BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 25 Январь, 2006 - Published 13:26 GMT
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
Нодира Ҳидоятова маҳкамага тортилган
 
Нодира Ҳидоятова ҳамда Санжар Умаров
"Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси икки раҳбари иши ҳам маҳкамада
Тошкент шаҳар маҳкамасида мухолифатдаги "Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси раҳбарларидан Нодира Ҳидоятова устидан дастлабки суд мажлиси ўтказилган. Маҳкамада қатнашган Нодира Ҳидоятованинг яқинлари у ўзини ғалати тутаётганига эътибор берганлар.

"Мен ўзимни ўзим ҳимоя қила оламан, шунинг учун ҳимоячи хизматига муҳтож эмасман",-деган маҳкама бошланишида Нодира Ҳидоятова.

Маҳкамада ҳозир бўлган ва бу қарордан ҳайратланган опаси Нигора Ҳидоятова, Нодира расмийлар томонидан руҳий босимга тутилган бўлиши мумкин, деган тахминни билдирган.

"Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятовага коалиция раҳбари Санжар Умаров билан бирга уюшган жиноий гуруҳ ташкил этиш, хориждаги сохта ширкатлар ҳисобига йирик миқдордаги маблағ ўтказиб, ноқонуний даромад топиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш айблари қўйилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мухолифатдаги "Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси раҳбарларини бир уюшган жиноий гуруҳ аъзолари, деб ҳисоблайди. Нодира Ҳидоятова беш турдаги иқтисодий жиноят содир этишда гумон этилиб ҳибсга олинганини тасдиқлаган прокурорлар.

 Нодира руҳий босимга тутилган бўлиши мумкин
 
Нигора Ҳидоятова

Москвадан қайтаётган Нодира Ҳидоятова ўтган йилнинг 19 декабр тунида Тошкент аэропортида ҳибсга олинганди.

"Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси раҳбари Санжар Умаров эса октябр ойида йирик миқдордаги маблағни ўзлаштиришда айбланиб ҳибсга олинганди.

"Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси мамлакатда иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилиб чиққан, унинг раҳбарлари Ўзбекистон расмийларини Андижондаги намойишни бостиришда айблагандилар.

Нодира Ҳидоятова Москвага сафаридан кўзлаган мақсади - "Россия жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистондаги вазиятга қаратиш" эканини айтганди.

"Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси фаоллари Нодира Ҳидоятова ҳамда Санжар Умаров ҳибсга олинишининг асл сабаби мухолифатнинг сиёсий фаолиятини тўхтатиш, деб биладилар.

Санжар Умаров устидан ҳам маҳкама жараёни бошланиши кутилаётир.

Нодира Ҳидоятова иши маҳкаманинг ёпиқ эшиклари ортида давом эттирилиши мумкин.

 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy