
Равил Бухороев Би-би-си Ўзбек Хизматида тез-тез меҳмон ва истеъдодли ҳамкор эди.
Равил Бухороев Би-би-сида 15 йилдан кўпроқ фаолият олиб борганди. У каби истеъдодли ва содиқ дўст билан бирга ишлаш мен учун шараф бўлган.
Гапириш оҳанги, ўткир ҳазилкашлиги, истеҳзоси, ҳамма-ҳаммаси Равилнинг оддий рус зиёлиси эканидан дарак берарди. Лекин у кўпроқ татар зиёлиси эди...
Университетнинг математика факультетини битирган эса-да, у истеъдодли шоир, тақводор мусулмон ва ҳатто уламо эди.
Ана шу жиҳатлари билан Равил кўпларнинг эътиборига тушганди.
Равил билан суҳбатлашган одам унинг суҳбатига тўймасди, турли билимларнинг туганмас манбаи эди у.
У ҳақда энди ўтган замонда ёзиш осон эмас.
Равилнинг ўрни энди бўшлиги дўстлари ва ҳамкасблари орасида жуда-жуда билинади.
Замонавий тамаддунлар ва дин ўртасида диалог муҳимлигини англаб етганлар учун ҳам унинг ўлими катта йўқотишдир.
Равил Бухороевнинг насроний ва Ислом дунёси ўртасида кўприк яратиш ҳаракатлари БМТ ташкилотининг махсус орденига ҳам сазовор кўрилганди.
У ҳаётда ўта бағрикенг ва содиқ инсон эди. Диний илм ва тарғибот соҳасидаги фаолияти ҳам айнан бағрикенглик ва тоқатлиликка қаратилганди.
Равил ҳеч қачон ҳеч қаерга кеч қолмасди. Мен ва ҳамкасблари учун у интизом ва саришталиги билан ибрат эди.
Шунинг учун ҳам, Равил Би-би-сидаги фаолияти билан бирга кўплаб шеър, роман ва пъесаларни ёзишга муваффақ бўлган.
"Сонетлар дастаси" асарини эса, ўзи билган тўрт тилда - рус, татар, инглиз ва можар тилларида яратганди.
Бундан ташқари, у урду ва араб тилларидаги асарларни ўқий биларди.
Равил Татаристон мусиқа олами сабрсизлик билан кутган опера либреттосини охирига етказа олмай оламдан ўтди.
Равил Бухороевнинг Татристондаги мавқеи алоҳида бир мақолага жо бўлади.
Татаристонда "у ўта машҳур эди" дейиш етарли эмас. У Татаристонда афсонавий шахсга айланиб улгурганди.
Равил ҳамма учун вақт ажрата оларди - ижодига ҳам, оиласига ҳам, ўзининг севимли набирасига ҳам, ҳаммага.
Фақат у ўз саломатлигига эътибор бериш учун вақт топа олмади. Оғриқ ишга ҳалақит берса-да, эътибор бермасди...Шунинг учун, Равил бу дунёдан эрта кетди.










