BBC navigation

Олти кун ўтиб: Ҳалиям ёрдам етиб бормаган минглаб жабрдийдалар бор

Сўнгги янгиланиш 30 апрел 2014 - 08:33 GMT
  • Ўтган пайшанба тунги ҳалокатли сув тошқинларидан жиддий жабр кўрган қўшни Афғонистон шимолидан олинган хабарларга кўра, ҳалиям умуман ёрдам етиб бормаган минглаб жабрдийдалар бор.

  • Кутилмаган табиий офат Афғонистоннинг Ўзбекистонга қўшни ўзбеклар зич яшовчи шимоли ва шимоли ғарбини ўз забтига олган ҳамда жиддий талофатларга сабаб бўлганди.

  • Жалаю дўл билан бирга ёпирилган сув тошқинларидан Афғонистоннинг, айниқса, Ўзбекистоннинг шундоқ биқинидаги шимолий Жаузжон, Сарипул ва Фарёб вилоятлари энг кўп зиён чекишган.

  • Ҳалокатли сув тошқинлари бу тўрт вилоятда жиддий инсоний талофатларга сабаб бўлишдан ташқари, минглаб уйларни ҳам буткул вайрон қилган.

  • Табиий офат сабаб ўн минглаб одамлар бошпанасиз, бор-будларидан мосуво қолишган.

  • Табиий офат электр таъминотини издан чиқарган, селлар юзлаб чақирим йўлларни ювиб кетган.

  • Сув тошқинлари минглаб уйларни ҳам ювиб кетган, боғ-роғ, экинзорларни буткул вайрон қилган, чорва молларини нобуд қилган ва катта сондаги одамлар ҳеч нарсасиз қолишган.

  • Агар, ўзи ҳам сарипуллик бўлган Афғонистон парламенти вакили Сайид Анвар Саодатнинг сўзларига таянилса, йўлларни сув буткул ювиб кетгани боис, орадан шунча кун ўтиб ҳам, қатор жабрдийда туманларга деярли ёрдам етказилмаган.

  • Фарёб Вилоят кенгаши котиби Ҳожи Абдул Боқийнинг биз билан суҳбатида айтишича, марказий ҳукумат ва халқаро ташкилотлар томонидан етказилаётган ёрдам бирламчи ва ҳаминқадар экани боис, қатор қўшни минтақа давлатларига кўмак сўраб мурожаат қилишган.

  • Айрим суҳбатдошларимизга кўра, баҳор мавсумида Афғонистоннинг шимолий ва шимолий шарқий минтақалари тез-тез сув тошқинларига саҳна бўлиб турса ҳам, уларнинг йўлини тўсиш йўлида ҳукумат томонидан бирор бир жиддий амалий чорага қўл урилмаган.

  • Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай шанба куни барча масъул идоралардан табиий офат жабрдийдаларига зудлик билан ёрдам беришларини сўраган ва вазиятни яқиндан ўрганиш учун минтақага ўз муовинини ҳам юборганди. Сўнгги табиий офат натижасида етказилган моддий талофатнинг миқдори эса, ўн миллионлаб афғоний экани тахмин этилмоқда.

  • Табиий офатдан энг кўп жабр кўрган шимолий Жаузжон вилоятида эса, ҳануз минглаб одамлар далаю даштда бир парча чодир остида қолишмоқда.

  • Ҳозир айрим маҳаллий хайрия жамғармалари томонидан уларга икки маҳал иссиқ овқат тайёрлаб, тарқатилаётгани, турли кўринишдаги бирламчи ёрдамлар етказилаётгани айтилади.

  • Жабрдийда вилоятлар масъулларига кўра, буткул вайрон бўлган уйларни қайта тиклаш ойларга чўзилиши ва бунинг учун катта миқдорда маблағ лозим бўлиши тайин.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.