BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 03 Май, 2007 - Published 13:01 GMT
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
'Ўзбекистонда матбуотнинг аҳволи янада ёмонлашган'
 
"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти баҳолаши бўйича Марказий Осиё мамлакатларидаги матбуот эркинлиги аҳволи
Қизил ранг қийин вазиятдан, қора ранг эса матбуот эркинлигининг аҳволи жуда жиддийлигидан далолат, дейди "Чегара билмас мухбирлар"
БМТ ташаббуси билан ҳар йили 3 майда нишонланадиган Умумжаҳон Матбуот эркинлиги кунида дунё мамлакатларидаги матбуот эркинлиги аҳволи тўғрисида ҳисоботлар эълон қилинди.

Умумжаҳон Матбуот куни муносабати билан ЮНЕСКО Бош директори Коитиро Мацуура мурожаат билан чиққан, барча ҳукуматлар ва давлат идораларини журналистларга қарши содир этилган зўравонлик учун жазосиз қолишнинг кенг тарқалган муҳитига чек қўйишга даъват этган.

ЮНЕСКО Бош директори 2006 йил журналистлар учун энг ҳалокатли йил бўлгани - ўтган йили дунёда оммавий ахборот воситаларининг 150 дан зиёд ходими ўз вазифаларини адо этаётган пайтда нобуд бўлганларини таъкидлаган.

3 май муносабати билан АҚШда жойлашган Freedom House ноҳукумат ташкилоти жаҳондаги матбуот эркинлиги вазиятига бағишланган ҳисоботини эълон қилди.

Дунёдаги 195 мамлакатдаги аҳволга баҳо берган Freedom House 74 давлатдаги оммавий ахборот воситаларини эркин, 58 мамлакатнинг матбуотини қисман эркин ҳамда 63 мамлакатдаги аҳволни эркин эмас, дея қайд этган.

Freedom House ташкилотига кўра, дунёда матбуот эркинлиги йўқ деб кўрилган мамлакатлар рўйхат охиридан жой олган, 195-ўринда Шимолий Корея, ундан олдин Туркманистон, Ливия, Куба, Бирма жой олганлар.

190-ўринда Эритрея, Ўзбекистон 189-ўринни эгаллаган.

Freedom House рўйхатнинг сўнгги қаторларидан жой олган мамлакатларда матбуотнинг аҳволи олдинги йилга солиштирганда яхшиланиши ўрнига янада ёмонлашган, дейди.

Эркин матбуотнинг душманлари

Президент Ислом Каримов
Президент Ислом Каримов эркин матбуотнинг душманларидан деб кўрилган
Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти эса ўзининг ҳисоботида Ўзбекистонда хориж оммавий ахборот воситалари исён қўзғовчилар ёки террорчиларга тенглаштирилди, чет эл оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қиладиган ўзбек журналистлари эса таъқиб қурбонлари бўлдилар, деб ёзади.

"2005 йил 13 май Андижон воқеаларидан кейин ўзбек жамиятида бошланган шафқатсиз қатағонлар ҳокимиятни аввалгидан ҳам авторитар режимга айлантирди", дейилади "Чегара билмас мухбирлар"нинг ҳисоботида.

24 февралда ҳукумат янги қарор қабул қилди, унга мувофиқ, Ўзбекистон сиёсатини танқид қилишга журъат қилган хорижий оммавий ахборот воситалари мухбирларига муайян санкциялар қўлланиши мумкин, дейилади халқаро ташкилот ҳужжатида.

"Сентябрда икки мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров ва президентнинг жияни Жамшид Каримов қатағон қурбонлари бўлдилар", деб ёзади "Чегара билмас мухбирлар" ҳисоботининг Ўзбекистонга доир қисмида.

Ташкилот "Эркин матбуотнинг душманлари" номи билан мамлакатлар раҳбарларининг рўйхатини ҳам эълон қилган.

Собиқ Шўро Иттифоқи мамлакатларидан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларус Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов матбуот душманлари сифатида тилга олинганлар.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
ИЧКИ САҲИФАЛАР
ТАШҚИ САЙТЛАР
Би-БИ-Си ташқи саҳифа –сайтлар учун маъсул эмас
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy