bbc.co.uk navigation

Футбол, кураш, таэквондо - ким нимани ёқтиради?

Сўнгги янгиланиш 2 феврал 2012 - 12:06 GMT

Томоша қилинг

  • Ўзбекистоннинг Паркент туманида кураш беллашуви кечмоқда. Кураш усуллари бутун минтақада деярли бир-биридан фарқ қилмайди. Аммо фарғонача кураш ўзининг жозибаси билан бошқаларидан ажралиб туради...
  • Тошкент шаҳрининг тор кўчаларида болалар футбол ўйнашмоқда. Ўзбекистоннинг деярли ҳар бурчагида бу каби ҳолатга дуч келиш мумкин. Футбол Ўзбекистонда энг оммабоп ва одамлар орасида урф бўлиб кетган ягона оврўпоча спорт туридир.
  • Тошкентнинг марказий "Пахтакор" стадионидаги мана бу футбол ишқибозига ҳавонинг иссиғи ҳам писанд эмас. Ўзбекистон ҳукумати футболга катта эътибор қаратади ва сўнгги йилларда миллий терма жамоа ҳам яхшигина натижаларга эришмоқда. "Пахтакор" эса, Ўзбекистоннинг энг пешқадам клубларидан.
  • Тўп ўйнаш қизларнинг ҳам жону дили...Қадим Бухоронинг "Мирараб" мадрасаси ташқарисида мана бу қизалоқлар мазза қилиб тўп ўйнашаётир.
  • Тошкентдаги ҳаваскор "сузувчилар". Ёзнинг жазирама иссиғида кўпчилик ёшлар сувга шўнғиб, ўзларини "совутиб" олишади. Бунинг учун энг қулайи - кўприкдан сувга қараб "калла ташлаш"...
  • Қишнинг қирчиллама совуғига қарамай, Тошкентнинг "Морж"лар клуби аъзолари очиқ ҳавода мазза қилиб бадминтон ўйнашмоқда. Бир қизиб олишгач, ҳаваскор бадминтончилар ўзларини "Анҳор"нинг муздек сувига ташлаб, баданларига қорни яхшилаб ишқаб роҳат қилишади.
  • Тожикистон пойтахти Душанбедаги ёш гимнастикачилар. Улар Тожикистон Мудофаа вазирлиги қошидаги спорт залида шуғулланишмоқда. Вазирлик Шўро даврида анчайин оммабоп бўлган ушбу спорт турини қайта жонлантириш учун барча сарф-харажатларни ўз зиммасига олган.
  • Ит уриштириш ҳам Тожикистонда кенг тарқалган. Мана бу беллашув пойтахт Душанбе сарҳадларида кечмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда ит уриштиришга қизиқиш кучайиб бормоқда ва одамлар пул тикишни ҳам бошлашган.
  • Қозоғистонда эса, бургут билан ов қилиш яна оммалашиб бормоқда. Биргина мамлакат спорт вазирлиги томонидан уюштирилган миллий мусобақада юзга яқин овчининг иштирок этиши бунга яққол мисол каби.
  • Илк бор Афғонистон пойтахти Кобулда қор регбиси беллашуви бўлиб ўтган. Kabul United жамоаси ҳамма рақибларини доғда қолдирган. Тадбир пойтахтнинг "Қарға" хиёбонидаги гольф майдонида уюштирилган.
  • Сўнгги йилларда Афғонистонда бодибилдингга қизиқиш ҳам кучайиб бормоқда. Бутун мамлакат бўйлаб қизиқувчиларга ўз хизматларини таклиф этаётган юзлаб спорт заллари очилган.
  • Таэквондо эса, афғонистонлик хотин-қизлар орасида оммалашиб бормоқда. Афғонистон яқинда таэквондо бўйича ўз тарихида илк бор Олимпиада медалини ҳам қўлга киритганди. Хотин-қизлар миллий терма жамоаси эса, қатор халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашган.
  • Афғонистонда анъанавий "Бўзқоши" беллашуви ҳам ҳамон ўз ўрнини йўқотмаган. Минтақа давлатларида турли номлар билан аталувчи ушбу тадбир учун оғирлиги 30 килогача бўлган "улоқ" лозим бўлади. Чавандозлар уни тақимларига бостириб, биринчи бўлиб маррага етиб келишлари лозим бўлади.
  • Афғонистонда хотин-қизлар футболи ҳам жонланиб бормоқда. Маҳоратли қизларни саралаб олишда Халқаро Хавфсизлик Сақлаш кучларининг ёрдами ҳам беқиёс. Беш йилдирки, Афғонистон футбол бўйича хотин-қизлар миллий терма жамоасига эга.
  • Покистонда эса, найза санчиш каби қадимий спорт тури ҳануз ўз оммабоплигини йўқотмаган. Отда бўлган чавандоз катта тезликда келиб, қўлидаги найзасини ёғочдан тикланган чодирга санчиши лозим бўлади.

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.