BBC navigation

Эркин ибодат барчанинг ҳаққи

Сўнгги янгиланиш 1 апрел 2014 - 13:54 GMT
  • Афғонистон сунний ислом етакчи мамлакат, аммо тарихан бу юртда бошқа мазҳаб ва тариқатларга нисбатан бағрикенглик анъанаси мавжуд. Шиалар Муҳаррам ойида бемалол муқаддас туғларини тавоф қилишади. (Суратлар ва матн муаллифи: Рустам Қобил)
  • Шиа мусулмонлари ўз маросимлари чоғи маҳалла ва уйларини мазҳаблари талабига мос безата оладилар. Бугун мусулмон оламида сунний-шиа низолари қанчалик авж олмасин, Афғонистон бу масалада энг тинч-тотув мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.
  • Балхлик шиа ўспирин ўз дўконида Имом Ҳусайн суратини ҳам қўйган. Суннийлар учун бу амал неқадар ғайриисломий туюлмасин, улар шиаларга қаршилик кўрсатишмайди.
  • Шиалар билан дўстлик ва тинч-тотув қўшничилик одатий ҳолат, лекин оила қуриш ва мазҳабни ўзгартириш ўта ҳассос масала. Сунний йигит Абдулшопур шиа қиз Фараҳнозга уйланган. Аммо уйда кимдир касал бўлиб қолса ҳам, кўплар буни шиа-сунний никоҳига боғлайди.
  • Ўзбек йигит Гулмуҳаммад Шиа мазҳабини қабул қилгач, айрим қариндошлари у билан алоқани узган, ҳатто оиласи тарқаб кетишига оз қолган. Аммо у янги инончидан воз кечгани йўқ.
  • Мозори Шарифда Нақшбандия ва Қодирия сўфийлари зикр тушишмоқда. Афғонистонда айрим Толибон вакиллари тасаввуфни қарийб куфрга тенглаштирса ҳам, барибир, сўфийлик йиғинлари ҳамон сақланиб қолган.
  • Балхдаги мадраса мударриси Абдулғаффор Ҳаққоний эса баъзи сўфийлик тариқатлари бузилган, деган фикрда. Хусусан, мусиқа ижро этиладиган сўфий йиғинлари Исломга мос эмас, деб айтади.
  • Мамлакатдаги энг муқаддас гўша - Мозори Шарифдаги Ҳазрат Али мақбарасида сўфийлар учун хонақо ажратилган. Бу ерда мақому муножотни эслатувчи сўфий ибодатларига ҳам гувоҳ бўласиз.
  • Афғонистон учун миллий бирдамлик муҳим ва бу диний ҳамда мазҳабий муносабатларни ҳам қамраб олади. Асадия мадрасасида ҳозир муллабаччалар шаробу ёр тасвирланган сўфий шеъриятини ҳам ўрганадилар.
  • Сўфий адабиёт барча афғонларнинг фахри. Университет талабалари Сурайё ва Абдулраҳим учун Мавлоно Рўмий ва ё Ҳофиз ижодини билмаслик - уят.
  • Оддий одамлар учун эса тасаввуф бу зиёрат, сўфийлардан мадад тилашдир. Балхга зиёратга келадинган одамлар қўриқчилар ё пирларга пул ташлаб кетишади. Бу одат аввалдан бўлган, аммо Ислом келгач ҳам, унга аралашиб, сақланиб қолмоқда.
  • Ёш сўфий Нақибулло эса қабрларни тавоф қилишни у қадар хушламайди. Унинг назарида сўфийлар илоҳий қудратга эга авлиё эмас, балки қалбан Оллоҳга яқинлашган одамлардир.

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.