BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 24 Октябр, 2006 - Published 15:27 GMT
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
Рўйхатда Ўзбекистон икки поғона пастлаган
 
"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти рамзи
Ҳисобот 2006 йил сентябригача бўлган муддатни қамраб олган
"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти жаҳон мамлакатларидаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятга бағишланган йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Рўйхатда 168 мамлакатдаги аҳволга баҳо берилган, матбуот эркинлигининг аҳволи энг ёмон деб кўрилган давлатлар "Чегара билмас мухбирлар" рўйхатининг энг
пастидан ўрин олган, улар
Шимолий Корея, Туркманистон,
Эритрея ва Кубадир.

МДҲ республикалари орасида Молдова 85-ўринда, Гуржистон 89-қатордан жой олган. Арманистон 101, Украина 106, Тожикистон 117, Қирғизистон 123, Қозоғистон 128, Озарбайжон 135, Россия 147, Беларус 151, Ўзбекистон 158, Туркманистон 167-ўринни эгаллаган. Ташкилотнинг матбуот эркинлиги тўғрисидаги 2005 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 156-ўринда бўлган.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, ҳатто АҚШда журналист ва блогчи Жош Волфнинг ўз видео архивини полицияга топширишдан бош тортганлиги туфайли қамоқ жазосига ҳукм қилинганлиги, "Ал-Жазира" тасвирчисининг 2002 йилдан бери Гуантанамо қамоқхонасида ушлаб турилганлиги сабабли матбуот эркинлиги вазияти салбий томонга ўзгарган. Би-би-си "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти вакили Жан Франсуа Жулиарддан матбуот эркинлиги аҳволини баҳолашда қандай мезонларга таянганликлари тўғрисида сўради.

Жан Франсуа Жулиард: Биз жаҳон бўйлаб мамлакатлардаги матбуот эркинлиги вазиятини ўрганиш учун 50 га яқин мезондан фойдаланамиз. Масалан ҳар қандай журналистнинг ҳаётига таҳдид, қотиллик, жисмоний ҳужум ё-да қамоққа ташлаш каби критерийларнинг ҳаммаси инобатга олинади.

Бундан ташқари матбуот эркинлигини чеклаши мумкин бўлган цензура, тайёр мақолаларнинг олиб қўйилиши ва мамлакатда мавжуд матбуот ҳақидаги қонунлар ҳам назарда тутилади. Шунингдек журналистларга нисбатан нафақат ҳукумат органлари ёки ташкилотлари, балки норасмий, шахсий, жангари гуруҳлар томонидан янграйдиган таҳдид ва пўписаларга ҳам қараганмиз.

Бу йил биринчи маротаба матбуот воситаларига эгалик мезонини ҳам эътиборга олдик, чунки журналистларнинг эркин фаолиятига ушбу ҳолат ҳам таъсир қилади.

Би-би-си: Бу йилги ҳисоботингиздаги рўйхатда Ўзбекистон анчайин пастдаги ўринда, 168 мамлакат орасида 158-ўринни эгаллаган. Агар ўтган йилги вазият билан солиштирилганда, бу нақадар фарқ қилади?

Жан Франсуа Жулиард: Ўзбекистондаги вазият ўтган йилги ҳисоботимиз вақти билан солиштирганда кўп ўзгармаган. Биз ҳануз Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги вазиятидан хавотирдамиз. Айниқса ўтган йилги Андижон исёнидан сўнг кўплаб журналистлар мажбуран мамлакатни тарк этганлар, яна кўплари ҳибсга олинган. Ҳозирда Ўзбекистогнда биронта ҳам мустақил матбуот воситаси мавжуд эмас.

Би-би-си: Нима учун ўтган йил давомида Ўзбекистонда кўплаб журналистлар тазйиқ остига олингани унинг фақатгина икки ўрин пастга тушганига сабаб бўлган?

Жан Франсуа Жулиард: Бунга сабаб шуки, Ўзбекистон шундоқ ҳам матбуот эркинлиги энг ёмон аҳволда бўлган 15 мамлакат ичида. Бу гурухда ҳаттоки бир поғонага тушишнинг ўзи ҳам катта салбий ўзгаришлар юз берганлигини англатади. Ўзбекистон ҳозирда матбуот эркинлигини жиддий равишда бузадиган мамлакатлар қаторидадир.

Би-би-си: Марказий Осиё давлатлари орасида рўйхатда нисбатан баланд ўринни эгаллаган мамлакат Тожикистондир, у ҳаттоки 123-ўринда бўлган Қирғизистондан ҳам юқорида. У ерда матбуот эркинлиги вазияти шу қадар яхшими?

Жан Франсуа Жулиард: Чунки биз охирги вақтларда Тожикистонда ва Қирғизистонда матбуотни чеклаш ҳаракатларини тобора камроқ кузатмоқдамиз. Албатта у ерда ҳануз фикрлар турфа хиллиги, мухолифатга тегишли нашрларга нисбатан ёвқараш каби ҳолатларни кузатмоқдамиз. Лекин вазият яхшиланиш томон кетмоқда, дея ишонамиз.

Би-би-си: Балки Қирғизистон мисолида бу кузатувлар тўғридир, лекин Тожикистонда масалан яқинда бешта интернет саҳифасини тақиқлашди, баъзи хорижий радиостанцияларнинг FM тўлқинлари бекор қилинди, буларни инобатга олганмисиз?

Жан Франсуа Жулиард: Афсуски, сиз тилга олган ҳолатлар бизнинг ҳисоботимиз тайёр бўлганидан сўнг юз берди, бизнинг ҳисоботимиз 2005 йил сентябридан 2006 сентябрига қадар вақтни қамраб олган. Фикримча, бу ҳодисалар туфайли келгуси йилги рўйхатимизда Тожикистон бир неча поғона пастга тушиши мумкин.


Eldor Asanov, Samarqand

Har narsaning o`ziga yarasha sabablari bo`ladi. O`zbekistonda matbuotni cheklash - uzoqni ko`zlab olib borilayotgan siyosatning bir qismi. Buni Yevropacha ong tushunishga qodir emas.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
ИЧКИ САҲИФАЛАР
ТАШҚИ САЙТЛАР
Би-БИ-Си ташқи саҳифа –сайтлар учун маъсул эмас
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy