|
Сизнинг ижодингиз
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
BBCUzbek.com веб саҳифасининг "Сўз Сизга" форумида бошқалар билан баҳам кўрмоқчи бўлган шеър, қисса ёки бошқа ижод намуналарингиз борми? Биз уларни "Сизнинг ижодингиз" рукни остида чоп этиш ва бошқаларнинг ҳам эътиборига ҳавола этиш ниятидамиз. (Эслатиб ўтамиз, барча асарларни Би-би-си таҳрир қилиш ҳуқуқига эга. Айрим асарлар Ўзбек хизматининг радио дастурларида ҳам эфирга узатилиши мумкин. )
Ўз ижод намуналарингизни bbcuzbek.com га йўлланг. Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ёда саҳифанинг ўнг томонидаги махсус формадан фойдаланишингиз мумкин. Биз сизнинг ижод намуналарингизни кутиб қоламиз!
Муаллиф ҳақида: Шарифжон Аҳмедов – 1969 йилда Андижонда туғилган. 1992 йили ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан шуғулланади. Айни пайтда Нидерландияда истиқомат қилади:
Қурумсоқ шубҳалар 'Шарифжон Аҳмаднинг ёзганларини бирор бир адабий жанрга солиш мушкул. Унинг таъбир жоиз бўлса, " битиклари" баъзида биз ўзимиз ҳам охиригача мантиғини " чиқаролмаган" хаёл оқимларига ўхшайди. Зотан, Бедил айтмиш " Бемантиқ афсона тутмиш оламни..." Шунинг учун ҳам бу битикларни ўқиб ундан дунёга устун бўладиган маънолар топишга уринишдан кўра, бу хаёлларнинг гўзаллигига мафтун бўлиш осонроқдир. Қолаверса, ҳар кун ҳам бу каби битикларни ўқийвермаймиз, ҳар ким ҳам уларни ёзишга журъат этмайди...' Chingiz Boy
"... соатингиз неччи бўлди? Соат билан ўсимтанинг ва ўсимта билан соатнинг ўртасидаги муносабатлар қай тахлит, уларнинг бир-бирлари билан ўхшаш жойлари -вақтлари - нимада дея ўйлаб-ўйлаб, шу саволларга жавоб топа олмай жоним ҳалак юради, жонсарак бўлиб юради. Аслида, ҳақиқатда, ўзи, барибир, ҳарҳолда, ҳарқалай соат билан ўсимтанинг ўртасида қандай ўхшашлик — фарқ бор-а? Дўппини, бор ва йўқ дўппини бир четга қўйиб бамайлихотир ўйлаб кўриш керак, агар, мабодо, борди-ю (борди ним-ю бормади нима), бирор кор-ҳол бўлиб, бу муаммо дўппини бир четга қўйиб бамайлихотир ўйлаб кўришга, «кўриш керак»ка буткул арзимас биргина пасткаш савол бўлса-чи, агар, мабодо, э-э тфуу-е, шундай пасткаш савол бўлса-чи, аммо барибир ўйлаб кўриш керак. Бунинг учун соат билан ўсимта бир-бирларига қарама-қарши қилиб қўйилиши лозим. Мана соат, мана ўсимта. --чиқ-чиқ-чиқ... Соат ўсимтани «Ёки мана бундай»дан кейинги --чиқ-чиқ-чиқ... Соат асли вазифасига кўра кун ва туннинг вазиятини вақти соати билан тасдиқдан ўтказиб туради. Аммо, бу вазифанинг устига устак, ашаддий оғмачи эканлиги боис тинмай ўсимтани койийверади: --чиқ-чиқ-чиқ... Соат ўсимтанинг олдида ўзини фалакда кўрса-да, унинг энг мўрт асосий хусусияти шу — вазифасига кўра у--мавҳум махлуқ. Ўсимта унинг олдида ҳар қанча бошини хам қилмасин, у барибир соатдан устивор. Ўсимта соатнинг чиққиллашини эшитаркан, эшитиб ётаркан, шу донишманд чиққиллаш таъсирида дам сайин мастона тебранади ва мастона юксалиб-ялпайиб (бўйи ва энига ўсиб) бораверади. Соат чиққиллайверади. Аммо барибир соат ва ўсимта, ўсимта ва соат ўртасида Ошкоралик: бу ҳикояни ўқиётган кимсанинг кўнглида, кўнглининг бир четида шундай киноя бор—соат билан ўсимтанинг, борингки, ўсимта билан соатнинг ҳам ўртасида ўхшашлик (фарқ) борлигини била туриб, сўзларни ҳар кўйга сола гапни айлантиряпти, ваҳоланки ўхшашлик (фарқ ҳам) бор (бормиди?...). Бироқ қўлим нон устида турибди: Бу ҳикояни «Ёки мана бундай»гача етказиб қўйдим ҳамки, икковининг ўртасидаги ўхшашликни (фарқни) тасаввур қила олмаяпман, ҳатто соат билан ўсимтани бир-бирига қарама-қарши қўйиб, уларни тадқиқ қилган кўйи мана шу «кўйи»гача қандай қилиб сўзлаб келдим, сўзлай олдим, сўзлаб бўлдим (шошма, яна бир дақиқа) — буни ҳам фараз қила олмайман. Шошма, яна бир дақиқа: Ёки мана бундай: Эрталаб уйғонгач, одатинг бўйича ҳозиргина кўриб битирган тушингни ёдингга келтира бошладинг. Бироқ, ҳарчанд уринма, узуқ-юлуқ кайфиятларнинг нимта-нимта қилинган парчалари киприкларингга тегар-тегмас кўзларингда чўкиб ўлаверардилар. Аммо сен учун зарур эди, сен учун тушдаги кайфиятларни қайта тиклаш зарур эди. Яна ўша ҳол. Нимталанган кайфиятлар ичра алоҳа алланималарнингдир шарпалари кезар, аммо уларнинг чегараларини белгилаб олишга қурбинг етмасди. Шарпаларнинг исми нима эди? Улар кимларнинг ва ё нималарнинг шарпаси? Айни шу саволларга жавоб ахтаришга тушдинг. Бу 310-хонами, бу осмондаги ойми... Унда нега улар кўм-кўк ва зангор? Шак-шубҳасиз тўхтамга келишингга ўзингни тадқиқ қилишни истамаётганинг панд бериб турганини тушунмасдинг. Аниқ хулоса чиқара олиш учун эса ҳар қандай хомхаёлни соқит қилиш зарур. Зотан, ҳар қандай хомхаёл аслида истак — ИСТАК. Ўз навбатида истак--ҳар қандай хомхаёлга баробар. Хомхаёлнинг қули эканлигинг шундаки, сен тушларингга ҳадеб 310- хона ва осмондаги ойни тиқиштираверасан. Сен тушларингда фақатгина 310-хона ва осмондаги ойни кўришни истайсан. Шу бугунги тушингдаги шарпалар ким ёки нима эди — ёлғиз Яратганга аён. Зеро, ўша шарпаларнинг ранги кўм-кўк ва зангор эди. Сен ҳар кунги тушларингни хотирангда қайта тиклар, ҳар бирини қат-қат қила китоблар орасига солиб қўярдинг. Бугун ишинг ўнгидан келмагани аниқ эди. Шу боис китоблар орасига жойланган бошқа тушларни бир-бировига чатиштириб юборар жазавага тушгандинг. Қип-яланғоч бўлган ҳолда оёқ-қўлларингни, қорин-тўшларингни назардан ўтказа бошладинг. Бирдан кўзларингни олиб қочдинг — киндикдан юқорироқда гурунч донасидай ғаройиб ўсимта вояга етаётган эди. Ўсимта тирик эди. У шамолда тебранаётган жажжи чинордек тиним билмай ўнг-сўлга эгилиб чайқаларди. Уҳ, лаънати,-дединг,-қачон орттириб олдим бу гўрсўхтани?! Бу бало дўконда ёпишдими менга? Ҳойнаҳой Шаффоф Денгизда чўмилаётганимда ёпишган менга бу лаънати. Шу кўйи жазава ўтида куяркансан, бир нарсанинг фаҳмига бормайсан. Худди мана шу ўсимта сенинг тушларингни заҳарлаётган, заҳарланган ҳар бир туш эвазига бўйи ва энига ўсиб бораётган эди. Чунки, унинг ранги кўм-кўк ва зангор. * * * Ўсимта кундан кун тўлишиб ва юксалиб борарди. Табиийки, сен ўзинг учун ва ундан кейин ўсимта учун ҳам яшашни истамайсан. Тўғрироғи, сен ўзинг учун яшайсан, яшай оласан; боз ўсимта учун ҳам кун кечириш эса... буниси бошқаларга ҳавола. Сен ўсимтадан тезроқ қутулиш йўлларини ахтара бошладинг. Дастлаб Катта Шаҳар Ҳамширасининг қабулида бўлдинг. Унинг ёнидан тарвузинг қўлтиғингдан тушиб қайтдинг. Ҳамшира сенга нималар деб вайсади—ёдингда йўқ. Бироқ қандайдир Муқаддас Қатл тўғрисида алланима деганини элас-элас эслайсан, холос. Ўсимтадан қутулиш учун бир қанча муолажа усулларини қўллаб кўрдинг ҳамки, ҳеч бир наф бўлмади. Ўсимта эса шумтака болакайнинг шўхлиги каби дақиқа сайин равнақ топиб борарди. Ўша кундан буён тушлар ҳам сени тарк этди. Вақт ва жойнинг чегараси бўлганидек, сенинг ҳам тоқатинг адоғига етди. Ҳар қандай азобга тайёр эдинг. Аммо, ўсимта билан қўлтиқлашиб юриш энг залворли гурзи эдики, бир кун уни шартта-шартта кесиб ташладинг. Ва унинг йиринглаб кетган қорнидан Пасткаш Қуёнчалар чопқиллаб чиқдилар. Чопқиллаб чиқдилар-да ҳар бири ҳар томон гумдон бўлди. Яна аввалги хуштаъм умринг бошланиб кетди. Минг қатла шукр дея қучоққа сиғмас тушларингни китоб-дафтарлар орасига яшириб қўявердинг. Шу кунларда қулоғингга бир гап чалинди. Доира ҳақида маъруза
Буни Борхес айтган эди. Инсонларнинг тилида борлиқни бутунича акс этказмас бирорта ҳам сўз йўқ. «Қоплон» дегани--бу уни дунёга келтирган бошқа қопланларни, у ов қилиб кун кечирадиган кийикларни, кийиклар озиқланадиган кўкатларни, кўкатларни вояга етказган заминни, заминни бунёд этган осмонни эслаш дегани. Ва мен тушундим, ўзаро бир-бирини тақазо этувчи бу битмас-туганмас чақириқларни Тангри тилида ҳар қандай сўз, яширин эмас, очиқдан-очиқ ва навбат билан эмас, балки бира тўла англатади. Борхес шундай деган. Бу жумлалар устида бош қотирар эканман, режани амалга оширишим, амалга ошира олишим учун келтирилган жумланинг фақат биринчи қисмигина зарурлигини биламан. Иккинчи қисми эса очиқдан-очиқ боши-кети йўқ ва чангалларидан қутулиб кетишнинг иложи бўлмаган олис тушларга элтиб ташлайди. Демак, менга «қоплон», «кийик», «кўкат», «замин» ва «осмон» керак. * * * Мен қаерда, қачон, қай маҳал доира бўлиб қолдим, айланасимон дум-думалоқ доира бўлиб қолдим, дея ўйларканман, менинг қисматим якка-ёлғиз эмас-ку ҳарҳолда, деган таскин билан овунаман. Мана, қаршимда ястаниб ётган пиёла, чинни ҳам доира, нега мен доира бўлмаслигим керак? Кўнгли айнаган Замин ҳам гир-гир айланяпти, гир-гир айланаркан, ўзи каби сон-саноқсиз қисматларни ўз бағрига қусяпти, бу қисматлар ҳам ҳаётларидаги пурвиқор ва ҳайратомуз воқеалар атрофида айланарканлар, худди ўзимдек «нега мен доирасимон мавжудотман» деган кўйи халқа-халқа саволларни чилдирма қилиб чалишяпти. Амалга оширмоқчи бўлган режамни бошқача тарзда тушунтиришим ҳам мумкин. Бу қуйидагича бўлади: ...қорнидан тизим-тизим қон оқаётган кўппак ўлим олдидан ўз думини ғажиш пайида бўлади. Шу туфайли ўзи билан ўзи овора, тўғрироғи, думи билан овора бўлиб бир нуқтада гир-гир айланади, айланаверади. Мен ҳали муттасил бир-бирларини қувалаётган ўлим-ҳаёт-ўлим-ҳаёт... ҳақида, жонсиз табиатдаги сон-саноқсиз ва узлуксиз эврилишлар, поёнсиз текислик бўйлаб ноқулай алфозда саф тортган ёш-ялангу қари-қартанглар ҳақида гапираётганим йўқ. Негаки, бу кўринишлар бошқа улкан ва абадий доиралар қаршисида бор-йўғи қурт-қумурсқа, қолаверса, улар тўғрисида фикр қилиш орқали ўша мен кўзлаган режани амалга оширишнинг ўзи шубҳа остида қолиши тайин. Думалоқ айланасимон доиравий фаолиятнинг яна бир қанча тусланишлари устида тўхталмоқчи бўларканман, ўша ёзувчи дўстим куни кеча ёзиб битирган ва куни кечадан буён ҳадеб бурним остига тиқиштираётган жумлалари хаёлимдан кетмаяпти: --Аждаҳо омбур тишларимга тақалмасидан чирқираб йиғлаганимдек сўқимга боқилган бузоқ ўтмас пичоқни кўриб ўкраб юборганидек бир шоир айтмиш газандалар маммасини кесганда ўз норасидасидан уялиб бошини хам қила ўлиб қўя қолган онадек кулбам не боисданлигин ўзи-да англамай ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қиқир-қиқир кулсайди бу юртнинг бир юртнинг ака-сингиллари бир-бирига уйланишса ва уларнинг чақалоқлари волида-ю валиаҳдларининг ортидан чопқилласайди қозиққа илинган кийимларимни мен эмас улар мени кийиб ўзларини қавмларимга кўз-кўз қилсайди ва Ватан миллат севикли инсон — ҳаётга ташланган кўпригимдан мосуво бўлиб энг қадрли бисотим — мудҳиш ўй-хаёлларим-ла ёлғиз қолсайдим сўнг эса бу бисотимдан-да айри тушиб Ватанга миллатга суюкли малакка эга бўлсайдим қайта жим тураверардим шунда ҳам жим тураверардим шунда ҳам... ва ҳ.к., ва ҳ.к. Ёки: --Сен ҳеч тушуна олмасдинг, сен ҳеч тушуна олмаяпсан ва сен ҳеч қачон тушуна олмасанг ҳам керак — нега, нега Сулув хона ичкарисига, 310-(уч юз ўнинчи) хона ичкарисига қадам қўйгани чоқ, ҳар гал қадам қўйгани чоқ шу зумда яна ва яна хонадан ташқарида қолаверади, нега ҳаммангиз қайта ва яна қайта хона ичкарисига кираверасизлару Сулув эса фақат ташқарига чиқаверади, нега унинг ўзи бу ҳолни сезмайди, нега сизлар — Маҳфуза, Дилфуза, Гулбаҳор ва сен бу ҳолни кўрмаётгандек, сезмаётгандек яна ва яна, шу тариқа чексиз маротаба ичкарига кираверасизлар, Сулув эса ташқарига, фақат ташқарига, устига устак чексиз маротаба фақат ташқарига чиқаверади? * * * Яна айланиб-ўргилиб ўша Борхесни туртиб ўтишга тўғри келади, аниқроғи «Хароба доиралари»ни. Доиралар хусусидаги маърузанинг дастлабки якуни қуйидагича: Албатта, барча нарса доира кўринишига эга, бу шаклни тасаввур қилишга ожизлар бўлса, кўз олдиларига миллий чолғу асбоби саналган чилдирмани келтирсин. Ва қолаверса, «доира»нинг ўзида доира маъносини кўз-кўз қилиб турган фикр мавжуд. Менга «қоплон», «кийик», «кўкат», «замин» ва «осмон» керак эди. Бу сўзларнинг устларидаги қўштирноқларни олиб ташлай қолайлик — қоплон, кийик, кўкат, замин ва осмон. Бундан шу нарса келиб чиқадики, улар бир-бирлари билан бир-бирларидан ҳеч юз ўгирмас оға-ини, ака-опа ва қуда-андадирлар. Доираларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам айни шу тақлид. Доираларнинг бир-бирови билан ўхшашлик жойи ҳам уларнинг доира эканлигида. Бундан мана бундай содда мантиқ келиб чиқиши табиий: барча доиралар бир-бирлари билан доимий алоқада, улар бир-бирларини бетўхтов тақозо этиб турадилар. Демак, ҳар бир доира ва умуман ҳамма доира «замин» ва «осмон»дирлар. Бироқ мен шуни истайман — думалоқ, дум-думалоқ доиранинг қаеридир қачондир, қаердадир, аммо барибир — дарз кетсин ва ўша жойдан, майли, бу бегона дунёга бегонасираб боқаётган, астагина даричадан пойлаётган, охир-оқибатда шаҳд билан отилиб чиқишга қарор қилган ва бу қарорини амалга оширган чақалоқнинг шиддати каби ишонч билан, тў-ўғри, ҳеч қандай қайрилишга ён бермайдиган, доиранинг ҳеч бир кўринишини ўзида пинҳон қилмаган тўғри чизиқ тўппадан тўғри кўкка шошилганча чопқиллаб чиқсин. Кейин... кейин бу Буюк Чиқишнинг нуқси барча ўзга шаклларнинг, демакки, барча доираларнинг кўзларини сўқир, ўзларини эса мохов қилсин. Истак. Истакнинг бағрида доимо лаззатли, хомхаёл орзу кулала бўлиб ётади, ётаверади. * * * Ва энг сўнгида ғажилган, тўла-тўкис еб битирилмаганидан «занг» босган олмани доирани нишонга олган кўйи улоқтириш
қолади: Доира ҳақида маърузага илова Пинак бузмасдан ухлаб ётган Ҳалимга, Салимга, Долимга (қай бирига — Долимгами, Салимгами, Ҳалимгами? — фарқи йўқ — фарқи бор) тикиларкансан, нега дейсан, нега одам ухлаётганида юзи ҳиссиз кўринади, туйғудан асар қолмайди, худди шу ҳолатида қорни тўйган қобонга ўхшайди, қорни тўйган қобонга ўхшаса-да, яна ва яна кимнингдир қорнини ёриб, иссиқ қонига тилини ботиришга чоғланган қоплонга ўхшайди? Нега туйғусиз туйилади одам ухлаб ётганида? Барча туйғулари балки тушларига кўчгандир, тушларида бетуш юзини тадқиқ қилаётганингни англаб, тушларидаги фаолиятини яна-да зўриқтираётгандир. Аммо, барибир юзлари нега бетуш ва бетуйғу? Нега бетуш ва бетуйғу юзларини тушларига олиб кириб кетмади, у ёқда шундоқ ҳам «туший» юзлар етарли бўлгани учунми? Унда уст-боши-чи, оёқлар орасига суқилган қўллар-чи, тушларда асқотмайдими бу қўллар? Ана, тушларда оёқлар орасига суқилсин бу қўллар! Умуман, ухлаган заҳоти бутун вужуди билан тушларига ўтиб кетмайди одам — нега? Сезиб турибсан — тушлар ҳақида сафсата сўқиркансан, биргина илинж бор сенда. Тушлар ҳақида сафсата сўқиркансан, мақсадинг “Доира ҳақида маъруза”га илованинг бир учини, “...илова”ни бошлай олишинг учун зарур бўлган учини тутиб олиш, холос. * * * Топдинг. Доиранинг бошланишини топдинг. Алдар кўса «Ернинг бошланишини топдим» деб қичқирганидек, сен ҳам шундай қичқириб топдинг доиранинг бошланишини. Навбатдаги тушингни кўриб, энди тамом қилай деб қолгандинг. Қандайдир тоғ устига чиқдинг. Чиқдингу унинг чўққиси шунчаки поёнсиз яланглик эканига амин бўлдинг. Эркак жинсига мансуб яланглик. Шу дам ухлашингдан олдин “ҳеч бўлмаса тушларимда доиранинг бошланишини топаман, қидириб, излаб бўлса ҳам барибир топаман” дея қарор қилганинг ёдингга тушди. Хаёлингга келган биринчи режани қўлладинг. Дуч келган бир таёқни олиб, кўзингни чирт юмганча улоқтирдинг. Таёқ қаерга тушди — билмайсан. Бироқ, ўша эркак жинсига мансуб яланглик бағрида қолганлиги аниқ эди. Сабабки, таёқ ерга урилган заҳоти ер, тўғрироғи, яланглик ихранганча бир қўзғалиб олди. Худди шу пайт қичқириб юборган эдинг. «Ернинг бошланишини топдим». Ҳайқириб ўрнингдан туриб кетдинг. * * * Ўрнингдан туриб кетган эдинг. Айни шу ўрнингдан туриб кетганлигинг учун ҳам сен мана бу нарсадан бехабар қолдинг: тушингдаги ўша яланглик, эркак жинсига мансуб яланглик аслида туш кўраётган, уйқуга кетишидан аввал тушларимда, ҳеч бўлмаса тушларимда доиранинг бошланишини топаман, қидириб, излаб бўлса ҳамки барибир топаман, топишим керак дея қарор қилган одам эди. Навбатдаги қарор қилган одам. Бу хулоса менинг тахминим. Бироқ, тахминимни тасдиқловчи исбот борки, бу--уйғонгач қўлтиғим остидан топилган таёқ ва кейинги тушим, доиранинг бошланишини топдим дея ўрнидан сакраб турган кимсанинг шодлигини кўрсатиб берган кейинги тушим. Осмондаги ой
Чамаси, бу ҳикоя шундай бошланади. Воқеани юзага чиқаришда муҳим омил ҳисобланувчи сабаб, айни шу воқеани келтириб чиқарган сабаб кетидан келувчи, тўғрироғи воқеани хотималовчи оқибат ва, энг асосийси, воқеанинг пойдеворини ташкил этувчи, ҳикоя қилиш мобайнида барча сўқмоқлар худди шунга келиб тақалиши шарт қилиб қўйилган бош жисм, бошқача қилиб айтганда, барча воқеалар ана шу бош жисмнинг чор-атрофида айланиши, гир-гир айланиши лозимлиги қоидасига нисбатан ҳар қандай шаккоклик муносабати қўлланилиши қатъиян маън этиб қўйилган... каби биринчи даражали ташкил қилувчи бирликларни ўз чизиғига, мана бундай тўўўғри чизиғига------------------------------------------------------------------------------қатор териб чиққан замонамизнинг адабий назарияси қоида-қонуниятларига асосланган ҳолда бу ҳикоя мана шундай бошланади. Осмондаги ой. Ён қўшнимиз ҳисобланган бу осмон жисми тўғрисида етарлича малакали билимга эга эмаслигимиз сабабли айрим ибтидоий тушунчаларимиз билангина чекланамиз. Баъзи бировларнинг назарида кўзларидан сўлим ёш оқизаётган етим қўзичоқ, яна кимларнингдир хаёл қилишларича, бесон-беҳисоб замонлардан буён суюкли ёрини кўзлари нигорон бўлиб кутаётган маъсума қиз бўлиб туйилган бу само жисмининг асли тарихи, ҳозирги замон фани қатъий ва ҳеч шак-шубҳага ўрин қолдирмайдиган ҳолда асослаб берганидек, қуйидагича: ...жуда кўп милён йиллар муқаддам Коинотда инсон тасаввур қилиши мумкин ва мумкин бўлмаган барча зиддиятларнинг ички ва ташқи кўринишлари бир бутун ҳолича ўзларининг энг юқори тадрижига етди. Ва шунда ортиқ пайсалга солиб туришнинг иложини қилиб бўлмас, мана шу «илож»нинг ўзини ҳам тилка-пора қилиб юборар Буюк Портлаш содир бўлди. Кўплаб самовий жисмларнинг хусусиятлари мутлақо ўзгариб кетди. Шу жараённинг натижаси ўлароқ, бу оламда янги-янги сайёралар кўз очди. Уларнинг қаторида бизнинг сайёра ва ой ҳам бор эди. Мана, ёнгинамизда учиб юрган қўшнимизнинг бунёд бўлиш тарихи қисқача шундай. * * * Зим-зиё кулба. Чалқанча ётган кўйинг туннинг кўксини эзғилайсан. Туннинг қитиғи бор. Туннинг кўксини силаб-сийпаганинг боис баттар қитиғи келади. У талтайтириб юборилган мушукча, қиқир-қиқир кулади.Бу машғулот жонингга теггач, «чирт» этказиб гугурт ёқасан, папирос тутунидан туннинг кўзлари ачишади, ачий бошлайди, шу дам негадир «тун эскириб қолди» дея хаёл қиласан ва бижғиб кетган овқатни тановул қилгандек кўнглинг беҳузур бўлади. Тундан кўнглинг қола бошлаганини туясан. Ҳе йўқ-бе йўқ унинг кўксига ортиқ ишлов бермай қўйганингдан аразлашга тушади. Тун йиғлайди, пиқ-пиқ йиғлайди. Сен азалдан кимдир йиғласа, яна худди ёнгинангда, айни шу қизгина каби терс ўгирилганча кўрпага бурканиб, пиқ-пиқ йиғласа, чидаб туролмасдинг, кўнглинг эзилиб кетади. Аста қизнинг яланғоч елкасидан тутасан-да, оппоқ кабутарникидай бўйнига лабларингни ботирасан, қўйгин, бас қил ахир, йўқса... йўқса ёстиқни жиққа ҳўл қилиб ташлайсан, ана унда томошани кўр — тойчоқлар болалаб кетишади, учқур қанотли тойчоқлар, менинг аҳволим нима кечади — бир ўйлаб кўргин ахир, улар сени мендан ўғирлаб кетишади-ку бўйинларига тақинчоқ қилиб, нима қил дейсан, нима қилсам кўнглинг чоғ бўлади сенинг, мана шу зангор тунни ҳайдаб юбора қолай кўппакдай ғингшитиб ёки... нима дейсан, ёки олиб берайми ойни, осмондаги ойни олиб берайми? Айт, олиб бер дегин, ҳозироқ, йўқ, эртагаёқ олиб бераман, хўш, ана-ана, ўзимнинг бароғим, бир жуфт, атиги бир жуфт мовий кўзлари бор мушукчам, айт — энди ҳеч қачон, ҳеч-ҳеч-ҳеч йиғламайман дегин. * * * Осмондаги ой. Менинг сочларим кўм-кўк ва зангор. Мушукчалар котибаси эса қўйнимда. Қўйнимдаги мушукчалар котибаси кўм-кўк ва зангор менинг сочларимни тўзғитган кўйи аллақандай қандолатлар ва... ва осмондаги ой ҳақда тинмай бидирлайди, «чайнамай шиминг» менинг жони дилим, нима? чай... э-э , шунақа ширинлик бор-ку, ўшани айтяпман, кўрга ҳасса қилиб номини ҳам «чайнамай шиминг» деб қўйибди, чайнаб ўтирмасдан шундай-шундай шимийверасиз, мана бундай — «чўлп-чўлп», қандай — мана шундайми — «чўлп-чўлп», ҳа-а, айёр тулки, аслида-ку ҳар ўпич учун биттадан ой тариқасида бож тўлашингиз кераг-а, бироқ сиз... пиқ-пиқ йиғи, яна терс ўгирилиш, яна кабутарникидай, оппоқ кабутарникидай биллур бўйинларга суйиб-суйиб лабларни ботириш, яланғоч елкалар, сўнг яна ўзаро битим ва осмондаги ой. Менга айтинг-чи, ўша осмондаги ойнинг таъми қандай экан-а, худди «чайнамай шиминг»ни ўзи бўлса керак, шундайми? Ҳали кўрасиз, кўзийизи олдида ўша ойни маза қилиб, чайнамасдан шимийман, қандай? мана бундайми — «чўлп»...», э-э йўқ, энди бу ҳунар кетмайди, ўша ойни олиб берганийиздан кейин бўлади иккинчи «чўлп», тамом-вассалом, «чўлп». * * * Сулув, -дейман- Сулув, осмондаги ой рози бўлмади бу ёққа келишга, бироқ барибир у сеники бўлади, уни қўлга киритишнинг яна бир йўли бор. 310-хонани биласанми? Ҳа, уч юз ўнинчи хона. Бугун ўша ерда кенгашимиз бор, ойни ҳам таклиф қилганмиз, бу ёққа келгиси йўқми, демак, ўзимиз унинг олдига боришимиз керак, розимисан? Хўп дегин — «хўп». Мана, 310-хона. Бу ерда Маҳфуза, Дилфуза, Гулбаҳор яшайди. Уларнинг сочлари кўм-кўк ва зангор. Сулув Маҳфуза, Дилфуза, Гулбаҳорни билмайди. Мен уларни бир-бирови билан таништираман. Бизга, дейман, биттагина ой керак. Марҳамат, дейди улар, мана эшик, бемалол беҳадик кираверинглар. Йўқ, дейман, ҳаммамиз бараварига кирамиз, саёҳат сўнгида эса ойнинг силлиқ тошларига бой қўйиб суҳбат қурамиз. Қаерда ва қай маҳал учрашишни келишиб, 310-хонага қадам қўйдик. Сен ҳеч тушуна олмасдинг, сен ҳеч тушуна олмаяпсан ва сен ҳеч қачон тушуна олмасанг ҳам керак — нега, нега Сулув хона ичкарисига қадам қўйгани чоқ, ҳар гал қадам қўйгани чоқ шу зумда яна ва яна хонадан ташқарида қолаверади, нега ҳаммангиз қайта ва қайта хона ичига кираверасизлар-у Сулув эса фақат ташқарига чиқаверади, нега унинг ўзи бу ҳолни сезмайди, нега сизлар — Маҳфуза, Дилфуза, Гулбаҳор ва сен бу ҳолни кўрмаётгандек, сезмаётгандек яна ва яна чексиз маротаба ичкарига кираверасизлар, Сулув эса ташқарига чиқаверади? * * * Саёҳатнинг лаблари бўзарди. Биз Сулув иккимиз қўлтиқлашиб, жимгина гўшамизга қайтдик. Зим-зиё кулба. Тун — қора чигиртка. Тун тинмай чириллайди. Сен қора чигирткани ёқтирмайсан. Тун баттар чириллагани сайин юрагинг эзилиб-эзилиб кетади. Мункар-Накирнинг гурзисидай муштинг бор. Мункар-Накирнинг гурзисидай муштинг билан «гурс» — тамом, туннинг миясини мажақлайсан. Сулув эса тинмай жаврайди, шундай, шундай қўрқинчли эканки у ер — «дод» деб юборай дедим, ёлғиз ўзим ҳали у ёққа чопаман-ҳали бу ёққа — қани қорангиз кўринса, бир маҳал ёнма-ён кетган тўрт жуфт изларни кўриб қолдим шу десангиз, орқа-олдимга қарамай шу излар кетидан чопдим, гўрдами! ҳеч ким кўринмайди, бир пайт соатга қараб, саёҳат тугай деб қолганини билдим, ўша белгиланган жойга чўкдим, чор-атроф папирос қолдиқлари, айтгандай — Сиз хуш кўрадиган хилидан (худди шу жойда Сулувни маҳкам қучиб, нимадир демоқчи бўласан. Бироқ демайсан, қучмайсан ҳам. Сулув эса сўзида давом қилади), хуллас, ҳали кутяпман-ҳали кутяпман ҳеч биринглардан дарак йўқ, охири «бор-е» деб изимга қайтдим. * * * Осмондаги ой. Осмондаги ой — бу бир капалак. Бироқ, мен буни истамайман. Сопқонга тош жойлаганча нишонга олаётган шумтака болакайнинг қўлидан тутаман, эй, дейман, эй Сиз, дейман, шошманг, шошмасангиз-чи ахир, сафар халталаримни олиб чиқай ҳеч бўлмаса, ҳеч бўлмаса сўнгги бор қайта ва яна қайта ичкарига кирайин, кириб олайин, сўнг ҳар гал ичкарига киряпман дея ўйлаб, ташқарида қолаверай, ташқарига чиқаверай, ҳеч бўлмаса, сўнгги бор кириб-чиқиб олайин. * * * Ва бир кун мени шумтака болакай йўқлаб келади. Дейдики, осмондаги ойни уриб туширишди, у бор-йўғи, атиги юнг-патлари
тўзғиган кабутар экан, сўқир кабутар, оппоқ сўқир кабутар экан. |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||