
Тилл Мостовланский Берн Университетида Марказий Осиё бўйича тадқиқотчидир
2012 йилнинг илк кунларида барча халқаро ахборот тармоқлари ва таҳлилчилар блогларида ғалати сарлавҳалар остида мақолалар силсиласи тарқалди: "Қорбобо Душанбеда ўлдирилди", "Қорбобо қотили ким?", "Тожикистонда қорбобо пичоқланди". Матбуотдаги сўз ўйини анчайин хом чиққан эса-да, Тожикистонга меҳр қўйганларда "Душанбеда аслида нима юз берган бўлса?" - деган савол пайдо бўлганди.
Маҳаллий матбуот ва полиция хабарларидан маълум бўлишича, ёш тожик йигити Парвиз Давлатбеков янги йил арафасида қариндошларини қорбобо либосида табриклашга қарор қилади. Кўчада у 30га яқин ёш йигит ҳамласига учрайди. Ҳужумчилар уни "кофир" дея айблаб, пичоқлаб ташлашади.
Диний можарога киноий маънода мукаммал мисол бўла оладиган ушбу ҳодиса дунёга яшин тезлигида ёйилди. Бу Марказий Осиё асосан зўравониклар ва бемаъни воқеалар билан хабарлар сарлавҳасига айланади деган қарашларни гўёки яна бир бор исботлаганди. Ҳужумчиларнинг маст бўлгани ҳақидаги хабарга деярли эътибор қаратилмади.
Ҳаттоки қотиллик оқибатлари ҳақида фикр юритган саноқли журналист ва экспертлар ҳам диний экстремизм ва Марказий Осиёда кўча безорилиги муаммоларидан бошқа жиҳатларга тўхталганлари йўқ.
Таъкидлаш жоизки, ўшанда мен учрашган тожикистонлик суҳбатдошларимнинг аксари ҳодисани безорлик ва қашшоқлик, таълим ва тарбиянинг бўшаши ҳамда фуқаровий уруш туфайли жамиятнинг маълум қатлами жоҳиллашгани билан изоҳлашди. Улар учун Тожикистон жамиятида дин аҳамияти тобора ортиб бораётгани кўча безорилигидан кўра қўрқинчлироқ қотиллик сабаби бўлиб кўринган эди. Бироқ, Парвиз Давлатбеков ўлими юзасидан кенгроқ мушоҳада юритганлар ҳам бўлди.
Ана шундай танқидий қарашда ёндошганлардан бири Тожикистонда рус тилида нашр этилувчи "Азия Плюс" газетаси бўлди.
У 2012 йил 4 январги нашрида қонли ҳодисани ҳар тарафлама таҳлил қилган. Айни нашрдаги бир неча мақола қайси омиллар Тожикистон фуқароларини ўз зўравонлик амалларини исломий шиорлар билан асослашларига туртки бўлаётганини кенгроқ тушунтиришга уринган.
Бир неча йилдан буён Тожикистон сиёсати умум миллий ҳуввиятни белгилашда этник ҳошиялардан қўлланишга ҳаракат қилиб келади.
Унинг фақат тожикларга мослаштирилгани бошқа миллатлар ва ўзлари учун яратилган умумий моделдан рози бўлмаган тожикларни ноқулай аҳволга солиб қўйган. Мисол учун, тобора кўпроқ сондаги ўзбеклар ўз паспортларини "тожик" қилиб ўзгартиришмоқда, рус миллатига мансуб Тожикистон фуқароси бўлиш ҳам ўз аҳамиятини аллақачон йўқотиб бўлган. "Азия Плюс" Парвез Назаров ўлими атрофидаги ҳолатларга айнан мана шу нуқтадан ёндашган.
Янги йилдан бир неча кун олдин, мисол учун, Тожикистон Уламолар Кенгашининг раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода янги йилни нишонлашни "тожиклар ва исломга мутлақо алоқаси бўлмаган" дея расман танқид қилиб чиқди. Жаноб Абдулқодирзода янги йил ўрнига форсларнинг қадимий наврўз байрамини қутлаш зарурлигига урғу берди. Таниқли диний уламо Ҳожи Акбар Тўражонзода эса қотилликни исломий нуқтаи назардан умуман оқлаб бўлмайдиган "шафқатсизлик" дея қоралаб чиқди. Давлат расмийлари этник ва диний бўлинишлар муҳитига қўшган ҳиссаларини жон-жаҳдлари билан пасайтиришга урина бошладилар.
Таъкидлаш жоиз, бу изоҳларнинг бирортаси Парвез Давлатбеков қотилларини жазодан сақлаб қола олмайди.
Аммо, улар нима учун айнан қорбобо либосини кийган йигитни янги йил арафасида нишонга олишганини тушиниб етиш учун биз расмий риторика ва ижтимоий муҳитга эътибор қаратишимиз лозим. Айнан шу нуқтаи назардан олиб қараганимизда, Давлатбековнинг фожиавий ўлими насроний қорбобонинг исломий фанатиклар томонидан қатл этилиши эмас, балки бир лаҳзада "бегона"га айланган ёш йигитга нисбатан ҳалокатли тажовуз рамзи деб таърифлаш мумкин.
Аксар Тожикистон фуқароларининг Советлар давридан қолган дунёвий янги йил анъанасини ёқтиришлари Абдулқодирзода ва унга ўхшаган давлат расмийларининг оддий инсонлар кундалик ҳаётидан қанчалар узоқда яшашига доир саволларни пайдо қилади.












