Виталий Кличко: 'Украинани Оврўпо даражасидаги мамлакат қилиш ниятим бор'

  • 30 Август 2013

Бокс бўйича оғир вазндаги жаҳон чемпиони Виталий Кличко 2015 йилги президентлик сайловларига ўз номзодини қўймоқчи эканлигига ишора қилган.

Жорий президент Виктор Януковчига мухолиф ҳаракатга раҳбарлик қилиб келган 42 ёшли Кличко авторитар режимга қарши эканлигини айтади.

"Президентлик сайловида қатнашиш ҳақида ўйламоқдаман",-деди "мушти темир", дея юритилувчи боксчи.

Виталий Кличконинг ғарбпараст партияси "Удар", яъни "Зарба" дея номланади.

Кличконинг айтишича, ўз номзодини президентликка қўйиш-қўймаслик ҳақида келгуси бир неча ой мобайнида қарор қабул қилади.

"Менинг асосий мақсадим Украинани Оврўпо андозаларига мос, замонавий давлатга айлантириш",- деди Виталий Кличко.

Кличко Британиянинг Дерек Чизорасини 2012 йили феврал ойида мағлубиятга учратганди.

Кличко анчадан бери сиёсий саҳнада фаолият юритади. У аввал Киев ҳокими учун сайловларда ҳам номзод сифатида қатнашган.

У мамлакатдаги коррупция даржаси ва мухолифат раҳбари Юлия Тимошенконинг қамоқ жазосига ҳукм қилинишига қарши гапирган.

"Сиёсий маҳбусларга эга мамлакат демократик мамлакат бўла олмайди".

Кличко Украинанинг Оврўпо билан алоқалари мустаҳкамланиши тарафдори.

"Биз келажагимизни Оврўпо оиласи аъзоси сифатида кўрамиз. Бизнинг менталитетимиз оврўпоча, тарихимиз ўхшаш".

Президент бўлиб қолса бокс нима бўлади?

Кличконинг айтишича, президентлик унинг рингдаги фаолиятига нуқта қўймайди.

"Спорт ҳамиша менинг қалбимда", дейди у.

Кличко ҳозирда қўлидаги жароҳатини даъволамоқда. У биладики, сиёсий рақиблар билан "рингга" чиқиш учун кўп куч керак.

"Украинада сиёсатда қонунларга риоя қилинмайди. Бу бокс эмас".

Бу мавзуда батафсилроқ