BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 29 Июн, 2009 - Published 11:02 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Қирғизистон: 'жангарилар Исломий Жиҳодга мансуб'
 
Қирғиз махсус кучлари сўнгги бир ҳафта ичида саккиз нафар жангарини йўқ қилган
Қирғизистон расмийлари 27 июн куни Ўзгандаги амалиёт чоғида ўлдирилган жангариларнинг "Исломий Жиҳод" гуруҳига мансуб эканини даъво қилишган.

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати тарқатган хабарда "Исломий Жиҳод" халқаро террорчи гуруҳи аъзолари экани айтилган шахсларнинг исм-шарифлари келтирилган.

Хавфсизлик қўмитаси ўлдирилган жангарилардан бирининг Ҳасан Сулаймонов исмли Қирғизистон фуқароси, иккинчисининг эса Ботир Сотволдиев исмли ўзбек фуқароси экани айтилмоқда.

Учинчи жангарининг шахси аниқланаётгани маълум қилинган.

Жангарилардан бирининг Покистонда тайёргарликдан ўтгани айтилган.

Ўтган дам олиш кунлари қирғиз махсус кучлари Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги хонадонлардан бирида жойлашиб олгани айтилган уч нафар қуроллининг ўлдирилганини айтган эди.

Расмийларга кўра, махсус амалиёт Қўшқўрғон қишлоғида паноҳ топган жангарилар таслим бўлишдан бош тортишлари ортидан бошланган.

Жангариларнинг қаттиқ қаршилик кўрсатгани, аммо махсус кучлар орасида талофатлар йўқлиги айтилган.

Амалиёт чоғида жангарилар яширинган хонадондан қурол-яроғ, қўл телефонлари ва флэш-карталар топилгани айтилмоқда.

Зўравонликлар тўлқини

Қирғизистон жануби сўнгги бир ҳафта мобайнида махсус кучлар ва жангарилар ўртасидаги шиддатли тўқнашувларга саҳна бўлган.

Охирги ҳужумлар Андижон вилоятининг ўзбек-қирғиз чегарасидаги Хонобод шаҳри яқинида содир бўлган

Ўтган ҳафта бошида қирғиз расмийлари Жалолободда беш нафар жангарининг ҳалок этилганини айтишганди.

Сузоқ туманининг Сузоқ қишлоғида юз берган отишмалар саккиз соат давом этган.

Расмийларга кўра, амалиёт чоғида қишлоқ аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилган.

Ҳар икки ҳодисада жангариларнинг хориждан келгани айтилган, аммо Сузоқ туманидаги жангариларнинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари экани айтилганди.

Нишон Ўзбекистонми?

Қирғизистон расмийларининг баёнотларидан Жалолободдаги ҳодисаларда жангариларнинг қандайдир терорчилик амалиётига тайёргарлик кўрганларини тахмин қилиш мумкин, аммо уларнинг эҳтимолий режа ва нишонлари ҳақида расмийлар ҳозиргача аниқ -таниқ баёнот берганлари йўқ.

1999 йилдаги Боткен ҳодисаларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари Тошкентдаги тузумга қарши жиҳод эълон қилганликларини айтиб, Қирғизистондан ўзларига йўлак очиб беришни талаб қилишганди.

Қирғиз махсус кучларининг жангариларга қарши муваффақиятли, деб айтилаётган амалиётлари ўтган ой охирида Ўзбекистоннинг Хонобод шаҳридаги милиция назорат нуқтасига уюштирилган ҳужум ва камида икки инсоннинг умрига зомин бўлгани айтилган Андижондаги ҳудкушлик ҳужумлари ортидан содир бўлмоқда.

Олмонияда "Исломий Жиҳод" аъзолари экани айтилган тўрт киши устидан маҳкама давом этмоқда

Ўзбекистон жангариларнинг Қирғизистон ҳудудидан ўтиб келганини айтган, аммо қирғиз томони буни рад этган.

Айни пайтда таҳлилчилар жангариларга қарши сўнгги амалиётлар икки давлат махсус хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик натижалари бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Аммо ўзбек томони охирги икки ҳодиса юзасидан ҳеч қандай шарҳ бермаган.

Шу ой бошларида Москвада учрашган Президентлар Ислом Каримов ва Қурмонбек Бакиев чегарадаги вазиятни муҳокама қилганлар.

Айни пайтда душанба куни Ўшда Қирғизистон ва Ўзбекистон куч тизимлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган.

Ўшдаги мухбиримизга кўра, учрашувда, жумладан диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда ҳамкорлик масаласи муҳокама этилган.

Исломий Жиҳод

Ўзбекистон 25-26 май кунлари Андижон вилоятида юз берган ҳужумларда расман ҳеч қайси гуруҳни айбламаган, аммо интернетда "Исломий Жиҳод" гуруҳи номидан тарқатилган баёнот пайдо бўлган эди.

Баёнотда гуруҳ Андижондаги ҳужумлар учун масъулиятни зиммасига олган ва кўпроқ ҳужумлар режалаётганини айтган эди.

"Исломий Жиҳод" номи илк бор 2004 йил март-апрелидаги Тошкент портлашлари ортидан ўтган маҳкама жараёнларида тилга олинган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажраб чиққани айтиладиган ва Покистоннинг шимоли -ғарбий чегара минтақасида жойлашгани тахмин этиладиган гуруҳ Олмонияда террор ҳужумларини режалаганликда ҳам айбланган.

Гуруҳ мансублари экани айтилган уч олмон ва бир турк фуқароси 2007 йилда Рамштейндаги АҚШ ҳарбий базаси ва Франкфуртдаги аэропортга ҳужум уюштиришни режаланликда гумон қилиб, ҳибсга олинган.

Қораловчиларга кўра, айбланувчилар "Исломий Жиҳод иттифоқи"нинг Олмония бўлими аъзолари бўлганлар, бу ташкилот Ўзбекистонда ҳужумларни уюштирган ва "Ал-Қоида"га алоқаси бор деб кўрилади.

Таҳлилчилар қирғиз махсус кучлари ва жангарилар ўртасидаги сўнгги тўқнашувлар Покистон ва Афғонистонда жангариларга қарши НАТО амалиётларининг кучайгани натижаси бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Уларга кўра, Қўшма Штатлар бошчилигидаги коалиция ва Покистон ҳарбийларининг ҳужумлари марказий осиёлик жангариларни уйларига қайтишга мажбур қилаётган бўлиши мумкин.

Ўтган ҳафта Алматидаги хавфсизлик анжуманида нутқ сўзлаган НАТО Бош Котиби Яп Де Хооп Схеффер Афғонистондаги жангарилар Марказий Осиёга ўтишга урингани тақдирда НАТО уларни тўхтатиб қололмаслигини айтган.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy