Шаҳрисабз ё соҳибқирон юртида

9 Сентябр 2013 Сўнгги янгиланиш: 14:55 GMT 19:55 UZT

Шаҳрисабз ё соҳибқирон юртида
Самарқанддан автомашинада жануб томон йўлга тушсангиз, ярим соат ичида Тахтақарача довони устидан чиқасиз. Пастда эса Зарафшон ва Ҳисор тоғлари этагида эгизак шаҳарлар - Китоб ва Шаҳрисабз ястаниб ётади.
Довон бўйлаб ҳар қадамда Қашқадарёнинг маҳаллий таоми бўлмиш тандир кабоб сотилаётган дўконлар тизилган. Ҳайдовчилар Самарқанд ва Тошкентдаги дўст ё қариндошлари учун "тандир гўшти" сотиб олишади.
Оқ Сарой харобалари - Шаҳрисабзнинг бош рамзи ва олти асрдан бери энг баланд биноси. Амир Темур ўз она шаҳрида минтақадаги энг улкан пештоқли сарой тиклаган. Ҳозир пештоқ йўқ. Кексаларнинг айтишича, большевиклар ҳам илк келган кезлари Оқ Саройни портлатишга уринишган.
Амир Темур тириклигида ўзи учун она шаҳрида ер ости мақбараси қурдирган. Аммо тақдир тақозоси билан Самарқандда дафн этилган. Шаҳрисабздаги ер ости сағанаси эса ХХ асрда, ўйнаб юрган бир болакай ер остига тушиб кетгач топилган, дейишади.
Гулдор ҳамда анъанавий кийимли маҳаллий аёллар ва дўппили эркаклар орасида баъзан хорижий сайёҳларни учратиш мумкин. Одамлар ҳозир яна сайёҳлар кўпаётгани ҳақида айтишади.
Шаҳрисабзда ўзига хос ҳунармандчилик ва каштачилик мавжуд. Қадим зардўштий инончларига ҳам тақаладиган "чаён нусха", "офтобпараст" ва "анор" нақши туширилган дўппилар ёнида сумка, қопчик ва ёстиқпўшлар ҳам пайдо бўлган. Шаҳрисабзда 19-асрда тикилган шу каби "чаён нусха" чопон ва этик Британия музейларида ҳам намойиш этилган.
Ўзбекистоннинг фақат тўртта шаҳрида чорсу бор. Шаҳрисабздаги "Чорсу" тими эса ўтган асрда аввал нон бозори, кейинроқ атторлик дўкони бўлган. Ҳозир ҳунармандлар миллий кийим-кечак ва ёдгорликлар сотишади.
Бозорда носфурушлар учун махсус расталар ажратилган. Тилло тишли опанинг носи бутун шаҳардаги носкашлар орасида машҳур экан. Аммо опахон бизга тилло тишини кўрсатмади.
"Кўк гумбаз" масжидини Улуғбек ўз отаси Шоҳруҳ Мирзо номидан тиклаган ва Самарқанддаги Бибихонимдан кейин мамлакатнинг иккинчи йирик гумбазли тарихий иншооти саналади.
Бозорга кираверишда исириқ ёки маҳаллий халқ айтмоқчи "ҳазорисфон" сотаётган аёл. Исириқ ҳамон минтақада инс-жинсдан асровчи тутатқи ҳисобланади. Замонавий тиббиётда қўллаш учун Шаҳрисабз яқинида исириқ (гармала) ишлаб чиқилади.
Жаҳонгир мақбараси эса Амир Темурнинг бевақт вафот этган тўнғич ўғли дафн этилгани учун унинг номи билан аталади. ХХ асргача бу мажмуанинг жуда кам қисми етиб келган.
Гумбази Сайидон ва Шайх Шамсиддин Кулол мақбаралари. Манбаларга кўра, Амир Темурнинг исмини ҳам айнан Шайх Шамсиддин қўйган.
Эски шаҳар. Кечки бозордан қайтаётганлар.
Доруссаодат мажмуасидаги кўп асрлик масжид.
"Ҳазрати Имом" масжиди яқинидаги маҳалла. Қадимги Чармгар, Кулоллик, Мурдашуй-гузар, Аспижаллоб, Арабон ё Жуҳудон маҳаллаларидан кўпчилиги ҳамон сақланиб қолган.
Тор кўчалардан обидаларни оралаб юрганда, баъзан ўзингни тарихга тушиб қолгандек ҳис қиласан киши...