Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Марказий Осиё давлатлари иттифоқи ушалмас орзуми?

8 Май 2014 Сўнгги янгиланиш: 13:21 GMT 18:21 UZT

Яқинда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Туркистонлилар қурултойида "зудлик билан" Ўрта Осиё давлатлари ҳамкорлик ташкилоти тузиш чақириғи янгради.

"Совет Иттифоқи тарқалиб кетгандан кейин, афсуски, давлатларимиз орасида ҳамкорлик ва халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш исталган даражада амалга ошмади. Халқаро сиёсат майдонидаги кейинги воқеалар, хусусан Қримнинг Русия тарафидан қайта ишғол қилиниши, Украинадаги воқеларнинг фуқаровий уруш томон кетаётгани, бу фожеавий воқеаларнинг тарихий исми Туркистон бўлган Ўрта Осиё ҳудудларига ҳам етиб келиши мумкинлигига ишорат қилмоқда. Бу эса халқларимизнинг асрлар давомида кутган ҳақиқий мустақиллигини ва тарихий ҳақиқатларга асосланган ҳамкорликларини йўққа чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам Халқаро Туркистонликлар қурултойи сизларни тарихий бир вазифани адо этишга даъват қилади. Бу зудлик билан Ўрта Осиё Давлатлари Ҳамкорлик Ташкилотининг тузилиши ва эълон қилинишидир", дейилганди Истанбулдаги анжуман якунида қабул қилинган баёнотда.

Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамиятининг биринчи қурултойида Марказий Осиё республикалари вакиллари, бу ўлкаларнинг юрт ташқарисидаги ватандошлари, минтақа сиёсатига ихтисослашган экспертлар тўпландилар.

Ташкилотчиларга кўра, жамиятдан кўзланган мақсад, туркистонликларни бирлаштириш, минтақадаги давлатлар ўртасидаги муносабатларда мавжуд муаммоларни ҳал этишда иштирок этиш, қадимдаги "Туркистон ҳамкорлигини қайта тиклаш"га ҳисса қўшишдир.

Аммо, Марказий Осиё давлатлари орасидаги қатор сиёсий муаммолар - чегара масалалари, ўзаро виза тизимлари, савдо-сотиқдаги келишмовчиликлар ташқари маданий ҳамкорлик ҳам Шўролар қулаши билан қарийб тўхтаб қолган бир пайтда бу каби мақсадларни амалга ошиши неқадар имконли?

Гулсевар Замон қурултой ташкилотчилари ва иштирокчиларининг фикрларини ўрганган