BBC navigation

Ислом Каримов: 'Хитой-келажаги буюк давлат'

Сўнгги янгиланиш 20 август 2014 - 16:04 GMT

Президент Каримовнинг Хитойга ташрифи

00:02:45

Пекинда Хитой раҳбари Си Цзинпин билан музокаралар олиб борган Президент Каримов Хитойнинг "келажаги буюк" эканини айтган ва Ўзбекистон Хитой билан яқинлашишда давом этишини таъкидлаган.

Томоша қилишmp4

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Пекинда Хитой раҳбари Си Цзинпин билан музокаралар олиб борган Президент Каримов Хитойнинг "келажаги буюк" эканини айтган ва Ўзбекистон Хитой билан яқинлашишда давом этишини таъкидлаган.

Жаноб Каримов икки томонлама алоқалар билан бир қаторда Украина инқирозини ҳам муҳокама қилгани хабар қилинган.

Ўзбекистон раҳбари Хитойнинг уйғурлар яшайдиган Шинжон минтақасидаги бўлгинчиликка нисбат бериладиган "уч ёвуз куч"га қарши кураш сиёсатини яна бир марта дастаклаган.

Президент Каримов Хитой раҳбарининг ўтган йил сентябрида Ўзбекистонга қилган ташрифи икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкамланишида муҳим босқич бўлганини айтган.

Бу жаноб Каримовнинг Украина инқирози бошидан буён Хитойга иккинчи сафари.

Ҳар икки давлат Россиянинг Украина сиёсати юзасидан эҳтиёткор муносабат билдириб келади.

Минтақадаги таҳлилчилар Ўзбекистон Украина инқирози манзарасида постсовет ҳудудида дипломатик ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилаётганига эътибор қаратишади.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида амалда Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиб чиққан ягона давлат бўлган.

Расмий Тошкент бошқа қўшниларидан фарқли ўлароқ, Қримнинг Россия томонидан аннекция қилинишини қўллаб-қувватламаган.

Сўнгги ойларда расмий Тошкент минтақадаги деярли барча қўшнилари билан муҳим сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказган.

Тошкентнинг ўзи очиқча душман деб атамаган бўлса ҳам, дўст сифатида кўрмаган Тожикистон ва Туркия билан алоқаларни қайта йўлга қўйиши Россиянинг постсовет ҳудудидаги империячи сиёсатига қарши бир нави иттифоқ яратиш уринишлари сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Ўтган ой Президент Каримов Тошкентда Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғлини қабул қилган ва келаси ой унинг сўнгги олти йилда биринчи марта Тожикистонга сафар қилиши кутилмоқда.

Иқтисодий ва сиёсий белбоғ

Жаноб Каримов Ўзбекистон Хитойнинг "Ипак Йўли Иқтисодий белбоғи" ва бошқа лойиҳаларида фаол рол ўйнаш истагида эканини билдирган.

"Ипак Йўли Иқтисодий белбоғи" лойиҳаси Россиянинг Овросиё ҳамда АҚШнинг "Янги ипак йўли" лойиҳаларига рақобатчи лойиҳа сифатида кўрилади.

Марказий Осиёдан бошлаб Қафқосгача узанган йирик иқтисодий ҳудуд барпо этишни кўзлаган лойиҳа Қримни ҳам ўз ичига олган ва Россияни четлаб ўтиши кўзда тутилганди.

Россия матбуотининг маълумотларига кўра, Украина Хитойга Қримнинг бир қисмида эркин иқтисодий ҳудуд барпо этишга рухсат берган.

Россия нашрлари Хитой шунингдек, Қримда янги аэропорт, нефт ва газни қайта ишловчи заводлар ҳамда оромгоҳлар яратишни режалагани ҳақида ёзган.

Аммо Қримнинг Россия томонидан аннекция қилиниши Хитой лойиҳасига қандай ўзгартиришлар киритгани маълум эмас.

Ўтган йилларда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда Россия ва Хитой асосий сармоядорлар бўлиб келишган.

Аммо ҳозирда ғарбнинг иқтисодий жазо чоралари Россияни заифлатиши асносида кузатувчилар Хитой асосий сармоядорга айланишини башорат қилишмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон Хитой билан умумий қиймати 15 миллиард доллар миқдоридаги шартномаларни имзолаган.

Пекиндаги музокаралар чоғида Си Цзинпин Хитой Ўзбекистонга сармоялар миқдорини янада ошириш ниятида эканини айтган.

Ўтмишда Ғарб Хитойнинг Марказий Осиёдаги мақсадлари шафоф эмаслигидан ташвиш билдирган ва Марказий Осиёнинг айрим давлатлари, хусусан, Қозоғистонда Хитой экспанциясидан ҳавотирлар мавжуд.

Аммо таҳлилчиларга кўра, 30 миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистон Хитойнинг демографик экспанциясидан қўрқмайди.

Президент Каримов ўтмишда Хитойни инсон ҳуқуқлари ва демократиядан "маъруза ўқимагани" учун ҳурмат қилишини айтган.

Таҳлилчилар яна бир муддатга президентликда қолишни режалаётган 76 ёшли Ислом Каримов учун Хитойнинг сармоялари ва сиёсий дастаги муҳим эканини айтишади.

Уларга кўра, жаноб Каримов ҳамма вақт қудратли давлатларнинг манфаатлари ўртасида мувозанат ўрнатишга ҳаракат қилиб келган ва кўпинча бунинг уддасидан чиққан.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.