http://www.bbcuzbek.com

Феруза Жума: 'Дадамни бу мустабид тузумдан қутқаринг! '

Феруза Юсуфжон қизи шу ой бошида "Жаслиқ" қамоқхонасида сақланаётган отаси билан биринчи марта учрашишга муваффақ бўлганини маълум қилди.

Феруза Юсуфжон қизи учрашувга "базўр" чиққан отасини "умуман" танимаганини айтди.

Унинг даъво қилишича, қамоқхона зобитлари Юсуф Жумани бир неча ойдан буён тинимсиз калтаклашмоқда.

"Дадам озиб кетган. Аҳволлари жудаям оғир. Бошлари ғурра. кўкрак қафаслари, қовурғаларини синдириб ташлашган", - деди Феруза Юсуфжон қизи.

Феруза Юсуфжон қизининг отасига иқтибосан айтишича, қамоқхона зобитлари сўнги бор Юсуф Жумани "президент душманисан" деб калтаклашган.

28-ёшли Ферузанинг илова қилишича, Юсуф Жумани қамоқхона маъмурияти юқумли касалликка чалинган маҳбуслар учун ажратилган хонада сақлашмоқда.

Юсуф Жума Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиши ортидан ўтган йил декабрида ҳокимият вакилига бўйсунмаслик ва милиция ходимига тан жароҳати етказиш айбловлари билан ҳибсга олинган ва шу йилнинг апрел ойида беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

У билан бирга қамалган ўғли Машраб Жуманинг қайси жазо муассисасида сақланаётгани ҳозирга қадар номаълум қолмоқда.

Феруза Юсуфжон қизи дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, отасига ёрдам беришга чақириш ниятида эканини айтди.

Би-би-си билан суҳбатда у Ўзбекистон ҳукуматидан "на умидим, на ишончим қолган" деб таъкидлади.

"... Улардан ҳеч қанақа яхшилик кутмайман. Шунинг учун юқори ташкилотларга, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия элчихонасига мурожаат қилмоқчиманки, бу мустабид тузумдан қутқариб беринг дадамни!" - деди Феруза Юсуфжон қизи.

Феруза Юсуфжон қизи билан тўлиқ суҳбатни мана бу ерда тинглашингиз мумкин