BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 07 Июл, 2009 - Published 12:07 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Харобот - урушлардан руҳи хароб бўлмаган мавзе
 

 
 
Кобулдаги санъаткорлар маҳалласи
Хароботда ракета келиб тушмаган бинолар жуда кам

Янгича иншоотлар қад ростлаётган, таъбир жоиз бўлса, чеҳраси ўзгараётган Кобул манзарасида Харобот маҳалласи - ҳамон вайронгарчилик тимсоли.

Афғонистон пойтахти шарқидаги бу мавзеда гўё ракета келиб тушмаган бино қолмагандек.

Илк бора келган киши дунёга жар солинаётган қайта қуриш шабадалари Хароботга ҳали кирмабди, деган хаёлга бориши мумкин.

Ҳатто Кобул андазалари бўйича ҳам ўта камбағал Хароботдаги улкан харобалар соясида ўзини қуёшдан пана қилиб, ёғоч араваларда кийилган кийим-кечакларни сотувчи эскифурушларнинг бозори чаққон.

Бироқ бу вайроналарда бир пайтлар мусиқа таралган, ҳали 70-йиллари ғарбда лаппакларга муҳрланган куй-наволар худди шу гўшада яратилган.

Хароботда асрлар бўйи санъат аҳли яшаб, ижод этиб келган. Бу ерда Афғонистонда ном таратган устодлар кўп асрлик анъанавий мусиқа ҳамда ашулачилик сирларини авлодларга етказишади.

Афғонистон - Марказий ва Жанубий Осиё, Хитою Яқин Шарқ санъати учрашган нуқта. Айни воқелик мамлакат мусиқа оҳангларида ҳам, чолғу асбобларида ҳам кўринади. Дейлик, Ҳиндистондан келган фисгармония аллақачон бу ерда миллий мусиқа асбобига айланиб улгурган.

Шу қаторда Афғонистон мусиқаси ўзигагина хос овозга эга. Хароботда эса ана шу овозга жило бериб, мукаммаллаштирадилар.

Бироқ мамлакатнинг чорак асрлик урушлари давомида ҳам қўлига қурол олмаган санъаткорлар даҳаси 90чи йиллари мужоҳид кучлари нишонига айланди. Кейинчалик, Толибон келиши билан мутлақо мусиқа маън этилиб, аксар устодлар Покистону Эронга бошпана излаб кетдилар.

Хароботга мусиқа қайтмоқда

Эндиликда қатор устодлар Кобулга қайтиб, маҳаллий болаларга мусиқа ўргатишга, Харобот анъаналарини қайта тиклашга уринмоқдалар.

Аммо ҳозир кундалик тирикчилик ташвиши билан яшаётган Хароботда мусиқа саси эмас, бозор садолари кўпроқ қулоққа чалинади.

Автоулов йўлигача оқиб чиққан кўчма дўконларни оралаб, узоқ вақт мусиқа мактаблари ва устодлар ҳақида суриштирдик. Кўпчилик улар ҳақида билмасди.

Ниҳоят, кичик дўконлар устидаги ракета ҳужумларидан омон қолган кам сонли биноларнинг бирини кўрсатишди.

Талабалар ҳужрасидек тор хонада дарс кетмоқда.

Уч нафар муаллим бир болага дарс беришаяпти. Яккама-якка дарс бериш Харобот мактабларига хос. Аммо бирданига уч муаллимдан сабоқ олиш бахти жуда камчилик шогирдларга насиб этса керак.

Мусиқа билим юртлари деярли ишламаётган мамлакат учун эса айни усулда мусиқа ўрганиш улкан бир ютуқ ҳам. Қолаверса, Хароботдаги устодлар шарқона нота тизими бўйича мусиқа ўргатишади.

Хароботда мусиқа дарси
Ака-ука Амирийлар баъзида пул олмасдан болаларга анъанавий мусиқа сирларини ўргатишади.

Ака-ука Амирийлар - Басир, Башир ва Носир бири фисгармония чалиб, иккинчиси ноталарни қайтариб, учинчиси табла чертиб машқ ўтишмоқда.

"Биз болаларга рубоб, табла ва фисгармония чалишни, шунингдек, овозлари устида ишлашни, классик ашулаларни ижро этишни ўргатамиз" - дейди Носир - "Ҳозирча бор йўғи олти нафар шогирдимиз бор. Чунки ҳозир кўпчилик ёшларда узоқ йиллар мунтазам анъанавий мусиқани ўрганиш учун сабр-тоқат етишмайди".

Бироқ мана бу ўқувчи, афтидан, сабр билан мусиқа ўрганишга жазм этган кўринади.

"Ота-онам ҳам мени мусиқага ундашади" - дейди 14 яшар шогирд Аҳмаднаим - "Биламан, кўпчилик ҳозир классик мусиқага қизиқмайди. Аммо мен астойдил шуғулланмоқчиман".

Мактабдан кўра, хусусий дарсни эслатувчи бу каби мўъжаз мусиқа даргоҳлари Хароботда яна пайдо бўла бошлаган.

Тўғри, 10-15 йил илгари маҳалланинг бош кўчасидан ўтганда, ҳар деразадан мусиқа оҳанглари эшитилганини, машҳур устодлару уларнинг шогирдлари саноғини топиш қийинлигини айтгувчилар кўп.

Хароботдаги устодлар мусиқага шавқи баланд, аммо пул тўлай олмайдиган болалардан ҳеч нарса талаб қилишмайди.

"Марҳум отамиз, устод Муҳаммад Амирий бизга санъат сирларини ўргатганлар. Эндиликда моддий манфаат кўрмасак ҳам, падаримизнинг ишини давом эттириш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз" - дейишади ака-укалар.

Оила тебратиш учун пулни эса улар бошқа жойда топишга интиладилар: Бутун минтақада бўлгани каби Афғонистонда ҳам санъат аҳли ўз ризқини тўйхонадан теради.

Замонага мослашув

Илгарилари тўй-йиғинларда анъанавий чолғу асбобларида мумтоз куйлар чалинган, ғазаллар куйланган бўлса, бугун урфга кирган ғарбона эстрада анъанавий мусиқачиларни тўйхона саҳнларидан суриб чиқармоқда.

Беш-олти нафар болани ўқитиб, топган пулга эса Кобул шароитида оила боқиб бўлмайди.

Хуллас, кўплаб анъанавий мусиқачилар қатори, ака-ука Амирийлар ҳам янгича шароитларга мослашмоқдалар.

"Эндиликда замонавий асбобларда поп мусиқа ижро этиб, ўйноқи ашулалар айтиб, тўйларда пул ишлашга мажбурмиз. Аммо юрагимиз мумтоз куйларга ошуфта. Шу боис қўлимиз бўшаши ҳамон мана шу кичик ҳужрада болаларга мумтоз санъатни ўргатамиз, ўзимиз ҳам завқ оламиз" - дейишади ака-укалар.

Учовлон 12 йил Покистонда қочқинликда яшаб, у ерда ҳам болаларга мусиқадан дарс берганлар. Бироқ Толибон қулаши биланоқ, мамлакатдаги нотинчлигу қашшоқликка қарамай ватанга қайтишган.

Хароботдаги миллий мусиқа чолғулари
Миллий мусиқа ва анъанавий чолғулар тўю ҳашамларни, телевизор экранлари ва радиотўлқинларини эгаллаб олаётган замонавий поп-мусиқа олдида эътибордан қолмоқда

"Покистонда шароитимиз анча яхши, ишимиз бор эди. Ҳечса, турган уйимиз ижара пулини тўлаш ва бола-чақамиз учун озиқ-овқат сотиб олиш муаммо бўлмасди" - дейди Башир - "Бироқ бегона юрт бегона, ватан эса ватан экан. Бизнинг санъат Афғонистонда керак".

Афғонистон ҳамон урушлардан боши чиқмаётир. Исёнкорлик кучаймоқда. Кенг қулоч ёйган қашшоқлик, қонунсизлик ва нотинчликлар манзарасида санъату мусиқа масалалари ҳали-бери эътибор қозонмаса керак.

Бироқ урушлардан чарчаган юртда мусиқа, кўнгилочиш ва санъатга ташналик неқадар улканлигини ҳам рад этиб бўлмайди.

Мамлакатда иш бошлаётган кўп сонли мустақил телеканаллар, радиостанциялар ва томошагоҳлар, асосан, кўнгилочиш дастурларига эътибор қаратишади.

Хусусан, поп мусиқа теле-шоулари ва беллашувлари ўта оммабоп. Қайсидир ошхонага кирасизми, бирон дўконга бош суқасизми ва ё ҳатто касалхонага йўлингиз тушадими, ҳар ерда телевизордаги бу каби дастурларни иштиёқ ила томоша қилаётган одамларни учратасиз.

Ака-ука Амирийлар эса бугун бозорга мослашаётган оммабоп санъат аслида, мумтоз ва анъанавий мусиқа олдида қарздорлигини таъкидлайдилар.

"Бизда анъанавий мусиқани ўрганувчи шогирдлар кўп эмас. Аммо бу машаққатли меҳнатга ўзини бағишлайдиган бир нечта ёшларимиз бўлса бас, улар анъанани давом эттираверадилар. Чунки оммабоп поп мусиқа илдизлари классикадан озиқланади. Зотан, мумтоз мусиқа анъаналари бўлмаганда, бугун ўзига хос Афғон миллий эстрадасини яратиб ҳам бўлмасди" - дейди суҳбатдошларим.

Харобот кўчасининг бугунги манзараси
Харобот бугун мусиқачилар маҳалласини эмас, кўпроқ эски-туски сотилувчи бозорни эслатади, аммо бу гўшада қадим санъатни ардоқлаб келаётганлар ҳамон оз эмас

На узоқ йиллик урушлару ҳужумлар, на қашшоқлик ва таъқиблар, на мужоҳидлар ё Толибон Хароботдаги анъаналарни йўқота олишди.

Тўғри, бу ерда ижод этган мусиқачилар номи ҳалқаро доираларда маълуму машҳур эмасдир.

Бироқ Хароботда бўлган мусиқашунослар бу ерда Афғонистон мусиқа санъати йўналишини белгилаб келган анъана ва мактаблардаги устодлар неқадар комиллигини урғулашади.

Фақат бир фарқи - Харобот ҳеч қачон биров ажратадиган маблағга кўз тикмаган, таъқиблардан ўзлигини йўқотмаган.

Ҳозирги шароитларда ҳам Хароботнинг ярим вайрона биноларида кўп асрлик мусиқа анъаналари қадрланиб, ёшларга ўргатилмоқда.

Айтишларича, Хароботнинг икки маъноси бор. Бири харобазор бўлса, иккинчиси ўзини бахшида этиш демакдир.

Нима бўлганда ҳам, Харобот бугун ана шу ҳар икки маънога ҳам хос тарзда яшамоқда.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy