Рус миллатчиларининг жазосиз бошбошдоқлиги

  • 2 Август 2013
Свастика белгисини кўз-кўз қилган рус ирқчилари

Сўнгги кунларда Россияда бозорлар ва савдо нуқталаридан меҳнат муҳожирларини ушлаш ва босим ўтказиш кампанияси авж олмоқда. Биргина Москва шаҳри бозорларида мингдан ортиқ мигрантлар қўлга олинган. Санкт Петербург шаҳрида савдо расталарини меҳнат муҳожирларидан тозалаш амалиётини эса миллатчи ёшлар олиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда чиққан видеода ёш рус йигит қизлари қўлида тўқмоқ билан бозорларни тозалаётгани акс этган. Улар муҳожирларни қора деб ҳақоратлашади.

Видеода бир гуруҳ ёшлар Санкт Петербургдаги бир дўкон атрофида ўзига хос “тартиб” ўрнатмоқда. Улар дўкон ташқарисидатурган меваларнинг сотувчисини талаб қилади. Сотувчи кўринавермагач, ушбу товарлар ҳеч кимники эканлигини айтишади ва атрофдагиларни текин олиб кетишга чорлайди. Тўданинг ичидан кимдир, териб қўйилган меваларни тепиб ерга тушира бошлайди.

Тўданинг бир қарашда рус миллатчилари эканлигини пайқаб олиш қийин эмас. Улар кийиб олинган майкаларга “Бегоналар уйга кетадиган вақт бўлди”, “Биз билан худо” ёки немис фашистларининг свастика белгисини кўриш мумкин.

Гуруҳ эгаси қочиб кетган молларни ер билан битта қилгач, уни мусодара қилиш учун полицияни чақиради. Ўзини видеода Дмитрий Евтушенко деб таништирган ва гуруҳга бошчилик қилиб юрган шахс полицияга ёрдам бермоқчи эканлигини айтади.

“Мана шу нарсаларни ҳаммасини йиғиштириш керак. Тушунаман сизларларда ишчи етишмаслиги каби муаммолар бўлиши мумкин. Биз сизларнинг ишларингизни енгил қилиш учун ёрдам берамиз. Мана шундай ҳолат бор деб сизларга кўрсатамиз, биз ҳозир яна шу йўналиш бўйлаб юриб, нима бўлаётганини кўрсатамиз. Демак товар мусодара қилинади а?” – деб сўрайди Дмитрий Евтушенко.

Полиция ходими ушбу кўнгиллиарининг гапини маъқуллаб тинглайди ва товар мусодара қилинишини айтади.

Ушбу видео интернетда 27 июль куни пайдо бўлди. Уни «Невский экспресс» телекомпанияси жойлаган. Видео номи “Малласочлар тўқмоқ билан, ёки русча тозалаш - Питер” деб номланади.

Тозаловчилар кўчада кўзга кўринган осиё миллатига мансуб шахсларни тўхтатиб ҳужжат сўрайди, уларни ҳақоратлайди ва ватанига кетишга чақиришади.

- Қора, йўқол бу ердан, қиз боладан узр сўра, деб Дмитрий Евтушенко афтидан Марказий осиёлик йигитни туртади.

Тўда йигитга босим қилар, кимдир сўкар, кимдир туртарди. Ҳодиса жойига етиб келган полиция ходими, босим остида мигрант йигитнинг ҳужжатларини сўрайди ва полиция бўлимига олиб кетади. Тўда иш аъло бажарилганидан қарсаклар билан кузатиб қўяди.

Қарсак

Би-би-си «Невский экспресс» телекомпанияси бош муҳаррири Татьяна Маршанова билан боғланиб ирқий камситиш мавжуд бўлган видеони интернетга жойлашдан мақсад нималагини сўради.

Татьяна Маршанова видеода бу камситиш борлигини билмаслигини айтди. У видеони кўриб жойлагани ва “қора” деган сўзни эшитмаганини билдирди.

Би-би-си ундан агар шундай жойини кўрса видоени олиб ташлайсизми, деган саволга “йўқ” дея жавоб берди.

35 йилдан бери Санкт Петербургда истиқомат қиладиган тошкентлик Ҳамид ака маҳаллий ахоли томонидан муҳожирларга нисбатан муносабатнинг ёмонлашаётганига уларнинг кўпайиб кетаётгани билан изоҳлайди. Ленинград вилоятига муҳожирларнинг ишлаши учун 100 минг квота берилади, аммо ўзбекларнинг ўзи 650 мингтани ташкил қилади.

“Рус халқи ҳали ўргангани йўқ. Бу даражагача етиб боргани йўқ. Парижга борсангиз 30-40 фоиз аҳоли қора танлилар, Америкада ундан ҳам кўп. Охири президенти ҳам қора танли бўлди. Уларда бу одатий ҳол. Россияда бунақа нарсадан ўзларининг жони чиқаяпти. Ўрисларнинг жони чиқаяпти, Кремлда ўтирган катталар бундан дарров фойдаланишади”, - дейди Ҳамид ака.

Ҳамид ака видеода акс этган миллатчи ёшларнинг ҳукумат томонидан қўллаб қувватланишига ишонади. Бундан ташқари Москва шаҳри мэри курсисига бўладиган сайлов олдидан бу каби кампаниялар атайин уюштирилаётган бўлиши ҳам мумкин.

Суҳбатдошимиз ўзбек меҳнат муҳожирлари ўз ҳуқуқини талаб қила олмаслигини, чунки меҳнат муҳожирининг ўзи қалбаки ҳужжат билан юришини айтади.

“Чунки кўпчилигининг ҳужжати нотўғри. Бир амаллаб арзон бўлсин деб, 1-2 минг рубл бериб қалбаки рўйхатдан ўтиб олади. Уларнинг тили қисиқ ғиринг деёлмайди. Ғинг деса, ўзининг пулига барров депортация қилиб юборади”, - дейди Ҳамид ака.

Санкт Петербургда жойлашган “Умид” Ўзбекистон ватандошларининг минтақавий жамияти раиси Алижон Ҳайдаров цивилизион мамлакатда бундай ҳолатларнинг учрашини қоралайди. Жамият шаҳардаги бошқа миллий диспора вакиллари билан бирга видеодаги ҳолатлар юзасидан прокуратурага мурожаат қилмоқчи.

“Озарбайжон, тожик ва ўзбек жамиятлари биргалашиб прокуратурага хат тайёрлаяпмиз. Бизга нисбатан, “қора, бу ердан йўқол” деган видеода мавжуд исботларни келтирамиз. Миллатни ҳақарот қилиш бўйича шикоят қиламиз”, - дейди Алижон Ҳайдаров.

Жамият шаҳардаги ўзбеклар билан гаплашган ва уларни ноқонуний ишларда ишламасликка чақирган.

“Ватандошларимизга сотувга рухсати йўқ жойларда ишламанглар деяпмиз. Чунки уларни қўйган одамларнинг ўзлари йўқ. Қўлга эса бизнинг одамлар тушаяпти. Иш берувчи муҳожирларни ҳамма ҳужжат жойида, деб алдаб ишга олаяпти. Энди эса уларни депорт қилишяпти”, - дейди Алижон Ҳайдаров.