|
"Эрк" раҳбари Муҳаммад Солиҳ Британияда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
“Эрк” раҳбари Лондонда Марказий Осиё бўйича мутахасислар ва Британия парламентининг вакиллари билан учрашади. Муҳаммад Солиҳ Британияда Қироллик Ташқи Алоқалар институти ва ё Чатам Хоуз таклифи билан келган. “Эрк” раҳбари Чатам Хоузда Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар истиқболлари ҳақида маъруза килди. Муҳаммад Солиҳ мазкур сафари билан Ўзбекистондаги демократик кучларга кўпроқ дастак олиш ниятида эканлигини айтади. Муҳаммад Солиҳ Британияга келган илк ўзбек мухолифати раҳбаридир. Муҳаммад Солиҳ 1991 йилда Ўзбекистондаги президентлик сайловларида Ислом Каримовга ягона муқобил номзод бўлган эди. 1993 йилдан бери муҳожирликда яшаётган Муҳаммад Солиҳ Андижон воқеаларидан кейин Ғарб ва Ўзбекистон муносабатлари совуқлашар экан, Ғарб, хусусан Британия Ўзбекистон мухолифати билан муқобил мулоқотларни бошламоқдами? Ана шу савол билан Би-би-си Британиядаги Либерал - демократлар партиясидан парламент аъзоси Лембит Опикга мурожаат қилди. Лембит Опик: - Менимча, биз демократик принциплар мамлакат ташқарисидан эмас, балки ичкарисидан келишини эътироф этишимиз керак бу ўринда...Худди шу нуқтаи назардан, мен Британиялик сиёсатчиларнинг Ўзбекистонда демократия истаётганлар билан мулоқотда бўлишини табиий қабул қиламан. Аммо менинг назаримда, дейлик Ўзбекистонда инқилоб уюштиришга ҳомийлик ғоясини қабул қилиб бўлмайди. Менимча, муҳими бу каби мулоқотларда чуқурлашиб кетмасликдир. Муҳаммад Солиҳ масаласига келсак, масаланинг бир томони унга нисбатан муносабатлар билан ҳам боғлиқ... Ўзбекистон ҳукумати орасида уни “террорчи” деб танийдиганлар бор. Сиёсат тарихида зотан бу ҳам нормал бир ҳолатдир... Кимдир ким учун озодлик курашчиси ва бошқа бир ким учун террорчи... Менимча, Буюк Британия учун ким яхшию ким ёмон, деб қарор бериш жуда хатарнок бир иш бўларди. Аммо токи,Британия муносабатларни яхшилаш ва қолаверса, демократия равнақи учун ҳаракат қилишни истар экан, бунинг йўлларидан бири шахслар билан мулоқотда бўлиш ва улар билан бирга ишлаш, деб биламан.Умид қиламанки, мулоқот Ўзбекистон ҳукумати таркибидаги шахслар билан ҳам олиб борилади, аммо тушунаман, бу жуда мушкул вазифадир... Би-би-си: - Аммо Муҳаммад Солиҳ Британияга сафар қилмоқда ва айтиб ўтганингиздай, у Ўзбекистон ҳукумати томонидан террорчиликда айбланади... Шунда ҳам унинг Британияда бўлиши Муҳаммад Солиҳни яна ўзингиз айтганингиздай, “яхши одам”га айлантириб қўймайдими? Лембит Опик: - Менимча, Британияда айримлар Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистондаги сиёсий бир қарашларнинг муҳим бир вакили деб танишади. Аммо бу дегани биз фақат Муҳаммад Солиҳнинг фикрларига қулоқ тутамиз дегани бўлмаслиги керак. Британия Ўзбекистондаги барча гуруҳлар билан мулоқот қилмоғи мақсадга мувофиқ бўларди. Би-би-си: - Муҳаммад Солиҳ ўн йилдан ортиққи муҳожирликда истиқомат қилади. Гарчанд, у Ўзбекистонда демократик ислоҳотларга чақириб келаётган бўлса ҳам, унинг бугунги сиёсий салоҳиятини қандай баҳолаган бўлардингиз? Лембит Опик: - Албатта, айримлар Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда демократия яратади,деб ўйлашади. Аммо муҳожиротнинг узоқ йиллари давомида Муҳаммад Солиҳнинг мамлакатдаги кучлар билан алоқалари аввалгидай жиддий ва мустаҳкам бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам мен Британия Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар тарафдорлари билан ўта эҳтиёткорлик билан муносабат қилиши тарафдориман. Буюк Британия бошқа мамлакатларда сиёсий тузумларни ислоҳ қилмаслиги керак, аммо Британия соғлом мубоҳасалар учун замин яратиши ва масалан, турли сиёсий қарашдагилар билан Британияда соғлом мунозара ва мулоқотлар уюштириши мумкин. Би-би-си: - Умуман олганда, бугун Ўзбекистон ва Британия муносабатларини қандай баҳолаган бўлардингиз, айниқса, Андижон воқеаларидан кейин? Лембит Опик: - Андижон воқеалари, афтидан демократик бир кўринишлар - ҳаракатларни бостиришда давлат анчагина аралашганини кўрсатади. Бунга ўхшаш воқеани биз Хитойда Тянанмен майдонида кўрганмиз. Аммо шунда ҳам биз узоқдан туриб баҳо беришда эҳтиёткор бўлишимиз керак. Шубҳа йўқки, Андижон воқеалари Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга катта дарз етказди. Аммо мазкур масалада текширув ўтказиш имконияти доим мавжуд ва бу йўл билан аслида нима бўлганини аниқлаш мумкин... Мен Ўзбекистон ҳукуматига бу каби текширув натижаси нақадар мушкул бўлишидан қатъий назар, текширув ўтказишга рози бўлишни маслаҳат берардим... Текширувга рози бўлишнинг ўзиёқ муносабатларимизга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||