bbc.co.uk navigation

Шерзод Каримов: 'Тайёргарлик фақат Лондон Олимпиадасига чиқишга қаратилган'

Сўнгги янгиланиш 17 январ 2012 - 09:27 GMT

"Ўзимизда бўладиган барча учрашувларни ютиб, биз албатта Лондон Олимпиадасида иштирок этамиз, Худо хоҳласа"

Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси сардори Шерзод Каримовнинг айтишича, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига чиқиш истаклари кучли ва ҳозир барча тайёргарликлари фақат ана шунга қаратилган.

Ўзбекистонлик олимпиячилар учинчи тур саралаш босқич беллашувларининг дастлабки жавоб учрашувини келаси ой Тошкентда ашаддий рақиблари австралияликларга қарши ўтказишади.

Терма жамоа сардори австралияликларга қарши ўйинга кўраётган ҳозирликларидан кўнгли тўқ экани, ўзларига барча шароитлар яратиб берилган ва турли хорижий давлатларда машғулотлар ўтказишга имконли бўлганликларини айтади:

Шерзод Каримов билан суҳбат

Шерзод Каримов билан суҳбат

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

"Бўлажак учрашувга тайёрмиз. Бизларни ҳеч нарса чўчитаётгани йўқ. Биз бу ўйинда, Худо хоҳласа, албатта ғалаба қозонамиз".

"Ўлим" гуруҳига тушгани айтилган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси кейинги босқичга чиқиш учун Осиё қитъасининг наҳанглари Австралия, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликлари билан беллашмоқда.

Ўз гуруҳида ўтказган уч учрашуви натижалари ортидан, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси 5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

Барча беллашувларини дуранг ҳисоби билан якунлаган Австралиянинг ҳисобидаги очколар сони эса, бор-йўғи учтадир.

Сафарда Бирлашган Араб Амирликларинии 2-0 ҳисобида мағлуб этган Ироқ Олимпия миллий терма жамоаси эса уч ўйиндан 4 очко тўплаб иккинчи ўринга кўтарилиб олган.

Имкониятлар

Аммо учинчи босқич саралаш беллашувлари якуний ўйинларининг Тошкентда бўлиб ўтиши ўзбекистонлик футболчиларга яхшигина қўл келиши айтилмоқда.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг гуруҳдаги сўнгги учрашуви эса, келаси йилнинг 14 март куни Бирлашган Араб Амирликларига қарши бўлиб ўтади.

Ҳозирги босқичда 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига бор-йўғи тўртта йўлланмани қўлга киритиш учун қитъанинг 12 миллий терма жамоаси кураш олиб боришмоқда.

Йўлланмани нақд қилиш учун, қай бир миллий терма жамоа бўлишидан қатъиназар, ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритиши лозим бўлади.

Иккинчи ўрин билан якунлаган миллий терма жамоа эса, шу йил март ойи охирларида бўлиб ўтажак плэй-офф беллашувларида ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сардорининг айтишича, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига чиқиш учун гуруҳда энг яхши имкониятга эгалар.

"Ўзимизда бўладиган барча учрашувларни ютиб, биз албатта Лондон Олимпиадасида иштирок этамиз, Худо хоҳласа", дейди Шерзод Каримов.

Шерзод Ўзбекистон тарихида бу каби шараф ҳалича ўзларига насиб этмагани, аммо бунга муваффақ бўлишса, ҳисларини тасвирлаб беришдан ожиз қолишини айтади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.