BBC navigation

Бобур Исмоилов: 'Рассомлар учун асарлари гапиради'

Сўнгги янгиланиш 15 феврал 2014 - 11:21 GMT
Бобур Исмоилов

"Болалигимдаёқ келажакда рассом бўлишимни билар эдим, касб танлаш каби масала мени ҳеч қачон безовта қилмаган", дейди рассом

Бобур Исмоилов 1973 йил Тошкентда ижодкорлар оиласида туғилган.

Бобур Исмоиловнинг отаси "Ўзбекфильм" кинотудиясида саҳналаштирувчи оператор бўлиб ишлаган.

Унинг айтишича, ота-онаси Бобурнинг рассомчиликка қизиқишини рағбатлантиришган.

"Болалигимдаёқ келажакда рассом бўлишимни билар эдим, касб танлаш каби масала мени ҳеч қачон безовта қилмаган", дейди рассом.

У болалигидан машҳур рассомларнинг устахоналарига боргани, бир неча филмларни суратга олиш жараёнини яқиндан кузатганини айтади.

Безатувчи рассомларнинг ижоди ва мультипликаторларнинг меҳнати билан яқиндан танишган.

"Буларнинг бари мени ёш рассом ўлароқ шаклланишимга ёрдам берди. 1987 йилда П. Беньков номидаги Рассомлик билим юртига ўқишга кирдим. 1990 йилдан 1996 йилга қадар Маннон Уйғур номли Санъат институтида таҳсил олдим. 1993 йилдан бери халқаро лойиҳалар ва кўргазмаларда иштирок этаман", дейди Бобур Исмоилов.

"Рассомлик "тилсиз" санъатдир. Буни касб деб ҳам атаб бўлмайди… Бу кўнгил амри, асарларим эса, менинг аксларимдир..."

Бобур Исмоилов 1998 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий Академиясининг аъзоси саналади. 2000 йилда Халқаро Бадиий жамғарманинг Москва бўлими аъзоликка қабул қилинган.

Ўзбекистон Бадиий Академиясининг олтин медали совриндори.

Бобур Исмоилов ижодидан

бу ерга босинг Бобур Исмоилов ижодидан намуналар

Шахсий кўргазмалари Ўзбекистон дохил қатор давлатлар, жумладан бир неча бор Франса пойтахти Парижда намойиш этилган.

"Рассом учун ўз асарлари ҳақида гапириш осон эмас. Рассомлик "тилсиз" санъатдир. Буни касб деб ҳам атаб бўлмайди… Бу кўнгил амри, асарларим эса, менинг аксларимдир. Албатта, менинг театр соҳасида олган билимларим нуқси асарларимга ҳам кўчган. Бошқа ўзбек рассомлари каби Марказий Осиё халқлари маданиятининг нафаси ҳам менинг асарларимдан уфуриб туради. Мен учун энг қизиғи инсоннинг ўзидир… Қаҳрамоним эса турфа инсонларнинг аксидир. Албатта, декоратив йўлда ҳам бир неча тажрибаларга қўл урганман, аммо буларнинг бари бир босқич эди ижодимда…Ҳозир шуларни кўриб ўзимга янги бир нарсаларни очаман, яна ҳаммасини бошқатдан бошлайман ва айни жараёндан хурсандман…"

Бобур Исмоилов билан суҳбат

Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони Ўзбекистондан таниқли рассом Бобур Исмоилов бўладилар. Ассалому алайкум Бобур, дастуримизга хуш келибсиз.

Бобур Исмоилов: Ассалому алайкум.

Би-би-си: Илк саволимиз Токиодан, Рустам Насимий исмли тингловчимиздан келибди: "Қайси санъат асарлари ёки санъаткорлар сизга илҳом бахшида эта олишган". Қаердан эканларини ёзмаган Дилноза ҳам кимларнинг ижодидан илҳом олишингиз билан қизиққан. Марҳамат.

Бобур Исмоилов: Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, ёшлигимдан расм чизишни бошлаганман. Ва кўп рассомларнинг ижодларига эътибор қаратганман. "Ҳозир мана бу рассом менга жуда ёқади", дея олмайман. Бу нотўғри нарса бўлади. Чунки, ёшлигимда бир рассом ёққан, кейинчалик бошқа. Ҳозирги кунга қадар, ўзим учун яна бир бошқа янги рассомларни, қолаверса, ёшлигимда диққатимни тортмаган рассомларни қайтадан кашф қилганман. Уларнинг орасида менга ниҳоятда ёққан ва жуда катта таассурот қолдирганлари Иероним Босх, Эль Греко,Герхард Рихтер ва бошқалардир... Кейинчалик уйғониш даври рассомлари, Италия, Голландия мусаввирлари ижодидан таъсирланганман. Кейинчалик ўз устозларимнинг асарлари менга жуда катта таассурот қолдирган.

Би-би-си: Кимларни ўзингизга устоз деб биласиз?

Бобур Исмоилов: Биласизми, мен ниҳоятда бахтиёр инсонман. Чунки, ўқиш жараёнида, санъат институтида, рассомчилик билим юртида ўқиган пайтларим катта рассомлар, таниқли рассомлар билан учрашганман. Мен уларни ўзимга устоз деб ҳисоблайман. Аммо, энг биринчи устозларим - ота-онам. Кейин, ўша пайтлар тўгараклар бўларди ва мени етаклаб олиб боришган, у ерда Яков Фрумгарц деган устозим бўларди, ҳозир ўтиб кетганлар, улардан кўп нарса ўрганганман. Жуда кўп, катта рассомлар у инсоннинг қўлида тарбия кўришган. Кейин билим юртида Вадим Константинович Харитонов бўлган. Институтда Георгий Жибоедов деган рассомдан таълим олганман. Худди шу даврда икки таниқли рассомнинг қўлига тушиб қолганман ва ўшандан бери шу инсонлар билан ёнма-ён юрибман, бундан ўзимни бахтиёр ҳис қиламан, бу - Баҳодир ака Жалолов ва Жавлон ака Умарбеков. Улардан ташқари, Чингиз ака Ахмаров, Рўзи ака Чориев, раҳматли бўлиб кетишган, Раҳим ака Аҳмедов, кўп бошқа рассомлар...

Би-би-си: Дилноза яна: "Асарларингиздаги қаҳрамонларингиз кимлар?" деб сўрайди. Ноттингемдан Гулсора Дўстова эса: "Қадрли Бобур, Би-би-си Ўзбек Хизматида чоп қилинган расмларингиз менга жуда манзур бўлди. Айниқса, "Орзу" деб номланган сурат. Мен сиз тасвирлаган инсонлар, шунингдек, рангларни дарров танидим. "Тилсиз" ишоралар мен билан ростдан ҳам сўзлашди. Нима учун асарларингиздаги сиймолар ўхшаш? "Орзу" ҳақида гапирасизми?" дея мактуб йўллаган.

Бобур Исмоилов: "Ўзингизнинг асарларингиз ҳақида гапириб беринг", деган савол мен учун энг қийин савол. Чунки, рассомлар касби ижодкор бўлгани билан кўп гапирмайдиган халқ. Рассом учун ижоди, асарлари гапиради. Баъзилар: "Мана шу расмингда нимани ифодалаб бергансан, нима ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлгансан", деб сўрашади. Ёки: "Ижодинг нима тўғрисида" дейилганда, эҳтимол нималарнидир гапириш мумкиндир, аммо мен кўп нарса айтолмайман. Бу кўпроқ сирга ўхшайди. Чунки, гоҳида ўзингиз ҳам билмай қоласиз, бирданига нималардир келади, чизиб бўлганингиздан кейин ўзингиз ҳам тушунасиз нима қилганингизни... Нимадир пайдо бўлади. Қизиқ нарса-да. Мен театр рангтасвир безаги бўлимида ўқиганман. Шу ўқиш жараёнида олинган билимларнинг ижодимда жуда катта таъсири бор, деб ўйлайман. Бу таъсир либосларда, жой-тасвирларда сезилади. Аммо, асарларимдаги асосий қаҳрамоним бу - инсон.

Би-би-си: "Бобур ака, рассомчилик санъати ўзига хос бир такрорланмас санъатдир, рассомлар "телба"сифат одамлар деган бир гап юради. Мен буни яхши маънода қабул қилганман, чунки хоҳлаган жойда ва муҳитда илҳом келиб қолиши мумкинку, "телба"сифат деган тушунчага нима дейсиз?" дейди Тошкентдан Ҳожиаҳмад.

Бобур Исмоилов: Ҳақиқатдан, мен рассомларни ижодкор аҳлининг ичидаги энг бахтиёр касб эгалари деб биламан. Чунки, рассом ижод қилиши учун мусиқачилар керак эмас, актёрларга зарурат йўқ, ёнида бошқа одамлар лозим эмас. Рассом ўзи билан ўзи бўлади, бу - ниҳоятда индивидуал касб. Тарихни ҳам олиб қарасангиз, Пол Гоген ҳам Оврўподан Танзанияга бориб, ўша ерда оролда яшаб, ўлмас асарлар яратган. Павел Филонов Ленинград қамали остида ижод қилган. Егулик олишга пули бўлмаган, нонга мухтож пайтида ҳам ижоддан тўхтамаган. Шунинг учун, айтмоқчиманки, ижодкор учун қафас умуман йўқ нарса. Телбасифатликка келсак, билмадим, лекин рассомлар - ўзгача оламга эга инсонлар. Рассом бошқа ҳар бир ижодкор каби икки оламда - одамлар орасида ва унга ёнма-ён ўзининг иккинчи дунёсида яшайди ва ҳамиша ижод, ҳамиша меҳнат билан банд бўлади.

Би-би-си: Берлиндан хат йўллаган Собир: "Ўзбекистонда СССР пайти катта рассомлик мактаби бор эди. Бир неча билим юртлари, олий ўқув юртлари, устахоналар фаолият кўрсатарди. Бугунги вазият қандай?" деб сўрайди.

Бобур Исмоилов: Бугунги кунда Ўзбекистон Бадиий Академияси бор. Ва Ўзбекистон рассомларга жуда бой. Биз жуда кўп атрофдаги қўшни мамлакатлар, бошқа чет давлатларига бориб-келиб вазиятларни, рассомларнинг шароитларини кўриб юрамиз, Ўзбекистондаги рассомларнинг қолишадиган жойи йўқ. Ижодкорлар, рассомлар кўп. Институт, Бадиий Академия, Олий мактаб ишлаб турибди, кадрлар тайёрланаяпти, рассомлар чиқяпти. Иккинчи масала, бу билим юртини битириб, рассомчилик йўлини тутганлар ва ё бошқа йўналишга ўтиб кетганлар бор. Бундай ҳоллар совет даврида ҳам бўлган.

Би-би-си: "Бир саволим бор, санъат оммабоп бўлиши керакми ва ё хослар, санъатсеварлар учунми? Сиз ўз асарларингиз бирдай ҳамманинг кўнглига етиб боради деб ўйлайсизми? Санъат санъат учун деган қарашга қандай қарайсиз?", деб ёзади Хитойдан Шаҳноз исмли мухлисимиз.

Бобур Исмоилов: Биласизми, 20-21 асрлар дунёни остин-устун қилиб юборди. Кўп нарсага қарашлар ҳам ўзгариб кетди. Санъат йўналишлари ҳам бўлиниб-бўлиниб, майдаланиб кетган. Мисол учун, поп-арт, оммабоп санъат деган нарса кириб келди 20 асрда. Мусиқа олиб қарасангиз ҳам, оммабоп, ҳамма эшитадиган мусиқа бор, мумтоз мусиқа бор ёки янги изланишлар, янги йўналишлар қидирадиган авангард композиторлар фаолиятда. Улар бугунга эмас, балки эртанги кунга ишлайди. Худди шундай ҳолат рассомчиликда ҳам кузатилади. Рассомлар боя айтганимдек, жуда кўп ва ҳар бири ўз нонини топиб ейди. Ҳар бир рассом ўз йўлида мустаҳкам турибди. Мисол учун, портрет чизадиган рассомлар бор, пейзаж услубида ижод қилаётган рассомлар, авангард рассомлар бор, уларнинг ҳар бирлари ўз йўналишларида ижод қилишади. Хуллас, ҳар битта рассомнинг ўз йўли мавжуд. Ёки, контемпорари арт яратадиган изловчи рассомлар бор. Менинг назаримда, ана шу изловчи рассомлар поезднинг локомотиви бўлиб, ҳаракатни олдинга юритадиган рассомлардир.

Би-би-си: Лондондан мактуб йўллаган Шоҳсанам: "Совет даврида кўплаб рассомлар соцреализм методи асосида ижод қилишга мажбур бўлишган. Бугунги кунда кимлар, қайси йўналишларда ижод қилишмоқда? Санъаткор давр билан бирга қадам ташлаши керакми?" деб сўраган.

Бобур Исмоилов: Санъаткор давр билан қадам ташлаши шарт, деб ўйлайман. Чунки, рассомнинг асари - даврнинг тошойнаси. Эскидан шу нарса бўлган, ҳозирги кунда 20-21 асрларда бу яна ҳам долзарблашиб келяпти. Замонавий рассомлар ўз асарлари орқали актуал, қизиқарли мавзулар, муаммоларни кўтаришга ҳаракат қилишади. Совет давридаги соцреализм йўналишини энди тушуниб боряпмиз, уни ҳам санъат тарихида қолган катта бир саҳифа деб қараш керак. У даврда рассомлар ҳукуматдан келган буюртмалар асосида ижод қилишган. Шунга қарамай, ҳар бир рассом ўзи истаган услубларда ҳам ишлай олган. Абстракт, сюрреализм каби йўналишлар совет даврида ҳам бўлган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонни гапирсак, худди шундай, ундан ҳам яхши бўлди, ҳар бир ижодкор ўзи хоҳлаган услубда ижодини қилади. Чегара йўқ биринчидан, иккинчидан, эркинлик бор, четга чиқиш имкониятлари пайдо бўлган. Оврўпоми, Осиёми, Россиями, қаерга бўлса ҳам бориш, дунё кезиб кўргазмалар қилиш мумкин. Бу рассом учун ниҳоятда керакли нарсалар.

Би-би-си: Қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат! Тингловчиларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Бобур Исмоилов: Авваломбор, соғлиқ-саломатлик тилайман. Рассомларнинг бахти атрофдаги инсонларнинг эътибори, асарлари танилиши катта гап. Катта раҳмат!



Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.