Тожикистон: Ижтимоий тармоқлар ва мухолифат босим остида

  • 8 Август 2014

Тожикистон 2015 йил феврал ойидаги парламент сайловларига ҳозирланаркан, ҳукумат ижтимоий тармоқлар ва сиёсий мухолифатга қарши босимларини кучайтирмоқда.

Мамлакат Ахборот Хизмати қароргоҳи хорижда жойлашган қатор ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйган. Мухолифат раҳбарлари ҳукуматни ўзгача қарашдагиларга зарба бериш учун "ғайриоддий" усулларни қўллаётганликда айблашади.

YouTube ва Одноклассники тўсиб қўйилди

9 июлда баъзи интернет провайдерлари расмийларнинг "оғзаки кўрсатмаси" асосида YouTube видео-порталига тўсиқ қўйганлари ҳақида маҳаллий мустақил матбуот хабар берди.

10 кун ўтиб, Россиянинг Оdnoklassniki.ru интернет ижтимоий тармоғига кириш имконсиз бўлиб қолди.

Тожикистондаги Би-би-си Мониторинг билан суҳбатлашган фойдаланувчилар шу кунларда ҳам бу икки сайт ёпиқ қолаётганини билдиришган.

Тожик ахборот гуруҳлари ҳукуматнинг маълумот манбаларини бўғишдек "ноқонуний хатти-ҳаракатлари"ни қоралаб чиқишган.

Вақти-вақти билан Facebook ижтимоий тармоғига ҳам тўсиқ қўйиб келинган

Аммо, мамлакат Ахборот Хизмати айбловларни рад этаркан, муаммони "техник сабаблар" билан изоҳлаган.

Interfax ахборот агентлигининг хабар қилишича, олдинроқ интернет провайдерлари уюшмаси раҳбари ижтимоий тармоқларда "Сурияда жанг қилаётган тожик жангарилари" фаол бўлиб қолганларини айтган ва айни мана шу ҳолат ҳукуматни ушбу сайтларга тўсиқ қўйишга ундаган бўлиши мумкин.

Бироқ, Тожикистон ҳукумати мамлакатда оммабоп ижтимоий тармоқларни илк бор беркитаётгани йўқ.

Яқин йиллар асносида YouTube билан бирга Facebook ижтимоий тармоғига ҳам вақти-вақти билан тўсиқ қўйиб келинган.

Тожикистон Ахборот Хизматига кўра, мамлакатнинг 8 миллионлик аҳолисининг қарийб ярми интернетдан фойдаланиш имкониятига эга.

Мустақил телеканаллар йўқ

Тожикистон ҳукумати турли йўллар билан мустақил шахслар ва мухолифат гуруҳларнинг ТВ каналлар очиш учун лицензия олиш ҳаракатларига халақит бериб келади.

Мамлакатдаги мустақил телевизион каналлар ташкил қилишга оид қатор саъй-ҳаракатлар ҳозиргача натижасиз қолмоқда.

2013 йил августида Москвада тожик тилида "Сафо" сунъий йўлдош телеканали иш бошлаган ва Тожикистон ичкарисидаги мустақил телеканалларни чеклаш сиёсати самара бермагандек кўринганди. Аммо, "Сафо" 8 ноябрга келиб фаолиятини тўхтатди.

Бир кун ўтиб, хусусий TojNews ахборот агентлиги Hotbird сунъий йўлдоши орқали эфирга узатиладиган ТВ тармоғи ҳужумга тутилгани ҳақида хабар берди.

Тожикистон "Телерадиоком" ширкати тўлқинларни бўғишда масъул кўрилган, аммо ширкат мамлакатда бу каби техник имкониятлар йўқлигини айтиб, айбловларни рад этди.

Мухолифатга босимлар

Айни пайтда тожик сиёсий мухолифатига босимлар ошиб бормоқда. Тожикистон Исломий Уйғониш Партияси юқори мартабали аъзоларидан бири Саодатшо Адолатов "диний адоват қўзғаш" айбловлари билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мухолиф партия унга қўйилган айбловлар "ёлғон" ва "унинг сиёсий фаолиятига жавоб" деб ишонади.

Жорий йилнинг февралида "AsiaPlus" ахборот агентлиги расмийлар Тожикистон Исломий Уйғониш Партияси йиғинларини бузиш учун аёллардан фойдаланаётгани ва СМС мактублар орқали партия аъзоларига таҳдидлар қилинаётгани ҳақида хабар берди.

Тожикистоннинг коррупцияга қарши кураш агентлиги Тожикистон Исломий Уйғониш Партияси раҳбари Муҳиддин Кабирийнинг мол-мулкига қарши иш очган.

2013 йилнинг декабрида эса, тадбиркор ва собиқ саноат вазири Зайд Саидов қатор жиддий айбловлар билан 26 йилга ҳукм қилинди.

У 2013 йилнинг майида янги мухолиф партия тузиш ниятини эълон қилиши ортидан ҳибсга олинганди.

Мазкур амаллар "Тожик мухолифатини молиявий заифлаштириш"га қаратилган деб кўрилади.

Яна бир хусусий Озодагон ҳафталик нашри ҳукумат "барча усуллар билан диссидентларни бостиришни" исташи ҳақида ёзган.

Олдинда парламент сайловлари

Интернетдан фойдаланувчилар ўсиб бораркан, веб матбуотини қаттиқроқ жиловлаш ҳаракатлари анъанавий тус олган. Айниқса, бу ижтимоий-сиёсий тадбирлар, жумладан, сайловлар пайти яққол кузатилади.

Аммо, кузатувчиларга кўра, матбуот, интернет ва мухолифатга бу қадар кенг миқёсли босим 2005 йил парламент сайловларидан бери йўлга қўйилмаганди. Ўшанда Украина ва Гуржистондаги "рангли инқилоблар" ва Қирғизистонда президент Асқар Ақаевнинг ағдарилиши манзарасида кузатилганди.

"Афтидан, Тожикистон жамиятига босим кучаяди ва бу барча ҳатти-ҳаракатлар парламент сайловлари олдидан мухолифатга қарши катта кўламда ҳужум кутилаётганига ишора қилади", дейди Марказий Осиё-Қофқоз институти ва Ипак йўли тадқиқотлари дастури қўшма маркази тадқиқотчиси Қирғизбек Қонунов.

Бошқа бир сиёсатшунос Парвиз Муллажонов мазкур амалларни инқироздан чиқишнинг йўли сифатида кўрмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ