Россиядаги Ўзбекистон мева-сабзавоти кўпаядими?

  • 13 Август 2014

Яқинда Россия президенти фармони билан Оврўпо Иттифоқи, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларидан озиқ-овқат импортига "эмбарго" эълон қилинди.

Бу амал Украинадаги ҳодисалар туфайли Ғарбнинг Россияга қарши эълон қилинган жазо чораларига жавоб амали экани айтилди.

Ўзбекистондаги тадбиркорлар мамлакатда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш учун янги имкониятлар очилаётганидан қувончларини яширмаяптилар.

Ўзбекистон расмийларидан бири эса Россияга мева-сабзавот экспортини икки баробарга ошириш имконияти мавжудлиги ҳақида айтди.

Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳам бу соҳада очилаётган янги имкониятлардан фойдаланиш истагини изҳор этишган.

Бу интилиш ва имкониятлар маҳаллий истеъмолчилар учун нимани англатиши мумкин?

Қуйидаги эҳтимолий "сценарий"лардан қай бирининг амалда юз бериши ҳақиқатга яқинроқ деб ўйлайсиз ва нима учун?

Сценарий 1: Айтайлик, Ўзбекистон Россияга мева ва сабазвотлар экспортини кўпайтириш ортидан давлат ғазнасига кўпроқ маблағ келиб туша бошлайди. Бунинг натижасида аҳолига тўловларни ошириш имкони туғилади. Маҳаллий бозорда мева-сабзавотларнинг нархи ошса ҳам аҳолининг харид қурби ортади ва уларни сотиб олиш имконига эга бўлади.

Сценарий 2: Россияга мева-сабзавотларни экспорт қилиш жараёни асосан давлат қарамоғидаги ташкилотлар назорати остида бўлгани сабабли ундан тушадиган маблағлар "бошқарувчи элита"га тегишли " казолар" чўнтагига келиб тушади. Аҳолига бундан наф бўлмайди, нархлар кўтарилиб, баттар қашшоқлашади.

Сценарий 3: Экспорт ҳажмининг кўпайиши ишлаб чиқариладиган маҳсулот кўламининг ҳам ошишини тақозо қилади. Сув тақчиллиги ўткир сезилаётган минтақада унга эҳтиёж янада ошиб, чегаралараро тангликнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари вазиятнинг яна қандай эҳтимолий ривожланиш йўллари бор деб ўйлайсиз?

Фикрларингизни Би-би-сининг Фейсбукдаги BBC Uzbek саҳифасида ёки "Одноклассники"даги ҳудди шу номли саҳифада қолдиринг.

Шарҳларингизни BBCUzbek.com да ҳам ўқишингиз ва Дараклар дастурида тинглашингиз мумкин.

Whatsapp рақамимизга овозли шарҳларингизни ҳам йўллашингиз мумкин +44 78-58-86-00-02.

Россиядаги Ўзбекистон мева-сабзавотлари кўпаядими?

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Олимбой Ортиқовга иқтибосан оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, икки йилдан кейин Россиядан Ўзбекистонга етказиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари миқдори 500 минг тонна етиши мумкин.

2013 йилда Ўзбекистон қовун-тарвузи, сабзавот ва полиз маҳсулотларининг 200 минг тоннаси Россияга етказилган.

Россия Ғарб санкцияларига жавобан озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга эмбарго жорий қилгани марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик боғбону-деҳқонлар учун "йўқотилган бозор"га қайтиш имконияти сифатида ҳам кўрилмоқда.

СССР замонида Ўзбекистон қовун-тарвузлари ёки кўкатлари шарқда Ёқутистондан ғарбда Москва-Ленинградгача бозорлардаги энг "тансиқ" ва қиммат маҳсулотлар бўлганини кўпчилик яхши эслайди.

Шўролар Иттифоқи қулаши билан Ўзбекистон мева-сабзавотлари учун улкан бозор бўлган Россия ҳам қўлдан бой берилди.

Бунинг сабабларидан бири Ўзбекистон раҳбариятининг пахтачиликдан воз кечмагани ҳамдир.

ЯқиндаБи-би-си Ўзбекистонда пахта ўрнига бошқа деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш ўзбекистонликларга кўпроқ даромад келтириши ҳақидаги мақолани эълон қилди.

Ғўза ўрнига тарвуз-қовун экиш ёки бу майдонни узумзорга айлантиришдан кўпроқ одам фойда кўради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта миллионлаб инсонларнинг арзон меҳнати эвазига етиштирилмоқда, четга сотилган пахта толалари эвазига келадиган валюталар эса "бир ҳовуч" амалдорлар ва уларнинг бойишига хизмат қилмоқда.

Би-би-сининг Ижтимоий минбарида фикр қолдирган иштирокчилар фикрларига таяниладиган бўлса, Ғарб санкцияларига жавобан Россиянинг озиқ-овқат импортини чеклаши ўзбек деҳқони учун "йўқотилган бозор"ни қайтариш имконияти бўлишига кўпчилик ишонмайди.

Одноклассники.рудаги KOINOT NURI BU YASHIRINGAN KEMA: Manimcha 2 tsenariy amalga oshishi extimoli yuqori. Chunki O'zbekiston xukumati mana necha yillarki mevayu boshqa mahsulotlarini oddiy fuqarolariga erkin eksport qilishga to'liq mumkinlik bermiydi. Oddiy etishtiruvchilar chegarada maxsus eksport bilan shug'ullanuvchi mafiya tadbirkorlaga arzonroq sotishga majbur bo'ladi. Shunchaki oddiy dehqonning Rossiyaga mahsulot eksport qilishiga to'siqlar (bahonalar bilan) qo'yiladi. Lekin Qozog'istonni oziq-ovqat eksport qilish imkoniyatlari judayam yahshi. Bu mamlakatda har bir tadbirkorga tovar eksport qilishga ruhsat beriladi va daromad o'sha mahsulot eksportchisini o'ziga tushadi. Bu yahshi. Davlatni istagi ham shu. Bojhona Ittifoqi amal qilgandan beri Janubiy Qozog'iston viloyati shundoq ham poliz ekinlarini Moskva va boshqa shaharlarga erkin eksport qilishni boshlab yuborgandi. 150 mln aholiga ega rus bozori Qozog'iston uchun misli ko'rilmagan boylik to'plash imkoniyati desa ham bo'ladi. Qozoq tadbirkorlariga chin dildan omad tilayman, faqat tadbirkor biznesmenlargina davlatni boyitib yubora oladigan kotta kuch. Ularga imkoniyat yaratilsa mamlakat oldinga siljiydi.

Facebook даги Мухаммад Мухаммад: Сценарий 1 ва сценарий 2 ҳақиқатдан анча йироқ. Сабаби Ўзбекистондан қуруқ мева, ҳўл мева ва сабзавотларни хорижга чиқазиш, яъни экспорт қилиш билан анча йиллардан бери хусусий компаниялар шуғулланади. Давлат бу ишларга умуман аралашаётгани йўқ. Шахсан мани ўзим Қозоғистонга қуруқ мева чиқазиш билан шуғилланаман. Манда ҳеч қанақа ҳужжат ҳам ёки патент ҳам йўқ. Манда фақат клиент бор ва у клиентни заказига қараб товар тайёрланади. Кейин экспортга рухсати бор хусусий фирмага топширамиз ва улар йўлкирани олиб Қозоғистонни исталган жойигача товарни етказиб беришади. Ўзбекистондан қишлоқ маҳсулотларини четга экспорт қилишда ҳеч қанақа божхона тўловлари йўқ. Фақат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги комиссия четга чиқарилаётган қуруқ ва ҳўл мева ва сабзавотларни Ўзбекистондаги нархини белгилаб беради ва хориждаги мол олувчи фирма уша нархни 50% ини Ўзбекистондаги товарни жўнатувчи фирмани ҳисоб рақамига ташлаб бериши керак. Кейин банк бу ҳақда маълумотнома беради ва у маълумотномани кўриб божхона ходими товарни четга чиқазишга рухсат беради. Биз Россия ва Қозоғистонга қанча кўп мол чиқарсак оддий деҳконни пули шунча кўпаяди. Бу соҳани ичида юриб билганим учун шундай фикрни ёзаяпман!!!

Шу билан бирга Муҳаммад Муҳаммад фикрича, агар ёқилғи нархлари арзонлаштирилса, мева-сабзавот нархи ҳам пасаяди.

Мухаммад Мухаммад: Биз Россия ва Қозоғистонга қанча кўп мол чиқарсак, оддий деҳвонни қўли шунча кўп пул кўради. Агар ҳукумат нархни арзонлаштиришни хоҳласа, аввало ёқилғини нархини туширсин ва уни Ўзбекистоннинг ҳамма жойида давлат белгилаган нархда сотилишини назорат қилсин. Шунда 10 сўмлик нарсанинг нархи истеъмолчини қўлига етгунча 100 сўмга айланиб кетмайди.

"Ҳозир Россияда танлов катта: Туркия, Эрон, Ўзбекистон, Япония. Ҳаммаси ўзининг маҳсулотини таклиф қилаяпти. Аммо кўпчилик россияликлар ўзидаги қишлоқ хўжалигини ривожлантириш тарафдори", деб ёзган Facebookдаги Ali Khan исмли фойдаланувчи.

Бу мавзуда батафсилроқ