Аудиони юкланг

Юқори сифат mp3 (4.4 Mb)

Акрамжон ака: 'Олмониянинг ғалабасини ош билан нишонламоқчимиз'

17 Июн 2014 Сўнгги янгиланиш: 10:15 GMT 15:15 UZT

Бу гал Бразилиядаги жаҳон чемпионатига велосипедида бориш режаси амалга ошмай қолган марғилонлик ашаддий футболсевар отахон севимли миллий терма жамоасининг Португалия устидан йирик ҳисобдаги ғалабасини ана шундай байрам қилмоқчи.

"Оиламиз билан томоша қилдик. Бирам хурсандчилик. Бизнинг хонадонимизда кеча байрам бўлди. Фарзандларимнинг ҳар бири уйларидан туриб, менга телефон қилишди. Мен эса, хурсандчилигим ичимга сиғмасдан, йиғлайман. Нимагаки, "Бизнинг жамоа ютди деб", - дейди Акрамжон ака Маъруфжонов.

Икки миллий терма жамоа 'G' гуруҳи саралаш босқич беллашувларининг дастлабки учрашуви доирасида кеча душанба куни Бразилиянинг Сальвадор шаҳрида бир-бирларига қарши майдонга тушишганди.

Оврўпонинг икки олд миллий терма жамоаси ўртасидаги ўйин 4:0 ҳисобида Олмониянинг ғалабаси билан якунланганди.

Криштиану Рональду каби жаҳоннинг амалдаги "Энг зўр футболчиси" тўп сурган жамоанинг бу каби йирик ҳисобдаги мағлубияти кўпчилик футбол аҳлини ҳайратга солмай қўймагани тайин.

Жумладан, суҳбатдошимиз Акрамжон ака ҳам бу каби натижа ўзи учун кутилмаган бўлганини айтади.

"Мен ўйинда ҳисоб 3:1 бўлади, деб ўйлагандим. Яъни 3:1 га Олмония ютади, деб кутгандим. Чунки ҳозир Олмония миллий терма жамоасининг сафларига янги, янги ўйинчилар қўшилган. Ёш, ёш футболчилари етишиб чиққан", - дейди у киши.

Бу - 12 июн куни Бразилияда старт олган бу галги жаҳон чемпионатида қайд этилган иккинчи йирик мағлубият эди.

Ўтган ҳафта амалдаги жаҳон чемпиони Испания ўзининг илк учрашувида кутилмаганда ашаддий рақиби Голландияга 1:5 ҳисобида ютқазиб қўйганди.

Бу - Пепенинг майдондаги хулқ-атвори сабаб, Олмониядек рақибларига қарши 50 дақиқадан ортиқроқ 10 ўйинчиси билан тўп сурган Португалиянинг эса, илк бор ўз дарвозасидан тўртта тўп ўтказиб юбориши эди.

Марғилонлик суҳбатдошимиз севимли миллий терма жамоасининг ғалабаси ортидан, бугун эрталаб атайдан почтахонага бориб, Тошкентдаги Олмония элчихонасига табрик телеграммаси юборганини ҳам айтади.

"Бугун эса, қўни-қўшниларни чақириб, ош қилиб, Олмония миллий терма жамоасининг кечаги ғалабасини нишонламоқчимиз", - дейди Акрамжон ака.

Бразилия хаёли

Асл касби дурадгор бўлган 60 ёшли футболсевар суҳбатдошимиз шу йил бошида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида велосипедида Бразилияга бориб, Пеле ва Криштиану Рональду билан кўришмоқчи, ўзи ишқибозлик қилувчи Олмония миллий терма жамоасининг жаҳон чемпиони бўлишини кўрмоқчи эканини айтганди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, бу - Акрам ака Маъруфжоновнинг илк бор бунга ўхшаш ғайриодатий ва кишининг ақлини шоширувчи таклиф билан чиқиши эмасди.

У киши 2006 йилги жаҳон чемпионати пайтида ҳам мезбон Олмонияга велосипедда борган ва ўзлари оилавий бўлиб ишқибозлик қилувчи Мюнхеннинг "Бавария" клуби афсонавий дарвозабони Оливер Каннинг дастхатини ҳам олишга муваффақ бўлган.

Акрам ака Оливер Каннинг катта футболдан хайрлашув тадбирида ҳам шахсан иштирок этиб, унга ўзбекона зарбоф тўн ва дўппи кийдирган биринчи ва ҳозирча сўнгги ўзбекистонлик бўлади.

У киши Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатига ҳам бориш режасида бўлганликлари, аммо ўша пайтда қонларида шакар миқдори бироз баланд бўлгани учун, тиббий текширувдан ўта олмаганликларини ҳам айтганди.

Акрамжон аканинг Марғилондан биз билан сўнгги суҳбатида айтишича, асосий ҳомийси билан боғлиқ муаммолар сабаб, Бразилиядаги жаҳон чемпионатига бориш орзуси амалга ошмай қолган.

Аммо суҳбатдошимиз 2018 йил Россияда бўлиб ўтиши кутилаётган навбатдаги жаҳон чемпионатига нима қилиб бўлмасин, бориш режасида эканини таъкидлашни ҳам унутмайди.

"Бораман, менга ҳомий ҳам керак эмас. Пул, маблағ ҳам керак эмас. Лекин мен Аллоҳга таваккал қиламан. Аллоҳ ҳамиша йўлимни очиқ қилади", - дейди у киши.

Аммо, Акрамжон аканинг суҳбатимиз сўнггида бизга айтишича, агар ўша йилги жаҳон чемпионатига Олмония қатори, Ўзбекистон ҳам чиқиб қолса, албатта, ўз миллий терма жамоасига ишқибозлик қилади.

"Барибир, Ўзбекистон миллий терма жамоасига мухлислик қиламан. Нимагаки, Амир Тимур авлодларининг нимага қодирликларини бир дунё кўрсин", - дейди у киши.

Бразилияда 12 июн куни старт олган бу йилги жаҳон чемпионати эса, 13 июлга қадар давом этади.

'G' гуруҳида кейинги босқичга чиқиш учун Португалия, АҚШ ва Гана билан беллашаётган Олмония миллий терма жамоаси 2-тур учрашувини 21 июнда ўтказади.

Дастлабки учрашувлари ортидан, тўплар нисбатидаги фарқ билан гуруҳ пешқадами бўлиб турган бургутлар бу гал кеча душанба куни кутилмаганда АҚШ миллий терма жамоасига ютқазиб қўйган ганаликларга қарши майдонга тушишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002