bbc.co.uk navigation

'Time': 'Қозоғистон ўз "араб баҳори"ни бошдан кечирмоқдами?'

Сўнгги янгиланиш 1 феврал 2012 - 15:02 GMT

Қозоғистонда охирги вақтларда мухолифат чиқишлари кузатилмоқда.

АҚШда чоп этиладиган "Time" журналида "Қозоғистон ўз "араб баҳори"ни бошдан кечиряптими" деган мақола чоп этилган.

Мақола муаллифи Ишан Тарурнинг ёзишича, Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олма Отада ноодатий бир ҳодиса рўй берди. 500га яқин киши норозилик намойишига чиқишди.

Улар 1991 йилдан бери бир шахс томонидан бошқариб келинган мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказилиши талаб қилишди.

Фаоллар мухолифат иштироки деярли рухсат берилмаган парламент сайловларини танқид қилдилар.

Кўринишича, расмийлар норозилик намойишининг рўй беришига қўйиб бердилар, лекин ундан кейинги жавобий муносабат ўзини узоқ куттиргани йўқ. Уч нафар таниқли мухолифат аъзоси қўлга олинди.

20 йилдан бери президент Нурсултон Назарбоевнинг режими у қадар қаршиликка юз тутгани йўқ. Лекин ҳозирда унинг ўнгида анчайин мушкулроқ синов намоён бўлаётгандек.

Декабр ойида Жанаозен шаҳрида бир неча ойдан бери иш ташлаб келган нефтчиларнинг полиция билан тўқнашуви оқибатида 16 киши ҳалок бўлди.

Маошларнинг кам эканлигини айтиб, иқтисодий талаблар билан бошланган норозилик ҳозирда сиёсий тус олаётган кўринади, дея хулоса қилади Ишан Тарор.

Жанаозендаги ҳодисалар мобайнида полиция томонидан куч ишлатилиши, маҳаллий маъмурият камчиликларини текширишга ваъда берган расмийлар шу билан бирга фуқаро жамиятининг демократпараст аъзолари ва мустақил матбуотни вазиятни таранглаштиришда ҳам айблай бошладилар.

Январ ойида ўтказилган сайловлардан кейин эса вазият янада таранглашди.

Сайловлар мобайнида қалбакилаштиришларга қўл урилгани ҳақида айбловлар янгради.

Сайловларни кузатиш учун келган халқаро кузатувчилар эса "демократик сайловлар андозларига мос келмади", деган хулосага келишди.

Ҳақиқий кўп фикрли сиёсий саҳнанинг вужудга келиши учун Қозоғистон ва шўролар давридан қолган "аппаратчик"лар таъсири остида қолаётган Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида йиллар, балкида ўн йилликлар керак бўладиган кўринади, дея ёзади Ишан Тарор.

Жаноб Назарбоев ўзини миллат раҳнамоси, кўп миллатли, мураккаб, табиий захирларга бой ва муҳим геополитик мавқега эга мамлакат учун бошқаруви лозим бўлган шахс сифатида тақдим этишга ҳаракат қилади.

Матбуотдаги хабарларга кўра, Қозоғистон расмийлари ҳозирда нефтчилар маошларини ошириб, Жанаозен шаҳрининг ўзига 300 миллион америка долларига тенг маблағ ажратишларини маълум қилганлар.

Маблағ ажратиш билан жорий вазиятни сақлаб туриш энг осон йўл. Лекин эндиликда бу ҳам иш бермаслиги мумкин.

Минтақада сиёсий ўзгаришларга чанқоқлик кузатилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.