
Жаҳонда турли-туман халқлар бўлгани каби, уларнинг миллий ўзликларини намоён қилувчи таомларнинг тури ҳам шунга яраша. Кимдир ўзбекнинг паловига ҳеч нарса етмайди деса, бошқасининг наздида француз таомларининг олдига тушадигани йўқ. Яна таоми бўладими, бутунбошли ошхонаси, ноёбу бетакрорлигини даъво қилиб, инсоният тарихида қолишни истаганларини айтинг. Буёғи хўрандаю ошпазлари қолиб, манаман деган давлат раҳбарлари ҳам баҳсу мадорага бош қўшиб турса. Инглиз ошхонасини ерга уриб, боши балога қолган собиқ француз президенти Жак Ширакми ёки миллий таомларини кўз-кўз қилиб, мамлакати обрўйини оширмоқчи бўлган Малайзиями ва ё ҳуммусни ўзиники қилишга уриниб, Гиннеснинг китобини рекордларга бойитган Фаластину Исроил, буёғини қўяверинг. Яна чаёндан пиширган кабобими, халтадаги палови, куракда пишган гўштию, пишмаган шиллиққурти билан ҳушингизни бошингиздан учирган ошхоналарни айтмайсизми...Хуллас, биргина таомнинг ўзи сиёсату иқтисод қолиб, бир қайнови ичидаги гапларни шууунча қайнатгандан кейин, биз ҳам уларнинг ўзига хосликларига тўхталиб ўтмасак ҳеч бўлмайдигандек. Янги "Жаҳон таомлари" рукнимиз худди ана шу мақсадни кўзда тутади. Дунё халқлари ошхонасининг танқис ва ғаройиб таомлари билан танишмоқчи, осмонга кўтариб мақталган ошхоналарнинг сиру синоатларидан бохабар бўлмоқчи бўлсангиз, рукнимизни кузатиб боришни унутманг.

Рукнимизнинг илк таоми дунёнинг деярли барча қитъасида бирдек танавввул этилувчи, аммо ҳамма кўкрагига уриб, Энг зўри фақат бизда, деб даъво қилувчи ПАЛОВдир. Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган. Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас. Пишириш услубига қараб, паловнинг турини айтмайсизми! Номи-чи, номи: Пилаф, Пилафи, Гамопилафо, Челов, Катеҳ, Дами, Пулов, Пилав, Палов, Бирёний, Пайелла..буёғи кетаверади. Яна миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқларининг бир-биридан фарқланиши-чи. Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб турса. Шундай экан, ҳамма ўзиники билан керилувчи ҳар бир паловнинг ўзига хосликлари нимада? Бу гал афғонча кўфта паловга тўхталиб ўтамиз:
Афғонча шивитли палов
Лозим бўлган масаллиқлар (4 кишига мўлжалланган)
1. 450 грамм гуруч ("Басмати" каби узун навлиси бўлса, янада яхши)
2. 100 грамм ўсимлик ёғи
3. 2 дона ўртача катталикдаги бошпиёз
4. 700 грамм қўй ёки товуқ гўшти (гўшт суякли бўлгани маъқул)
5. 2 ошқошиқ майда қилиб тўғралган шивит
6. 75 грамм қизил майиз
7. 1/2 чойқошиқ заъфарон, 1.5 чойқошиқ туйилган мурч, 1 чойқошиқ зира ва таъбга қараб туз лозим бўлади.
Пишириш услуби
1. Энг аввало ўртача ҳажмдаги қозонга ёғни соламиз. Ёғимиз бироз қизигач, паррак-паррак қилиб тўғралган пиёзларимизни соламиз ва капкир билан кавлаб турган ҳолда қизғиш қўнғир тусга киргунча қовурамиз. Сўнгра ўртача катталикда бўлакланиб, ювилган гўштимизни қозонга соламиз. Гўштимизнинг четларига қизаргунча қовурамиз. Кейин оловни пасайтириб, қозонга гўштимиз ботар-ботмас қилиб қайноқ сув соламиз. Таъбга қараб туз, бир чойқошиқ зира ва ярим чойқошиқча мурч солиб, қозондаги масаллиғимизнинг таъмини ростлаб оламиз. Шундан кейин қозонимизнинг қопқоғини сал қия қилиб ёпганча, гўштимиз пишгунча паст оловда қолдирамиз. Орада гўштингиз пишган-пишмаганини текшириб туришни унутманг. Қозондаги масаллиқ сувини тортиб кетса, бироз қайноқ сув солишингиз ҳам мумкин. Чунки қозондаги гўштнинг шўрваси кейинчалик яна керак бўлади.

2. Бу орада гуручни оқиб турган сув остида эҳтиёт бўлиб бир неча марта ювиб ташлаймиз ва шундан сўнг, 20 дақиқа тузли илиқ сувда ивитиб қўямиз.
3. Гўштимизнинг пишишига 5 дақиқа қолганда, каттароқ қозонга бир ярим литр сув ва бир чой қошиқ туз солиб, қайнатишга қўямиз. Сув қайнай бошлаганда, ивитиб қуйган гуручимизни оқиб турган сув остида бир неча марта ювиб ташлаб, сувини яхшилаб силқитамиз. Кейин сув қайнаб турган қозонга солиб, бор-йўғи 2-3 дақиқа қайнатиб оламиз, бундан ошса, гуручингиз эзилиб кетади. Кейин қозондаги гуручни суви билан бирга остига тоғора қўйилган майда кўзли човлига ағдарамиз. Сувини яхшилаб силқитамиз. Ярим чойқошиқ заъфаронни 100 граммча иссиқ сувга солиб, димлаб қўямиз.
4. Гўштимиз тайёр бўлгач, оловни ўчириб, қозонни бир четга олиб қўямиз. Учта каттароқ идиш олиб, суви яхшилаб силқиган гуручимизни учга бўлиб оламиз. (Нега эканлигини эса, кейин билиб оласиз). Шундан сўнг балдоғи, қопқоғи иссиққа чидамли, зич ёпиладиган ва духовкамизга сиғадиган қозонни олиб, унга гуручимизнинг учдан бир қисмини соламиз. Гуручни капкир билан текислаб, унинг устига алоҳида қозонда пишиб, тайёр бўлган гўштимизни териб чиқамиз. Кейин қозондаги гўшт қайнаган шўрвадан 175 граммини алоҳида битта косага олиб, унга майда қилиб тўғралган икки ошқошиқ шивит ва бир чойқошиқ мурч солиб, бир аралаштириб оламиз. Аралашмани иккинчи идишда турган гуручнинг устидан солиб, эҳтиёт бўлиб аралаштирамиз ва қозондаги масаллиқнинг устига учинчи қават қилиб соламиз. Сўнгра учинчи идишдаги гуручимизнинг устига пиёлада димланиб турган заъфарон димламасини айлантириб қуямиз. Бу гуручимизни ҳам эҳтиёткорлик билан аралаштириб олиб, қозондаги масаллиқнинг устига тўртинчи қават қилиб соламиз. Қозондаги тайёр бўлган гўшт ва гуруч қаватларининг устини текислаб, бир четига қизил майизимизни кўмиб қўямиз ва қопқоғини зич қилиб ёпамиз.
5. Духовкамизни 150 градусга қўйиб, 10 дақиқача қизитамиз. Кейин қопқоғи зич қилиб ёпилган қозонимизни ичидаги масаллиғи дам ейиши учун духовкага жойлаштириб, ярим соатча духовкада қолдирамиз. Шундай қилсангиз, олов бир маромда тегиб, қозонингиздаги ош тагига ҳам олмайди.

6. Дам егандан сўнг, қозондаги паловимизни чиройли қилиб сузиб олиб, ўзимиз ёқтирган салат билан бирга дастурхонга тортамиз. Ёқимли иштаҳа.
Агар сизда палов пиширишнинг ўзига хос йўллари бўлса, уларни биз билан ўртоқлашинг. Биз уларни "Жаҳон таомлари" рукнимиз остида чоп этиб, бошқалар билан ҳам баҳам кўрамиз.
Бундан ташқари, Сиз паловнинг асли кимники, деб ўйлайсиз? Рецептларимиз билан танишиб бориш жараёнида бизга бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни ёзиб юборишни унутманг:
Мактубингизни bbcuzbek.com га йўлланг.
Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.
Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!











