BBC navigation

Қориларнинг қорилиги бирйўла олти давлат ҳарбийларига насиб этди

Сўнгги янгиланиш 25 январ 2013 - 11:48 GMT

"Қуръони Карим" тиловати бўйича исломий давлатлар Қуролли кучлари вакиллари иштирокида Эронда бўлиб ўтган халқаро танловда Судан, Иордания, Уммон, Покистон ва Фаластин ҳарбийлари энг олий мукофотларга лойиқ, деб топилишди.

Бу - Теҳроннинг бу каби халқаро тадбирга илк бор мезбонлик қилиши эди.

Танлов тўрт кун давом этган ва ғолиблар кеча пайшанба куни эълон этилганди.

Қориларнинг қорилиги мақомини қўлга киритиш учун эса, дунёнинг йигирмага яқин мусулмон давлатидан бўлган олтмишдан ортиқ ҳарбий беллашиб кўрганди.

Уларнинг орасида Афғонистон, Бангладеш, Малдив, Гвинея, Судан, Нигер, Иордания ҳамда Босния ва Герцоговина вакиллари ҳам бор эди.

Эрондан олинган хабарларга кўра, танлов қатнашчилари ўз рақибларини ортда қолдиришга уринишаркан, "Қуръон" сураларини ихлосу иштиёқ билан тиловат этишган.

Иштирокчиларнинг қорилик маҳоратию санъатини Индонезия, Миср, Малайзия, Ироқ ва Эронннинг ўзидан бўлган 12 мутахассисдан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолашган.

Дунёнинг исломий давлатлари қуролли кучлари ҳарбийлари иштирокидаги қорилар танловининг ўзи ҳар йили ўтказиб келинади.

Ўзлари илк бор мезбонлик қилган халқаро танловнинг расмий ёпилиш маросимида Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод шахсан иштирок этган ва нутқ ҳам ирод этган.

Эрон президенти, "Исломий давлат қуролли кучларининг аъзоси бўлиш буюк шараф экани, аммо уларнинг "Қуръони Карим"ни тиловат этиш ва сураларини ҳаётга тадбиқ эта олишлари бундан-да олийроқ шараф" эканини баён қилган.

Иштирокчилардан айримлари эса, танлов нафақат мусулмонлар бирдамлиги, балки исломий давлатлар бирлигини ҳам намоён этишини даъво этишган.

Аввалбошда Теҳронда бўлиб ўтган халқаро танловда элликка яқин мусулмон давлати юқори мартабали ҳарбийларининг иштирок этишлари кутилганди.

Аммо улардан фақат 20 га яқини эронлик ташкилотчиларнинг таклифларини қабул қилиб, мусулмон ҳарбийлар орасидаги халқаро "Қуръон" тиловати танловида иштирок этишга рози бўлишган.

Аён бўлишича, қолган мамлакатлардан айримлари конституциялари изн бермаслиги, бошқалари эса, ҳудудларида кечаётган уруш ва қуролли низолар боис, тўрт кунлик тадбирда қатнашолмасликларини билдиришган.

Танлов ташкилий қўмитасига Эрон Инқилоб Гвардиясининг Маданий ишлар бўйича қўмондони муовини генерал Муҳаммад Али Асудий бошчилик қилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.