BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 13 Июл, 2009 - Published 10:53 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
"Набукко" газ қувури бўйича шартнома имзоланди
 
шартномани имзолаш маросими
"Набукко" газ қувурини қуриш ҳақидаги шартнома тафсилоти ҳозирча маълум эмас

Оврўпо Иттифоқининг тўрт мамлакати ва Туркия узоқ вақтдан буён режаланиб келаётган "Набукко" табиий газ қувурини қуриш ҳақидаги битимни имзолаганлар.

Узунлиги 3 минг километр бўлган "Набукко" газ қувури Оврўпо давлатларини Россияга муқобил табиий газ билан таъминлайди.

Ушбу қувур Каспий ва Яқин Шарқда ишлаб чиқилган газни Туркия орқали Оврўпо Иттифоқи давлатларига етказиб беради.

"Набукко" газ қувурини қуриш ҳақидаги битим Туркия пойтахти Анқарада Булғористон, Руминия, Венгрия, Австрия ва Туркия бош вазирлари томонидан имзоланган.

Бироқ газ қувури сарф-харажатларини ким тўлаши ва табиий газнинг айнан қаердан келиши битимда кўрсатилмаган.

Ҳозирда Россия газга бўлган Оврўпо эҳтиёжининг 30 фоизини қоплайди, аммо ўтган қиш мавсумида Оврўпога оқадиган газ қувурларининг Россия томонидан беркитилиши туфайли кўплаб Оврўпо давлатлари муқобил газ таъминоти йўлларини излашга тушганди.

Анқарада "Набукко" газ қувурини қуриш битими имзоланиши арафасида Tуркманистон президенти ушбу қувур орқали Оврўпога газ етказиб бериши мумкинлигини эълон қилди.

"Туркманистон, ўз энергиясини жаҳон бозорига олиб чиқиш йўлларини турфалаштириш тамойилларига асосланган ҳолда, йирик халқаро лойиҳалар, масалан, "Набукко" лойиҳасида иштирок этиш учун ўз имкониятларини ишга солиш ниятида",- деб айтган жаноб Бердимуҳамедов.

Туркман раҳбарига кўра, ҳозирда мамлакат ўз чегараларида сотиш учун сезиларли газ заҳираларига эга.

2008 йилда расмий Ашхобод ва Россиянинг "Газпром" ширкати Оврўпога экспорт қилинадиган бутун туркман газининг Россия ҳудудидан ўтиши ҳақида келишган эди.

Бироқ шу йил баҳорида жаҳонда энергияга талабнинг пасайиши натижасида Россия томони туркман газининг ҳар минг кубометри учун аввал келишилган 300 доллар нархни юқори, дея баҳолаб, уни сотиб олишни камайтирган.

2009 йил апрелида Туркманистондан Россияга газ олиб ўтиладиган "Давлатебат-Дариялиқ" қувурида, расмий Ашхобод фикрича, "Газпром" айби билан ҳалокат юз берган.

Ўтган йил Қафқосда юз берган қуролли зиддият ҳамда ғарбга газ таъминотида узилишларга олиб келган Россия ва Украина орасидаги "газ уруши"дан сўнг Оврўпо Иттифоқи Россиядан келадиган ва Россия ҳудудидан ўтувчи ёқилғига муқобил энергия заҳираларини излай бошлади.

Оврўпода Москва ўз монополиясидан газ нархларини назорат қилиш ёки сиёсий босим ўтказишда фойдаланиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Ўз навбатида Россия оврўполик мижозлар ва Марказий осиёлик таъминотчиларни ҳеч қандай муқобил йўлларга эҳтиёж йўқлигига ишонтиришга уринмоқда.

Жумладан, Москва "Набукко" рақиб бўлган Қора денгиз орқали ўтувчи "Жанубий оқим" лойиҳасини илгари сурмоқда.

28 июнда Президент Медведевнинг Бокуга ташрифи чоғида "Газпром" Озарбайжон газини ҳозирда Оврўпога сотилаётганидан баландроқ нархда сотиб олиш мажбуриятини олди.

"Набукко"нинг асосий муаммоси уни газ билан тўлдириш истиқболларининг ҳозиргача қоронғу эканида.

Туркманистонда ҳозирча мамлакат шарқидаги газ майдонидан газни "Набукко" билан туташув нуқтасига қадар етказиб берадиган ички қувур барпо этилмаган. Туркманистон ҳукумати унинг қурилиши учун тендер эълон қилган.

Баъзи манбаъларга кўра, Туркманистон шартнома имзолашни мўлжаллаган Россиянинг "Зарубежнефтегаз" ширкати музокаралар жараёнида янги қувурдан газни Россияни четлаб ўтиб, экспорт қилишда фойдаланилмаслигини кафолатлашни талаб қилган.

 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy