|
Муҳожир кундалигидан:
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
"Қозоқ синдроми" 6-қисм
Яна ажнабий тил нозикликлари ҳақида Аслида, бу каби ҳаракатларимизни “эээ, бормисан, Оврўпо!” деб ҳайқиришимиздан сағал илгари бир муддат нон-тузини татиганимиз қозоқ юртининг таъсирларидан бири, яъни аллақандай “қозоқ синдроми” тарзида ҳам тушуниш мумкиндир. Айтайлик, шу ўринда бовурларимиз тарихига оид бир латифа ёдимга тушди. Бу, тахминан, қуйидагича эди: --Бир замонлар ер юзида биргина қозоқлар яшаган экан. Жанубий ва Шимолий қозоқлар. Агар улар ўртасида жанжал ё бирор келишмовчилик юзага келса, муаммони қадимий қозоқ удумига кўра ҳал қилишар, ҳар икки томон эл ичра машҳур биттадан ботирини муҳораба учун ҳозирлар экан. Жанубий ва Шимолий ботир. Ҳар икки ботир Шимол ва Жануб қозоқ улуслари туташган жойга чордона қуриб, думбаларидан ёғ чакиллаб томаётган икки қўчқорни сихга тортар экан-да, сўнг қозоқ миллий спорти—қовурдоқларни паққос тушуриш билан шуғулланаркан. Кимнинг иштаҳаси карнайроқ бўлиб, кўпроқ гўшт еса, ўша ғолиб бўларкан. Ўшандан буён можаролар ўзаро ҳал қилинадиган жой эки-батыр деб атала бошланган. Ҳозирги “экватор” шундан қолган. Хуллас, муҳожирлик йиллари бир-бирини қувалаб ўтаркан, маҳаллийлар тилини ўзлаштиришимиз баробарида бу мамлакат харитаси ҳам шу тариқа тобора ўзбекча шаклга кириб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, ҳолландчани ўрганишимизга мутаносиб тарзда (балки билъакс тарзда) бу заҳматларимиз учун бир товон сифатида унинг масканларини (лоақал харитада) истило қилиб боряпмиз. Ҳозирча эса яна аллақанча “эгалланмаган” жойлар ўз навбатини кутиб турибди.
Бу ерда, Оврўпонинг Шимолий денгиз сувлари муттасил ювиб турадиган шимол қисмида жойлашган дўппидеккина Нидерландия ёхуд Ҳолландияда ўн олти миллиондан зиёд аҳоли туртиниб-суртиниб яшашда давом қилаётир. Улар кундалик муомалаларида “Оврўпонинг хитойчаси” деб аталган ҳолланд тилидан фойдаланишади. Айни тилга ушбу “мақом”нинг раво кўрилиши, албатта, унинг ўта мураккаб эканлиги билан изоҳланади. Бу ерда Марокаш ёҳуд Туркиядан 30-40 йиллар чамаси аввал келган бутун бошли жамоалар борки, суриштириб келсангиз, уларнинг аксари шу вақт мобайнида бор-йўғи энг оддий сўз бирикмаларини ўзлаштиришга “улгурганликларини” англайсиз. Албатта, улар бир жамоат ўлароқ ўзларининг тор муносабатлари доирасига ўралашиб қолганлар, шу сабаб озроқ нарса билан кифояланадилар, дейиш мумкиндир. Аммо Ҳолландияда 3-4 қовун пишиғи мавсумини ўзи ичига олган тажрибамдан келиб чиқиб, қатъий айтишим мумкинки, ушбу тилни ўрганишда асосий тўсиқ унинг ҳаддан зиёд мураккаб эканлиги ва шу билан бирга, дейлик, фаранг ёҳуд испан тиллари гўзаллиги қаршисида мутлақо ип эша олмаслигида. Ёки бир тилшунос танишим айтмоқчи, ўша Бобил минорасининг қулаши даврларида Тангри томонидан бошқа тилларга улашилган жозиба ҳолландчага насиб қилмай қолган бўлса ажаб эмас. Энг қадимий герман тили?..
Айни пайтда ҳолландлар ўз забонларини энг қадимий герман тили, деб ҳисоблашади. Ҳарқалай, кимки аввалроқ олмон тили билан шуғулланган бўлса, ҳолландчани ўзлаштириши осон кечиши айтиб келинади. Қолаверса, инглиз тили билимдонлари ҳам бу ажабтовур тилни ўрганишда у қадар аросатда қолмасалар керак. Негаки, ўзаклари инглиз ёҳуд олмонча билан айний бўлган сўзлар бу ерда ҳар қадамда учрайди. Масалан, бизга рус тили орқали кириб келган “галстук” бу ерда ҳам худди шундай-“halsdoek”, стул ҳам “stoel”, “шим” ёки Сурхон шевасига ўзлашиб кетган “брук” бу ерда ҳам “broek” (“oe” бизнинг “у” тарзида талаффуз қилинади), “zonnedeck” эса “зонтик”. Умуммуомалада бўлган мақола-ю ибораларнинг аксари эса шакл ва маънолари билан ўзимизникиларни ёдга солади. Етишиб бўлмас орзулардан чарчаган ҳолландлар, ҳафсалалари пир бўлгач, осонгина мақола билан қутулиб қўя қолишади—“Beter een vogel in de hand dan tien in de lucht”, яъни “узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши ” қабилида. Маҳаллий топонимияга ҳуружларимиз
Нафсиламбрини айтганда, муҳожирликнинг бири-биридан айтарли фарқ қилмас, янги воқеаларга ўта хасис кунлари ўтаркан, айрим
вақтларда турли машғулотларни ўйлаб топиш, шу орқали кунларга бир қадар ранг киритишга мубтало бўламиз. Ҳолландияни ўзбекчалаштиришга
уринишларимиз ана шу машғулотлардан бир шингилидир. Аслида бу ҳаракатларимизни маҳаллий топонимияга хуружлар сифатида ҳам
талқин қилиш мумкин. Аввало ўзимизнинг шаҳарчадан бошлаймиз—Vijfhuizen. Бу бизнингча “Бешқўрғон” ёки “Бешкапа” бўлади. Ёки бошқа “Driehuis” (“Учқўрғон”) ва “Zevenhuizen”(“Еттикапа”)лару “Hoofddorp” (“Каттақишлоқ”) Ҳолландияда ҳар қадамда учрайди—уларни истаганча ўзбекчалаштириб, мароқланаверасиз. Тўғридан-тўғри таржимаси унчалар мос тушмайдиган мураккаброқларини эса бир экспромт тарзида ўз талаффузимизга мослаштириб юборишимиз биз учун чўт эмас. Айтайлик, харитада шимолроқда жойлашган ва Ҳолландиянинг энг сара пишлоқлари кўргазмаси билан ном қозонган Alkmaar шаҳрини “Акмал” деб атадик. Ijmuiden шаҳарчаси эса “Иймолдин” ёки “Иймониддин” деган номга лойиқ топилди... Давоми бор
Давоми бор... |
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Ўзбекистон:'Болалар далага чиқарилмайди'15 Сентябр, 2008 | Bosh Sahifa
Сармоядорлар талаби: 'болалар меҳнатига чек қўйинг!'16 Август, 2008 | Bosh Sahifa
Ўзбекистон пахтасига оид тортишувлар кучаймоқда04 Феврал, 2008 | Bosh Sahifa
'Маркс ва Спенсер' ҳам ўзбек пахтасини харид қилмайди16 Январь, 2008 | Bosh Sahifa
Tesco ўзбек пахтасидан воз кечиш қарорида15 Январь, 2008 | Bosh Sahifa
Эстон ширкати ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатмоқда28 Ноябр, 2007 | Bosh Sahifa
Ўзбек расмийлари: 'болалар меҳнатидан 15-20 йил аввал фойдаланилган'31 Октябр, 2007 | Bosh Sahifa
Би-би-си ўзбек пахта даласидан фильм намойиш этди 31 Октябр, 2007 | Bosh Sahifa
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||