|
Канигурамдаги ўзбек жангариларининг ҳоли нима кечиши мумкин?
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Покистон Қуролли кучларининг билдиришича, Жанубий Вазиристондаги ўзбек жангариларининг асосий таянч нуқтаси ҳисобланган Канигурам шаҳрини забт этишга сўнгги ҳозирликларини кўрмоқда. Ҳарбийлар Канигурам атрофидаги тепаликларни эгаллаб олишган ва шаҳардан бор-йўғи бир неча чақирим узоқликдаги Шеванге қишлоғини ҳам ўз назоратлари остига олишган. Минтақага яқин Пешовар шаҳридаги мухбиримизнинг айтишича, армия ҳозир Канигурамга қарши ҳарбий амалиётлари арафасида ўз мавқеъларини мустаҳкамлаш билан банд. Канигурамдаги ўзбек жангарилари Канигурамдаги ўзбек жангариларининг сони ҳақида аниқ рақамлар йўқ. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг сони 1.500 кишини ташкил этади. Мухбирларимизнинг айтишларича, ўзбеклари дохил минтақадаги жами хорижий жангариларнинг умумий сонига оид жосуслик маълумотлари ҳам ишончли эмас. Шу сабабдан ҳам, Канигурамдаги ўзбек жангарилари бир неча юзта бўлишлари ҳам мумкин. Маълумотларга кўра, Канигурамдан ташқари ўзбек жангарилари Шимолий Вазиристоннинг қавмлар яшовчи минтақаларидан ҳам бошпана топишган. Мухбирларимиз ўзбек жангариларининг минтақа бўйлаб сочилиб кетганлигини айтишади. Хабарларга кўра, уларнинг аксарияти ўзбекистонлик бўлиб, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Исломий Жиҳод иттифоқининг аъзоларидир. Айрим манбаларнинг тахмин этишларича, ўзбек жангарилари Покистон Қуролли кучларига қарши жанг олиб боришдан кўра, бошқа минтақаларга қочиб қолишни афзал билишлари ҳам мумкин. Бош олиб қаёққа?... Пешовардаги мухбиримизга кўра, Жанубий Вазиристондаги айрим Толибон раҳбарларининг аллақачон Ўрикзор, Хуррам ва Шимолий Вазиристонга қочиб ўтганликларига оид хабарлар олишган. Бироқ уларни тасдиқлаб бўлмаган. Мухбиримизнинг айтишича, эҳтиёж туғилган пайтда Канигурамдаги ўзбек жангарилари энг аввало Шимолий Вазиристоннинг Мир Али минтақасига йўл солишлари мумкин. Чунки Мир Али ҳам ўзбек жангарилари бошпана топган ҳудуд саналади. Бундан ташқари, улар Жанубий Вазиристоннинг Вана, Шакай ва Ангур Ада минтақаларидан ҳам бошпана топишга уриниб кўришлари мумкин. Ҳаттоки Афғонистонга ҳам ўтишлари эҳтимоли йўқ эмас, дейди мухбиримиз. Унга кўра, Покистон армияси ҳудудни ўраб олган бўлса ҳам, теварак-атроф тоғли ва ўрмонли бўлгани учун ўзбек жангарилари минтақадан қочишга муваффақ бўлишлари мумкин. Канигурам қандай қишлоқ? Канигурам йириккина қишлоқ бўлиб, аҳолисининг сони 90.000 дан ортади. Ўрмонлар ва тоғлар қўйнида жойлашган, ниҳоятда обод, йўллари равон бир қишлоқдир. Шу сабабдан ҳам, қишлоқдан бошпана топган жангариларнинг осонлик билан тоғу ўрмонларда яширинишлари мумкинлиги айтилади. Минтақадаги мухбиримизга кўра, Покистон армиясининг ҳарбий амалиётидан огоҳ бўлган қишлоқ аҳолиси етарлича озиқ-овқат ғамлаб олгани учун жангариларнинг ейиш-ичишдан ҳам ҳеч бир ғамлари бўлмаслиги мумкин. Аҳоли ҳарбий амалиётлар бошланган тақдирда қишлоқни тарк этиш йўлларини ҳам изламоқда. Улар бу ердан қишлоққа яқин Ладха ва Макинга боришлари мумкин, дейди мухбиримиз. Унинг айтишича, Канигурам атрофидаги барча имкониятлари чиппакка чиққан тақдирда ўзбек жангариларининг сўнгги борар манзили Шимолий Вазиристон бўлади. |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||