Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 01 Декабр, 2008 - Published 14:31 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Таниқли шоира Ҳалима Худойбердиева-Би-би-си меҳмони
 
Ҳалима Худойбердиева
Ҳалима Худойбердиева-минглаб шеърий сатрлар муаллифи
Ҳалима Худойбердиева-Ўзбекистон Халқ шоираси, "Илк муҳаббат", Чаман", "Суюнчи тоғларим", "Бобо қуёш", "Иссиқ қор", "Садоқат", "Муқаддас аёл" ва "Тўмариснинг айтгани" каби қатор шеърий китоблар муаллифи. Шу билан бирга у- 5 фарзанднинг онаси, 9 набиранинг бувиси.

У 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Умматқул Худойберди ўғли ва Шафоат Хонназар қизи оиласида дунёга келган.

Онаси бўлажак шоира 2 яшарлигида
ҳаётдан кўз юмади ва унга холаси Қаршигул Хонназар қизи оналик қилади.

Ҳалима Худойбердиева илк шеърлари мактабнинг 7-синфида ўқиб юрган пайтлари туман газетасида босилиб чиққани ва "ўшанда Сирдарёга иш сафари билан борган марҳум Шароф Рашидовнинг
назарларига тушиб қолган"ини эслайди.

"Шароф Рашидов шеърларимни ўқиганларидан сўнг ўша вақтдаги вилоят ҳокими Носир Махмудовични чақириб, "шу қизчага эътибор бериш керак, у ўқишга бориши керак, ота-онаси билан гаплашинглар" деган эканлар. Шундан кейин уйимизга вилоят ҳокими Носир Махмудович борганлари ва отам билан гаплашганлари эсимда бор. Ва шу билан мен ўқишга келганман Тошкентга, бўлмаса у пайтлар қизларни ўқишга юборишмасди биз томонларда".

Ҳозирга қадар шиоранинг 16 та шеърлар ва битта публицистик асарлар тўплами босмадан чиққан.

Охирги насрий тўплами ҳақида гапираркан, Ҳалима Худойбердиева: "Бу-"Юрагимнинг оғриқ нуқталари", яъни жамиятдаги юрагимга оғриқ берган воқеа-ҳодисалар акс этган",-дейди.

Шоиранинг "Илк муҳаббат" шеърий тўплами 1967 йил у Тошкент Давлат Университетининг Журналистика факультетига биринчи курсда ўқиб юрган пайти нашр этилади.

Кўп ўтмай у Москвадаги Горький номли Жаҳон адабиёти институтининг Олий адабиёт курсларига ўқишга кетади.

Унгача эса, "Оқ олмалар", "Чаман" номли китоблари ҳам дунё юзини кўрганди.

Ҳалима Худойбердива Москвада икки йил-1975-1977 йилларда таҳсил олади. "У ерда ўтган икки йилни ҳеч қайси йилларга алмаштириб бўлмайди. Москва менга жуда кўп нарса берган. Мен у ерда дунё адабиётига кириб бордим десам бўлади...Ўша даврда ёзилган шеърларнинг ҳам руҳи бошқача",-дейди у.

Москвада "Фахр" ва "Оқ олмалар" шеърий тўпламлари рус тилида таржима қилинади. Кейинроқ эса, "Решимость" номли шеърий таржима китоб чоп этилади.

Ҳалима Худойбердиева "Ёш гвардия" нашриётида бўлим бошлиғи, "Саодат" хотин-қизлар журналида Бош муҳаррир сифатида фаолият олиб борган. Бундан ташқари у Ўзбекистон Аёллар қўмитаси раиси бўлган.

1994 йилда эса, шоиранинг турмуш ўртоғи -ўша пайтларда Президент Каримовнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган Мавлон Умрзоқов ишдан олинади ва унга ҳам ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш сўралади.

Шоира ўшандан сўнг икки йил турмуш ўртоғи қамоқда бўлган пайти уйдан кўчага чиқмаганини айтади.

"Кейинроқ, бир амаллаб ("Гулистон" деган журнал бўларди ўша пайтда), адабий ходим бўлиб ишга кирганман. Бу ишга одатда университетни тугатган ёшлар келишарди",- дейди у.

Қисқа муддат "Санам" номли журналда муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди.

Ҳалима Худойбердиева ҳозир нафақада ва ижод билан машғул.

Шоира халқ орасида севиб мутолаа қилинадиган "Суюнчи тоғларим", "Бобо қуёш", "Иссиқ қор", "Садоқат" ва "Муқаддас аёл" каби қатор шеърий тўпламлар муаллифи. Унинг қатор шеърлари таниқли ҳофизлар томонидан қўшиқ қилиб айтилган. Мана улардан бири:


Муқаддас аёл

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди.
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Аввал: "Кел-ей. Қучоғимга тўл, балқ", дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс "халқ" дедилар.
Ичолмагач юз ўгириб, шўр, талх дедилар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл,- деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим,- деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов ўтдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврада бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Бетакрор қалам соҳибаси Ҳалима Худойбердиеванинг Би-би-си тингловчилари саволларига жавоблари:

Би-би-си: Биринчи мактубимиз Америкадан. Бир Ўзбек номи билан хат йўллаган мухлисимиз, ижодингизга омад тилаш билан бирга "Ҳалима опа, мен сизнинг ижодингиз билан танишман ва сизни ўзбек шоиралари ичида энг иқтидорларидан бири деб биламан. Яна бир янги шеърий тўплам чиқариш ниятингиз борми?"-деб сўраганлар. Марҳамат Ҳалима опа.

Ҳалима Худойбердиева: Аввало катта раҳмат! Шунча денгизлар оша одамлар бизни ўйлаётганидан бошингиз осмонга етади. Ижодкор ҳали тирик экан, қўлида ҳали қалам юриб турган экан, у ҳамиша йўлда бўлади. Ҳамиша йўлда ва албатта, боягидек, битта яхши китоб чиқарсам, ўша яхши китобим ҳали чиққани йўқ деган нима...туради-да. Масалан, ҳар доим менинг хаёлимда энг яхши китобимни энди ёзаман деган ўй юради айланиб...Албатта, янги шеърлар ёздим, энди яна бир янги сайланма қиламанми, ниятим бор. Аввало, шуни эсимга солганларига раҳмат. Менинг ҳамиша ўйлаб юрадиган нарсамни айтдилар у киши. Ҳозир ўша янги тўпламдан битта шеър ўқиб беришим мумкин.

Би-би-си: Кейинги мактуб Қирғизистондан экан - "Ассалому алайкум Ҳалима опа, Сиз ўша 90-йиллар ўртасида анчагача кўринмай қолган пайтингизни эслайман. Бир куни қайсидир байрам арафасида телевизордан чиқиб, байрам табриги сифатида бўлса керак, сўзладингиз, "бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор", деб. Оиламиз билан жон қулоқ бўлиб тинглаганмиз. Ойимлар: "Ҳалима Худойбердиевани авф этишибди, худога шукур" деганлар.Шу пайтлар кўп шоир ёзувчиларни сиёсий айбловлар билан сиқувга олиш бошланганди. Сизнинг бу воқеаларга қанчалик алоқангиз бор?"

Ҳалима Худойбердиева: Мени шахсан ўзимни алоқам бўлмаса ҳам, ўшанда Президент девонида ишлайдиган хўжайиним қамоққа тушган эди. Шу қамоққа тушган вақти икки йил мен уйда ўтирганман. Уйда ўтирган пайтим бирор жойда бирор сатрим кетмаган. Унгача, айтайлик, ўша "Саодат" журналида ўн беш йил Бош муҳаррир бўлганман. Бош муҳаррир бўлиш билан бирга Аёллар қўмитасининг раиси эдим. Шундан кейин икки йил уйда ўтирдим, у одам қамоқдалигида... У одам қамоқдан чиққанларидан кейин, аста-секин, судралиб дегандай, бир журналга ходим бўлиб ишга борганман. Ҳалиги, институтни битирган вақтда ходим қилиб олишадику, адабий ходим қилиб, шунақа ходим бўлиб, ишга ўтдим. Мана шу гап...

Би-би-си: Нью Йоркнинг Бруклин мавзеидан савол йўллаган Жон: "Ассалому алайкум Ҳалима опа, илтимос оилангиз ва болаларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Оилангиздан кимдир шеърият йўлидан борганми?"- деб сўраганлар. Нью Йоркдан хат ёзган бошқа бир мухлисимиз Махмуд: "Ҳали ҳам Мавлон ака билан бирга умр кечираяпсизларми?"-дея савол берганлар. Марҳамат Ҳалима опа.

Ҳалима Худойбердиева: Нью Йоркдаги биродарларимизга катта рахмат, шунча қизиқиш билдирганлари учун бизнинг оиламизга. Ҳали ҳам Мавлон Бобожонович билан (кулади) бирга яшаяпмиз. Бирга яшаётганимизга анча йил бўлиб қолди. Бешта фарзандимиз бор. Мавлон Бобожонович ўзлари иқтисод фанлари доктори, Москвада ёқлаганлар. Менинг болаларим ҳам кўпроқ шу "ада" изидан кетишган. Менинг изимдан бораётгани, агар адашмасам, бир неварам бор, шундан умид қилиб турибман. Катта ўғлимнинг ўғли Мирзо Анвар. Шу йигитча ҳозир коллежда ўқияпти. Бир-икки йил бўлди, ора-сира ёзиб, ёдлаб юради, тез ёдлайди. Ўзим ҳам 7-синфда бошлаганман-да, ўзимда ҳам шунақа бўлган. Ҳа, оиламизга келадиган бўлсак,энг кичкина ўғлим Мирзоғолиб "Нархоз"( Тошкент давлат халқ хўжалиги институти)да ўқийди. Каттаси бизнес билан, ундан каттароғи Умидбек, Моҳгул Америкада куёви билан, иккита фарзанди бор. Ишлайди, ўқийди у ерда. Кейинги қизим Камолахон бу "Нархоз"( Тошкент давлат халқ хўжалиги институти)да магистратурада ўқийди. Катта ўғлим таможний (божхона қўмитаси)да ишлайди. Мана шу бизнинг оиламиз.

Би-би-си: Нью Йоркдан хат йўллаган Жон яна сўрабдилар: "Муқаддас аёл"ни қўшиқ ҳолда мириқиб эшитиб юрамиз. Мана шу шеърнинг яратилиш жараёни қандай бўлган ва ҳозирги ижодингиздан қандай мавзулар ўрин олган?"

Ҳалима Худойбердиева: Менинг назаримда бу "Муқаддас аёл" деярли ҳар бир аёлнинг ҳаёти билан боғлиқ мавзу десам бўлади. Умуман, адабиётда ўзи асосан ўзини ёзади ижодкор. Лекин, албатта у қўшимча сифатида, бошқаларнинг ҳаётидан йиғиб юради-да, асаларига ўхшаб. Ва улар мана шу яратилажак асарига қўшилади. Мана шунинг учун "Муқаддас аёл" учун ҳам алоҳида бир сабаб кўрсатолмайман. Бу менимча, ҳамма аёлнинг бошидан ўтиши мумкин бўлган воқеалар...

Би-би-си: Катта раҳмат Ҳалима опа! Кейинги саволлари ҳозирда ижодингизда қандай мавзулар ўрин олгани ҳақида эди.

Ҳалима Худойбердиева: Биласизми, "илгари мен кўпроқ мана бу мавзуда ёзар эдим, ҳозир бошқага ўтдим" деган фикр йўқ менда. Доимий мавзулар. Доимий ўша одамни безовта қиладиган, айтайлик хурсанд ёки қиладиган мавзулар мен билан. Юрак тирик экан, инсоннинг юраги, айниқса ижодкорнинг юраги бир таранг тортилган торга ўхшайди. Бир ҳодиса ёки бир нарса чертиб кетдими...мана битта мисол айтай, Самарқандда юбелейда эдим, кечқурун зиёфатда ўтирганимизда "бугун Чингиз Айтматов ўтибди", дейишди-да, қўлимдан вилка тушиб кетди тарақлаб...Ижодкорнинг юраги тортилган таранг торга ўхшайди-да, мана шунақа титроқдан асар яратади. Тушунтиролган бўлсам агар.

Би-би-си: Нью Йоркдан Махмуджон яна, "Ҳалима опа, биз ўрта мактабда сизнинг асарларингизни ўқиб катта бўлганмиз. Асарларингиз 90-йиллар ёшлари учун катта мактаб эди. Ҳозирги кунда ҳам шеърларингиз ўрта мактаб дастурларидан ўрин олганми?"- деб сўраганлар.

Ҳалима Худойбердиева: Бултурми...олдинги йилми? Икки йилми, уч йилми бор эди. Ўша "Бегим Сизни табиат" бор эди, "Доруломон кунлар келди" (Шерали Жўраев қўшиқ қилиб айтиб юради-ку, она ҳақидаги) бор эди. Мана шунақа учта-тўртта шеър бор эди. Бултур йўқ бўлиб қолди. Бу йил ҳам йўқ менимча.

Би-би-си: Кейинги савол марҳум Шароф Рашидов ҳақида экан. "У кишини сиёсатчи сифатида ҳурмат қиласизми ёки таниқли адиб сифатидами",- дейдилар Махмуджон.

Ҳалима Худойбердива: Иккала ҳолда ҳам, иккала ҳолда ҳам. Менинг ҳаётимга бевосита алоқадор бу одам. Шунинг учун ҳам бошқача ҳурмат билан қарайман. Мен 10-синфларда ўқиб юрган пайт Шароф Рашидович Сирдарё вилоятига борарканлар ва вилоят газетасида кўрарканлар. Кейин вилоят ҳокими Носир Махмудовични чақирар эканлар-да, шу қизчанинг ота-онаси билан гаплашиб, шу бу йил Тошкентга ўқишга жўнатиш керак деган вазифа топшириб кетарканлар. Бизнинг уйимизга боришгани эсимда бор, отам билан узоқ гаплашишгани эсимда бор. Тошкентга келиб қолишимга ҳам асосий сабаб шу одам -Шароф Рашидович бўлган. Кейин мен Москвада ўқидим икки йил. У ёққа борганларида ҳам мени чақиртирдилар. Ўзбекистон кунлари бўлди-да...Бу ердан борганлар ҳаммамиз ҳар доим унақа тадбирларда қатнашардик. Мурод Муҳаммад Дўст, Шавкат Рахмон раҳматли бор эди ўшанда. "Советский писатель" нашриётига чақиртирдилар мени. Борсам, Шароф Рашидович билан нашриётнинг директори ўтирган экан. "Китоб нима бўляпти?" деган саволни берганларида, "қизингиз ишламаяпти" деб у киши ҳазиллашди. Ўшанда "ёрдам берасиз" деган гапни айтиб кетгандилар раҳматли. Шундан кейин кўп ўтмасдан "Белое яблоко" китобим чиқди рус тилида. У киши битта менга эмас, жуда кўп одамга ўз ёрдамларини аямаган, айниқса ёзувчиларга. Кейин "Алвидо" отажоним демоққа тилим бормас, "марҳум" деб атамоққа дилим бормас" деган сатрлар билан бошланадиган катта шеър (ўшанда мен қизим билан касалхонада эдим) Шароф Рашидович бугун ўлган бўлса, эрталабгача ёзганим эсимда бор.

Би-би-си: Лондондан Шохрух: "Ҳалима opa, марҳум Шукур Холмирзаев 90-йилларда "Адабиёт ўлдими?" дея савол берганди. Бугун шу савол қанчалар долзарб деб ўйлайсиз?"-деб сўраганлар. Эдинбургдан исмларини ёзмай савол йўлланган мухлисимиз: Ҳалима опа, ҳозирги ёшлардан кимларнинг ижодини юқори баҳолайсиз?" дея фикрингизни билмоқчи бўлганлар.

Ҳалима Худойбердива: Ҳозирги ёшлардан...жуда ёш ҳам деб бўлмайдию буларни бироз каттароқ бўлиб қолишган, Эшқобил Шукур жуда иқтидорли, Салим Ашур-"Туркистон"ни редактори..."Инжа шоир" дейди бунақаларни, ҳалиги кўнгил шоирлари-да. Яна ҳам кейинроқда келаётганлар Гулжамол Асқарова...йигитлардан ҳам бор. Адабиёт ўлмайди, ҳеч қачон ҳам ўлмайди. Лекин, бироз бўлса ҳам лойқаланиб турганга ўхшайди. Аммо, бу лойқанинг тагидан зилол нималардир етилиб келаётгандек хаёлимда. Чиқаётган китобларда ҳам мана шу ҳолат. Бири, масалан, "шунга кетган вақтим" деб ўйлаб қолсангиз, иккинчисини ўйлаб туриб, бироз бўлса ҳам юрагинг ёришади. Менимча, кўнгилга қайтиш бўляпти. Адабиёт, Худо хоҳласа, яқин-яқин вақтларда яна ярқираб, шу олдинги ҳолат ўтади.Чиқиб кетаётганлар бор. Зулфия Қуролбой қизи бор насрда. Жуда чиройли, жуда оргинал, жуда дадил! Биласизми, бизда прозада аёллар йўқ ҳисоби эди. Ҳақиқий ҳаётни ёзаётганлар орасида мен ҳозир ўшани кўряпман кўпроқ-Зулфия Қуролбой қизи. Биринчи асарини ўқиганимда, умуман кечаси билан ухлолмай чиқдим. Ҳаётий бор воқеаларни кўрсатаяпти. Бизда бор воқеаларни кўрсатиш камроқ, камроқ эди, айниқса олдин. Ҳозир шунга ўтяпмиз. Бу- яхшилик аломати. Адабиёт ҳақиқатдан ҳам ўлмайди, ҳеч қачон ўлмайди. Чунки, ер юзида битта шоир яшаса ҳам, менимча, адабиёт ўлмайди.

Би-би-си: Мухлисларимиздан бири ижодингиздан намуналар ўқиб беришингизни сўраганлар. Марҳамат Ҳалима опа.

Ҳалима Худойбердива: Одам ҳамма ҳақида ўйлар экан, бир иши тушадиган одам ҳақида ўйлар экан, лекин уйимизда ўтирган онамиз эсимизга келмас экан. Ёки бирор бир учрашувда ўзингга жуда иштиёқманд одамларни олишни ўйларкансан, лекин уйингда ўтирган онангни биринчи олиб бориб ўтқизиб қўйишни ҳамма ҳам ўз вақтида ўйламас экан. Мана шундай аччиқ нарсалар бошимдан ўтганидан кейин ёзилган шеър. Ўз онам ва барча дунёдан ўтган онаизорлар хотирасига.


Би-би-си: Ҳалима опа, Би-би-си билан суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат! Ижодингиз бундан кейин ҳам гуркираб, яшнайверсин!
 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Сергей Ежков Би-би-си меҳмони
Сергей Ежков "Узметроном" ва ҳокимият ҳақида
 
 
Додожон Атоулло Би-би-си меҳмони
Додожон Атоулло озодлик, матбуот ва мухолифат ҳақида
 
 
Алишгер Ҳамидов Би-би-си меҳмони
Алишер Ҳамидов саволларга жавоб қайтарди
 
 
Дилором Исҳоқова Би-би-си меҳмони
Дилором Исҳоқова Рауф Парфи, шеърият ва сиёсат ҳақида
 
 
Зайнаб Хонларова Зайнаб Хонларова:
'50 йилдирки мен ҳамиша жонли овозда куйлайман'
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy