҳикояларини ўқиган одам Ватанини севадиган одамга айланади. Майли Кортасарнинг мураккаб тарафларини қўяйлик, лекин Кортасарни ўқиган одам оддийгина руҳан озод бўлади. Руҳан озод бўлган одам бировдан ҳайиқмайди, қўрқмайди. У тўғрилик билан яшайди. Тўғри яшайди, ҳалол яшайди. Чунки у руҳан озод-да. Худди шундай тарбиялаб қўяди. Чин маънодаги руҳий озодлик Кортасарнинг жуда кўп асарларида ниманингдир рамзига айланиб қолади. Масалан, "Модел для сборки" романида шаҳар одамзодни руҳий озодликка олиб боришнинг бир рамзига айланади. Би-би-си: Кейинги савол - Ўзбекистондаги 1991 йилдан кейинги ҳодисалар ҳақида бадиий асар ёзиш керак бўлса, сиз биринчи галда нималар, қандай воқеа-ҳодисалар ёки жиҳатлар бу асарда ўзининг аксини топиши керак, деган бўлардингиз? Олим Отахон: Агар мен 1991 йилдан ҳозиргача бўлган ҳаётни акс эттирадиган асар ёзадиган бўлсам, одам боласини, бир ўзбек йигитини тобора
кичрайиб, кичрайиб, кичрайиб йўқ бўлиб кетишининг тадрижий даражасини ёзардим. Бу одам қиёфасининг кичрайиши эмас, гавдасининг
тузилиши эмас. (давоми бор) |
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||