Афғонистонни НАТО тарк этиши минтақа раҳбарларини хавотирга солган

  • 6 أغسطس/ آب 2014

Марказий Осиёдаги мамлакатлар ҳукуматлари Афғонистондан НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин минтақада хавфсизликка қатор таҳдидлар юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқдалар.

Бу таҳдидлардан бири Яқин Шарқда жанг қилаётган жиҳодчи гуруҳларнинг қўшни Афғонистонга қайтишидир.

Шунингдек, гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтиш кўпаяди ва қочқинлар сони ҳам ортади, деган қўрқувлар бор.

Собиқ Шўро давлатлари - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўз қуролли кучларининг жанговор қобилиятларини ошириш чораларини ҳам кўришни бошлаганлар.

Бу беш давлат аҳолисининг аксарини мусулмонлар ташкил қилади.

Ўзбекистон ва Тожикистонга таҳдидлар

Афғонистоннинг шимолий қўшнилари билан сарҳадлари 2200 километрча масофага чўзилган. 2001 йили Толибон ҳокимияти қудратдан ағдарилганидан кейин нисбатан тинчиган Афғонистон шимоли яна зўравонликлар саҳнасига айланган. Толибон ва "Ал-Қоида" билан яқин алоқаларга эга Ўзбекистон Исломий ҳаракатига ўхшаш жангари гуруҳлар охирги вақтларда шимолий Афғонистонда фаолиятларини кучайтирганлар.

Тожикистоннинг Афғонистонга чегарадош Бадахшон минтақаси 2012 йилдан буён қатор хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисаларга гувоҳ бўлди.

Ҳам Тожикистон ва ҳам Ўзбекистон президентлари чегараларни мустаҳкамлаш ва ўз армиялари қудратларини ошириш зарурияти муҳимлигини урғуладилар.

"(НАТО кучлари) олиб чиқиб кетилиши Афғонистонда ички исёнкорликнинг жиддий тарқалишига олиб келиши мумкин: экстремизм, терроризм ва наркотик траффикини жиддий кўпайтириши, нафақат Марказий Осиёнинг, балки ундан ташқаридаги сарҳадларнинг хавфсизлик ва барқарорлигига таҳдидни ошириши мумкин", деб айтганди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг 2013 йил сентябрида Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган саммитида.

Шу йилнинг май ойида жаноб Каримов НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш муддатини ортга суриш таклифини илгари сурди.

Туркманистонга таҳликалар

Исёнчиларнинг Афғонистон ҳудудидан Туркман чегара постлари ва патрулларига бир неча бор ҳужумлар уюштиргани, жангариларнинг бу мамлакат ҳудудига ўтишга уринганлари Тожикистонда фаолият юритадиган хусусий asiaplus.tj веб-сайтининг диққатини ўзига тортган.

Веб-сайт бу ҳақда 3 июн куни мақола эълон қилган.

Туркман мухолифатининг chrono-tm.org веб-сайтида 2014 йил январида эълон қилинган мақоласида журналист Айша Бердиеванинг ёзишича, агар Толибон жангарилари Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош вилоятлари устидан назоратни қўлга киритсалар, улар Туркманистон давлатининг нейтралитет мақомини рад этишлари мумкин.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати таҳдидлари

Минтақадаги матбуот, Афғон ҳукумати ва НАТО тарқатаётган хабарлар Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг шимолий Афғонистондаги кўплаб террорчилик ҳодисаларига алоқадорлигини тасдиқлайди. Бу жангарилар мамлакатнинг фақат шимолий чегаралари билан чекланиб қолмасликлари борасида табиий хавотирлар юзага келган.

Шу йил июн ойида эълон қилинган ҳисоботида БМТ экспертлари, "Ал-Қоида"га алоқадорлар, шу жумладан, ЎИҲ мавжудлиги Афғонистон, Жанубий ва Марказий Осиё ҳамда кенгроқ халқаро ҳамжамиятга тўғридан-тўғри террорчилик хатарини яратади", деб ёзганлар.

Марказий Осиёга нисбатан Ўзбекистон Исломий ҳаракати "мустақил сиёсий дастурга эга, бунда Афғонистон шимоли стратегик ролни ўйнайди", деб ёзган chrono-tm.org веб-сайти шу йил май ойида.

Тожик хавфсизлик зобити, полковник Умед Назаровнинг июн ойида қайд этишича, Афғонистоннинг қатор вилоятларида "террорчилик фаолиятининг кучайгани" Марказий Осиёга бостириб киришга "потенциал тайёргарликдан нишона бермоқда". Душанбе шаҳрида жойлашган Farazh веб-сайти ёзишича, бошқа экспертлар Афғонистон ташқарисидаги кучлар НАТО қўшинларининг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш мақсадида минтақани беқарорлаштиришлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Олмониялик Марказий Осиё ва Покистон бўйича эксперт Гунтер Кнабе ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг яна фаоллашишидан Тошкент ҳукумати учун хавотирларга қатор сабабларни кўради. Июл ойида Гунтер Кнабенинг Deutsche Welle радиосига айтган сўзларидан uznews.net веб-сайти шундай иқтибос келтирган: ЎИҲ минтақанинг сиёсий ва ҳарбий келажаги учун курашда аҳамиятли рол ўйнашга тайёрлигини намоён этмоқда".

ЎИҲ тарихи

ЎИҲ(Туркистон Исломий Фирқаси, Туркистон Исломий ҳаракати ва Таҳрики Исломии Ўзбекистон номлари билан ҳам танилган) гуруҳи 1990 йиллар бошларида Ўзбекистон ҳукуматини ағдариб исломий халифалик барпо этиш мақсадида ташкил этилган. Кейинроқ ўз мақсади ҳудудини бутун Марказий Осиёга ёйишга қарор қилган.

1990 йиллар охирида ЎИҲ Афғонистондан паноҳ топади. Ўзбекистон ҳудудида гуруҳ аъзоларига қарши ҳукумат томонидан кўрилган қаттиқ чоралар ва мамлакат ичкарисида етарли дастакка эга бўлолмаган гуруҳ аввал Тожикистон, кейин эса Афғонистонга кўчишга мажбур бўлади.

АҚШ етакчилигидаги кучларнинг 2001 йилда Афғонистонга ишғоли пайтида ЎИҲ катта талофотлар беради ва Покистоннинг қавмлар назорати остидаги ҳудудлардан паноҳ топади.

АҚШ кучлари томонидан 2003 йилдан кейин ЎИҲнинг камида уч раҳбари ўлдирилган.

ЎИҲ Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида кичик гуруҳларни ташкил этгани хабар қилинган: Қозоғистонда "Жунд ал-Хилафа", Қирғизистонда "Жайш ал-Маҳди" ва Тожикистонда "Жамоати Ансоруллоҳ".

Покистондаги ҳарбий амалиётлар ЎИҲ жангариларини шимолий Афғонистонга қочиб ўтишга мажбурлаган деб ишонилади.

ЎИҲнинг Карачи аэропортига ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олиши ортидан 2014 йил 15 июнида Покистон хавфсизлик кучлари асосан шу гуруҳни нишонга олиб ҳарбий амалиётларни бошлади.

Охирги йиллардаги кўплаб йўқотишларга қарамасдан, ЎИҲ Вазиристонда фаолият юритаётган "энг ҳарбий қобилиятли ва матбуот эътиборини тортаётган жиҳодий куч бўлиб қолмоқда", деб ёзди Покистонда нашр қилинадиган "Янгиликлар" рўзномаси. Бугун ЎИҲ аъзолари орасида Ўзбек, Тожик ва Қирғиз миллатига мансублардан ташқари Уйғур, Туркман, Турк, Афғон, Араб, Хитойлик, Чечен, Олмон, Норвег ва Руслар ҳам бор, дея қўшимча қилади рўзнома.

Россия ҳарбий аралашуви

Россия Тожикистон ва Қирғизистонда ўз ҳарбий базаларини сақлаб қолиш мақсадида бу мамлакатларга 200 миллион ва 1 миллиард 100 миллион долларлик кўмак ваъда қилган. Бунинг эвазига Тожикистондаги Россия базасини 2042 йилгача қолдиришга, Қирғизистондан эса АҚШ базасини шу йилда ёпишга эришишга қарор қилинган.

Тожикистонда Россиянинг энг йирик хорижий ҳарбий базаси жойлашган, у ерда 7000 тача ҳарбий хизмат қилади.

Россия ўз чегарачиларини Тожикистон сарҳадларига ҳам жойлаштиришни истайди, бироқ бунга Душанбе рўйхушлик бермай келади. Россия чегарачилари Тожик-Афғон чегарасидан 2005 йилда олиб чиқиб кетилган эди. Минтақа мамлакатлари орасида Афғонистон билан умумий сарҳади энг узуни Тожикистондир.

Москвадаги Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Алексей Малашенко айтишича, Россия ҳарбийлари Афғонистондан келаётган таҳдидни бўрттириб кўрсатишни ёқтирадилар, чунки бу "Россиянинг минтақадаги сиёсий ва ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолиш учун баҳонадир".

Бироқ реал хатар мавжуд, буни 2014 йил феврали ва майида Афғон чегарасини қўриқлаб турган олти Туркман чегарачиси ўлдирилгани ҳам тасдиқлайди.

Жиҳодчиларнинг Яқин Шарқдан қайтишлари

Хабарларга кўра, юзлаб асли марказий осиёлик жангарилар Сурия ва Ироқда юз бераётган жангларда иштирок этмоқдалар.

Қозоғистонлик олим Ерлан Карин айтишича, марказий осиёликларни Ироқ ва Шом Исломий Давлати(ИШИД) сафларига ёллаш ҳамон давом этмоқда. Жаноб Карин сўзларига кўра, бу гуруҳлар сон жиҳатидан кичик бўлишлари мумкин, бироқ улар "жуда фаол ва жуда радикал". Бу жангарилардан келажакда ўз ватанларига қарши фойдаланишлари мумкин. "Бундай ҳодисалар аллақачон юз бермоқда. Суриядан ватанига қайтган Қирғизистоннинг 25 фуқароси қамоқхонада террорчилик хуружини ташкиллаштиришга уриндилар", дея Кариндан иқтибос келтирган июн ойидаги мақоласида Олма-Отада жойлашган tengrinews.kz веб-сайти.

Қозғистон хавфсизлик раҳбари Нуртай Абикаев "радикал диний мафкураларни экспорт қилиш" таҳдидлари мавжудлигидан хавотир билдириб чиқди. "Террорчи қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш тажрибасини қўлга киритган ва радикал мафкураларни ўрганган" Қозоғистон фуқаролари ватанига таҳдид уйғотиши ҳақида айтган Нуртай Абикаев. Шунингдек, у давлат чегара идорасини ривожлантириш ва жиҳозлаш билан боғлиқ 2020 йилгача мўлжалланган ҳар тарафлама режа ишлаб чиқилгани, янги чегара постлари барпо этилиши, янги автомобил ва асбоб-ускуналар харид қилиш мўлжаллангани ҳақида айтган Остонада жойлашган "Казахстанская правда" рўзномасига.

"Ҳизбут-Таҳрир" хатари

Марказий Осиё мамлакатлари "Ҳизбут-Таҳрир" таҳдиди билан ҳам рўпара келган.

Покистонда жойлашган Ummat рўзномаси веб-сайтининг 14 июн куни ёзишича, Карачи аэропортига ҳужумдан кейин Ўзбек жангарилари гуруҳининг сафи ортган. Бунга ёшларнинг Tahrik-e Taleban Pakistan ёки Покистон Толибонидан қониқмаслиги, ҳарбий амалиётлар ва дрон ҳужумлари сабаб бўлган, деб айтишган Покистон рўзномасига қавмлар назоратидаги ҳудудлардаги ишончли манбалар.

Ўша манбаларга кўра, ЎИҲ жангарилари аксарининг "Ҳизбут-Таҳрир" билан алоқалари бор, чунки уларни исломий халифат барпо этиш ғояси бирлаштиради. Гуруҳ Афғонистон шарқи ва жанубида, шимолдаги Қундуз вилоятида ҳарбий тайёргарлик марказларини ташкил этган. У ерларда тайёргарликдан ўтган жангарилар тез-тез Чеченистон, Яқин Шарқ, Сурия ва Ироққа сафар қилиб турадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ