Аудиони юкланг

Юқори сифат mp3 (4.8 Mb)

Афғон паспортида миллат ёзилмаслиги ўзбекларни ғазаблантирмоқда

4 يونيو/ حزيران 2013 Сўнгги янгиланиш: 12:05 GMT 17:05 UZT

Ўзбеклар Генерал Дўстумни ҳатто Президент Карзайдан кўра кўпроқ қўллашади

Афғонистондаги аксар ўзбеклар етакчиси ва Миллий Исломий Уйғониш фирқаси раҳбари Генерал Абдулрашид Дўстум мамлакатда жорий этилаётган янги паспортларда миллат кўрсатилмаслигини танқид қилган.

Ўзбек тилидаги Ботир-ТВ хабарига кўра, Генерал Дўстум янгича паспортларда миллат кўрсатилмаслиги барча миллатлар ҳақ-ҳуқуқларини тўла акс эттирмайди, деб норозилик билдирган.

Афғонистон паспорти барчани афғон, деб билади. Афғон калимаси эса кўпинча мамлакатдаги энг кўп сонли паштунларга нисбатан ишлатилади.

Бироқ қатор тожик, ҳазора ва ўзбеклар вакилларининг хавотир изҳор этишича, уларнинг миллати кўрсатилмаслиги натижасида барчани афғонлар ёки паштунлар таркибига сингдириб юбориш мақсади бўлиши мумкин.

Айниқса, қатор ўзбек ёшлари токи ўзбек, деган миллат номи кўрсатилмаса, паспорт олмаслигини айтишмоқда. Шу пайтгча минглаб ўзбеклар шимолий Афғонистоннинг турли минтақаларида бир неча норозилик амалларига чиқишган.

Бироқ турли миллат вакиллари иштирокидаги парламент бундайин миллатсиз янгича паспортни қабул қилган ва унда кам сонли миллат вакиллари ҳам овоз беришганди.

Генерал Дўстумнинг Миллий Исломий Уйғониш (Жунбуши Миллий Исломий) партияси воизи Файзулла Закийнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, айнан халқ орасидаги норозилик Абдулрашид Дўстумни ҳам янги паспортга қарши баёнот билан чиқишга ундаган.