2013 йил оламдан ўтганлар...

31 Декабр 2013 Сўнгги янгиланиш: 14:18 GMT 19:18 UZT

2013 йил оламдан ўтганлар...
Венесуэланинг коммунист президенти Уго Чавес саратон касаллиги боис оламдан ўтди. Унинг аксилкапиталист мавқеи замонавий дунё раҳбарлари орасида кам учрайдиган ҳолат. Марҳум президент тарафдорлари наздида, у тенгликка асосланган тузум ғояларини қайтадан тирилтирган инсонлардан бири бўлиб қолади.
Британия баронесса Маргарет Тетчер билан билан видолашди. Собиқ бош вазирлик даврида миллионлар меҳри ва нафратига эришган консерватор сиёсатчи ёки "темир хотин" дафн маросими қиролларга хос адо этилди.
Британияда яна бир таниқли шахс - миллиардер қочқин Борис Березовский кутилмаганда бандаликни бажо келтирди. Ҳижратда ватанини соғинган Березовский ҳатто Президент Путинга хат ёзиб, Россияга қайтишига изн беришни сўраган экан. Аммо бу орзуси ўзи билан қабрга кетди.
Покистон Толибони раҳбари Ҳакимулла Маҳсуд ўлдирилди. Минглаб инсонлар ўлими учун айбдор кўрилган исёнкорлар раҳбари боши учун АҚШ 5 миллион доллар тиккан эди.
Ҳинд киноси юлдузларидан Жиа Нафиса Хон (ўртада) ўз жонига қасд қилди. Болливудга шиддат билан кириб келган бу ёш муслима актрисани не сабаблар худкушликка етаклагани мавҳум қолмоқда.
Ўзбекистонда эса энг кўп ўқилган ёзувчилардан бири - Ўткир Ҳошимов оламдан ўтди. Муаллиф қаламига мансуб "Дунёнинг ишлари" ва "Икки эшик ораси" асарлари ўзбек ўқувчилари орасида жуда машҳур. (Сурат Муҳаммад Исмоилнинг Фейсбук саҳифасидан олинди).
Ўзбекистон мусиқа ва ашулачилигида катта ўрин тутган санъаткор Коммуна (Уллибиби) Исмоилова ҳам вафот этди. Коммуна ая Совет даври санъати осмонида парвоз қилган илк қалдирғочлардан эди. ( Сурат "Озодлик" радиоси вебсаҳифасидан, бош саҳифадаги санъаткор акси эса uforum.uz вебсаҳифасидан олинди).
Россияда машҳур АК-47 қуроли кашфиётчиси Михаил Калашников 94 ёшида бу дунёдан рихлат қилди. Унинг қуроли жаҳон бўйлаб кўплаб урушларда ҳамон қўлланиб келинади ва мутахассислар назарида бу энг ўнғай ва оммабоп қуролдир. Бироқ, барибир, қурол кашфиётчисини зиддиятли шахс, деб атайдиганлар ҳам озмунча эмас.
Ва ниҳоят дунё Нелсон Мандела билан хайрлашди. Апартеидга қарши курашгани боис умрининг 27 йилини қамоқда ўтказган, аммо демократия, тенглик ва инсон ҳуқуқларига содиқ қолган Мандела мероси бутун жаҳон учун беқиёс. Жанубий Африканинг илк қора танли президентига қўйилган ёдгорлик ҳам сизга фақат хуш кайфият бағишлайди.