Акаев ташрифи 'учинчи Қирғиз инқилоби'га сабаб бўлармиди?

  • 5 Август 2014

Акасининг дафн маросимига бориб келишга қарор қилган Қирғизистон собиқ президенти Асқар Акаев сўнгги дақиқада қарорини ўзгартирган.

Бу ҳақда Асқар Акаевнинг ватанига қайтишини ташкиллаштириш билан шуғулланаётган дастакловчилари хабар қилганлар.

3 август куни Қирғизистон собиқ президентининг 82 ёшли акаси Болот Акаев оламдан ўтган.

Бироқ 5 август кунига мўлжалланган дафн маросимидан олдин Асқар Акаевни Москвадан учиб келган учоқдан кутиб олиш учун чиққанлар унинг ўғли Илим Акаевни қарши олганлар.

Бундан олдин 69 ёшли Асқар Акаев агар жорий Қирғизистон ҳукумати ўзининг ватанига бориб келишига изн берса акасининг дафн маросимида қатнашиш истагида эканини айтганди.

Жаноб Акаевнинг Қирғизистонга қайтишини ташкиллаштираётган тарафдорларининг айтишларича, улар агар Асқар Акаев Бишкекка келадиган бўлса, ҳибсга олмаслик ҳақида кафолат беришини Қирғиз расмийларидан сўраганлар.

Бироқ бу мурожаатга расман ҳеч қандай жавоб бўлмаган.

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова жаноб Акаевга прокуратуранинг "бир неча саволи бор"лигини айтган.

"Шундай вазият юзага келдики, агар Акаев келадиган бўлса, уни терговга чақиришлари ва бунинг ортидан ҳибсга олишлари мумкин эди. Бунга жавобан унинг тарафдорлари митингга чиқишлари ёки мухолифатга қўшилишлари, бу эса тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин эди", деб айтган Акаев сафдошларидан бири Бекболот Талгарбеков Қирғизистондаги КирТАГ ахборот агентлигига.

Жаноб Талгарбеков сўзларига кўра, Бош прокурор Аида Салянованинг баёноти билан Қирғизистон ҳукумати Асқар Акаевнинг ватанига келишига "қарши эканини намойиш этган".

Шундан сўнг "биз аэропортга бораётган Асқар Акаевни йўлидан қайтардик", деб айтган собиқ ҳукумат аъзоси.

Асқар Акаев 1990 йилдан 2005 йилгача Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаган.

"Лола инқилоби" деб аталган ва жаноб Акаевнинг қўли остида бош вазир бўлган ва кейинчалик мухолифатга қўшилган Қурманбек Бакиевни ҳокимиятга олиб келган 2005 йил апрелидаги инқилоб унинг 15 йиллик ҳокимиятига чек қўйди.

Қирғиз расмийларига кўра, Асқар Акаевга қарши бир неча банддан иборат жиноят иши қўзғатилган.

2010 йили жаноб Акаевнинг дахлсизлиги бекор қилинган.

"Лола инқилоби"дан кейин Россияга қочган академик Асқар Акаев Москва Давлат университетида дарс бериб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02