BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 12 Июл, 2009 - Published 15:20 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Тожикистон: Мирзо Зиёев отиб ўлдирилган
 
Мирзо Зиёев тожик исломий мухолифатининг қудратли қўмондони бўлган
Тожикистондан келаётган хабарларга кўра, фуқаролар уруши даврида тожик мухолифатининг қудратли қўмондонларидан ва кейинроқ Фавқулодда вазиятлар вазири бўлган Мирзо Зиёев мамлакат шарқида юз берган отишмада ҳалок бўлган.

58 ёшли Зиёев шанба куни кеч соатларда Тавилдарадаги ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор маҳаллий гуруҳ таркибидаги қуроллилар томонидан отиб ўлдирилгани айтилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, собиқ мухолифат қўмондони гуруҳ билан уларнинг таслим бўлиши юзасидан музокаралар олиб бориши керак эди.

Шанба куни айни гуруҳ билан ҳамкорлик қилиб келгани айтилган Мирзо Зиёевнинг минтақада аксилгиёҳванд амалиётини олиб бораётган маҳсус кучлар томонидан ҳибсга олингани ва кейинроқ кўнгилли равишда қурол-яроғ сақланаётган жойни кўрсатиш ва гуруҳ қолдиқлари билан таслим бўлиш ҳақида музокаралар олиб боришга рози бўлгани хабар қилинган.

Қудратли қўмондон

Тожикистон халқи орасида "Мирзо Жага" номи билан машҳур Мирзо Зиёев тўқсонинчи йиллардаги фуқаролар урушида Бирлашган Тожик мухолифатининг энг номдор дала қўмондони эди.

У Тожикистон шарқида ҳукумати армиясига қарши ҳолдан тойдирувчи партизанлар урушини олиб борган ва ҳозирда Рашт номи берилган Қоратегин минтақаси устидан тўлиқ назоратни ўрнатишга муваффақ бўлган.

Мирзо Зиёев қўмондонлик қилган Тожик исломий мухолифати таркибида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг раҳбарларидан Жума Намангоний ҳам бўлган.

Тожикистонда ҳукумат ва ҳукумат ўртасида тинчлик битими имзолангач, Мирзо Зиёевга, мухолифат учун ҳукуматда ажратилган лавозимларнинг энг юқориси - Тожикистон Фавқулодда вазиятлар вазири лавозими берилган эди.

У 1999 йилдан то 2006 йилгача вазир лавозимида ишлаган.

Нотинч минтақа

Тавилдара Афғонистон билан чегарага яқин, Помир тоғлари бағрида жойлашган кичик бир шаҳарча.

У мамлакат шарқидаги Тоғли Бадахшон вилояти маркази Хоруғ шаҳрини пойтахт Душанбе билан боғлайдиган йўл ёқасида жойлашган.

Тавилдара тумани Тожикистондаги фуқаролар уруши йилларида, фуқаролар урушидан кейин ҳам аҳамиятли санаб келинган.

Тавилдара ҳозирда ҳам Тожикистон исломий мухолифатининг кўпгина собиқ аъзолари яшаб келадиган ҳудуддир.

Ушбу туманда ва умуман Рашт водийсида 90 йиллар охирида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қуроллилари паноҳ топишганди.

 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy