BBC navigation

Шимолий Афғонистон: Ўн минглаб жабрдийда ёрдамга муҳтож

Сўнгги янгиланиш 27 апрел 2014 - 12:27 GMT

سيلابدن ضررلنگنلرگه ياردم ييتكزيب بيريلماقده

  • Афғонистоннинг ўзбеклар зич яшовчи уч шимолий вилоятида пайшанба тунги ҳалокатли сув тошқинлари ортидан, бор-будидан мосуво қолган минглаб одамлар бугун ҳам энг бирламчи ёрдамга муҳтож.
  • Агар, кутилмаган табиий офатдан энг кўп жабр кўрган Жаузжон вилояти ҳокими Боймурод Қўйинли жанобларининг сўзларига таянилса, уларга энг аввало чодир, озиқ-овқат, дори-дармон ва тоза ичимлик суви керак.
  • Бир неча соатлик кучли жалалар оқибатида келиб чиққан сув тошқинлари Жаузжондан ташқари, Фарёб ва Сарипулда ҳам минглаб уйларни буткул вайрон қилган. Бошпанасиз қолган одамларнинг сони эса, ўн минглабдир.
  • Бу уч вилоят масъуллари имкон қадар уларни хавфсиз ердаги мактаб ва масжидларга жойлаштиришга ҳаракат қилишаётганини айтишади.
  • Табиий офатдан ўзларичалик жиддий жабр чекмаган яқинларининг уйларидан вақтинчалик бошпана топган жабрдийдалар ҳам оз эмас. Аммо сонлари катта эмасми, бугун ҳам кунини очиқ осмон остида, далаю даштдаги бир парча чодир тагида ўтказаётганлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
  • Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай шанба куни барча масъул идораларга жабрдийдаларга зудлик билан ёрдам беришларини буюрганди. Бугун якшанба куни эса, афғон раҳбарининг муовини талофат кўламини яқинда ўрганиш учун Афғонистон шимолига сафар қилмоқда.
  • Марказий ҳукумат табиий офатдан энг кўп жабр кўрган шимолий Жаузжон вилоятига нақд пул кўринишида бир миллион афғоний юборган. Вилоят масъулларига кўра, бунинг устига яна 2 миллион афғоний ажратишга ҳам ваъда қилган. Аммо ўн минглаб жабрдийданинг бугун фавқулодда ва бирламчи амалий ёрдамга муҳтож экани айтилади.
  • Ҳар уч шимолий вилоят масъуллари жабрдийдаларга ўз кучлари билан қўлларидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилишмоқда. Бугун уларнинг ёнларига тожиру кўнгиллилар ҳам қўшилишган. Жабрдийдаларга турли кўринишдаги ёрдамлар етказиш бошланган.
  • Афғонистон парламенти ҳам жабр кўрган минтақага ўз ҳайъатини юбориб, вазиятни яқиндан ўрганиб, шунинг асосида марказий ҳукуматдан лозим даражада кўмак етказишини сўрамоқчи.
  • Пайшанба тунги ҳалокатли сув тошқинлари қурбонларининг сони эса, ҳозирга келиб биргина шимолий вилоятларнинг ўзида юздан ортган. Ҳалиям ўнлаб кишиларнинг дараги йўқ. Қурбонлар сони бундан-да ошиши кутилмоқда. Афғонистон шимоли бу яқинларда бунга ўхшаш ҳалокатли сув тошқинларига саҳна бўлмаганди. Кеча шанба кунидан бошлаб, шахслари аниқланган жасадларни яқинлари тупроққа қўйишни ҳам бошлашган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.