|
Урумчи масжидларида жума намози тақиқланган
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Хитой ҳукумати мусулмон уйғурлар яшовчи Урумчи шаҳридаги масжидларда жума намози ўқилишини ман қилган. Мазкур буйруқ уйғурлар ва хан хитойлари ўртасида бир неча кун давом этган этник зўравонликлардан сўнг берилмоқда. Якшанбадан бери камида 156 инсон ҳалок бўлган, 1000дан ошиғи яраланган. Минглаб қўшинлар Шинжон мухтор ҳудудининг пойтахти Урумчида тинчликни сақлаш учун жойлаштирилган. Айни дамда, минглаб одамлар - ҳам хан хитойликлари ва ҳам уйғурлар - шаҳарни ташлаб чиқаётганлари хабар қилинади. Урумчининг асосий автобус бекатидаги расмий AFP хабар агентлигига қон тўкилишилар бошланганидан бери таҳминан 10000 одам автобуслар билан шаҳарни ташлаб чиққанини айтган. Бу одатий кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Хитой расмийлари ғалаёнда иштирок этганларга "қаттиқ жазо" берилишини билдиришган. "Ватанпарварона амал" Би-би-си мухбири Куэнтин Сомервиллга кўра, Урумчида минглаб уйғурлар жума намозини ўқиш учун масжидларга чиқиши кутилганди. Бироқ расмийлар Урумчидаги масжидлар деворларига эълонлар ёпиштириб, одамларни уйларида намоз ўқишга ундаган. Исми-шарифини бермаган бир расмий: "Жамоатчилик хавфсизлиги учун барча масжидлар одамларга бугун жума намози ўқилмаслигини ва улар уйларида ўтириб намоз ўқишлари лозимлигини айтган," - деди. Якшанба куни тўқнашувлар бошланганидан бери кўплаб масжидлар ёпиб қўйилган. Барча мусулмонлар каби жума уйғурлар учун ҳафтанинг энг муқаддас кунидир. Бир масжид ташқарисидаги уйғур киши жума намозининг масжидларда ўқилмаслиги борасидаги қарорга қўл силтаб, "биз нима ҳам қила олардик" деб айтган. Турсун исмли киши эса: "Ҳукумат одамлар уч қучни қўллаб-қувватлаш учун диндан фойдаланади деб қўрқаётир," - деди. Хитой ҳукумати "уч қуч" дея бўлгинчилар, террорчилар ва экстремистларни тамғалаган. Урумчида яшовчи этник хан аёл масжидлар ёпиқ қолиши зарур экани ҳаммага аён деган фикрда. "Қаранг қанча зарар етказилди. Масжидларни ёпиш барча этник гуруҳларнинг фаровонлиги йўлида қилинаётган ватанпарварона амал," - деб айтди бу аёл. Мухбиримизга кўра, Хитой ҳукумати ўн минглаб одамларнинг масжидларда тўпланишига рухсат беришдан кўра Шинжондаги мусулмонларни ҳафа қилиш хавфи тўғрироқ амал дея қарор қилган кўринади. Ал-Қоидага алоқа Пайшанба куни Хитой ғалаёнда қатнашган баъзи кишиларнинг "террорчи гуруҳлар, жумладан ал-Қоида қўлида тайёргарлик"дан ўтгани борасида "жуда катта далил-исбот"га эга эканини айтган. Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Чин Жанг бу қандай далиллар эканини аниқламади, бироқ гуруҳлар "ҳориждаги учта қонхўр куч билан бевосита боғлиқ" эканини билдирган. Пекин, шунингдек, АҚШда жойлашган қувғиндаги раҳбар Робия Қодирни тартибсизликларни уюштиришда айблаган, бироқ Қодир хоним бу айбловни рад қилган. Шинжонда кўп йилларки аҳвол тобора таранглашиб келаётганди. Уйғурлар ўз ҳудудларига хан мухожирларининг ёғилиб келишидан норозилар. Кўп уйғурлар иқтисодий тараққиёт уларни айланиб ўтганини айтиб, камситишлар, ҳамда имкониятлар йўқлигидан шикоят қилишади. |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||