|
Ислом Каримов АҚШ юқори мулозими билан учрашди
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Америка мулозими бугун эрталаб Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашувидан аввал Тошкентда журналистларга баёнот берган. Ўзбекистоннинг минтақадаги муҳим ўрнини таъкидлаган Бернс жаноблари бу мамлакат билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболидан умидлари катта эканини айтган. “Ўзбекистон табиийки минтақада муҳим етакчи ўрин тутади ва мен президент билан минтақа ва Афғонистон бўйича узоқ муддатли стратегиямизнинг қай йўсинда амалга оширишимиз маъқуллигини муҳокама этмоқчиман,” деган АҚШ мулозими. Бернс жаноблари Ўзбекистоннинг Афғонистондаги халқаро кучларнинг саъй ҳаракатлари, хусусан, НАТО қўшинларининг “шимолий йўлак” тизимига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолаб, “биз ҳамкорликнинг бошқа йўлларини ҳам муҳокама этиш истагидамиз,” деб айтган. Айрим кузатувчиларга кўра, ҳамкорликнинг “бошқа йўллари” ҳарбий транзит масаласи бўлишими мумкинки, АҚШ бу масалада Россия билан битим имзолагач, энди навбат Марказий Осиё мамлакатларига келган. Бугунги кунда АҚШ ва НАТО қўшинларига кўмак сифатида юборилаётган ноҳарбий юклар Ўзбекистон темир йўллари ва Навоий аэропорти орқали ташилмоқда. Кузатувчиларга кўра, АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабатлардаги янгича ёндашуви Америка мулозимлари томонидан тобора кўпроқ тилга олинмоқда. Ўтган ой Тошкентда бўлган нуфузли АҚШ конргрессмени Ўзбекистонга нисбатан “ошиқча насиҳатгўйликка берилиш” ҳоллари юз берганини айтган. Шу ой бошида эса АҚШнинг Тошкентдаги элчиси ҳам ўзаро муносабатлардаги янгича ёндашувни урғулаган ва ўзбек ҳукуматининг молиявий инқирозга қарши кўрилаётган иқтисодий чораларига ижобий баҳо берган эди. Америка мулозими Ўзбекистон билан гиёҳвандлик моддалари савдоси, терроризм ва чегаралар хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик масалалари устивор бўлишини таъкидлаган. АҚШ расмийси ўзаро муносабатларда фуқаролик жамияти ривожи ва инсон ҳуқуқлари масаласи ҳамиша кун тартибида туришини таъкидлаб, “биз келаси ойларда бу масалаларда амалий натижаларга эришиш учун биргаликда ишлаш ниятидамиз,” деб айтган. Бироқ бу мавзуда чуқурроқ гапиришни лозим топмаган. Бернс жаноблари якшанба куни ўзбек фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашган. |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||