Оврўпо афғон-ўзбек чегарасида бозорлар очмоқчи

  • 3 يوليو/ تموز 2014
Кўпчилик бу кўприк савдо-сотиқ билан гавжумланишини истайди

Оврўпо Иттифоқи баёнотига кўра, эндиликда чегара хизматлари ҳамкорлиги ва тижорий алоқалар кучайтирилади. Натижада эса тожирлар, чегарадан ўтувчи йўловчи сайёҳлар ҳамда шимолий Афғонистон аҳолиси катта фойда кўрадилар.

Минтақадаги ёпиқ ва чегара оша кичик ҳамда ўрта савдони қаттиқ назоратга олиб келаётган Ўзбекистон ва Туркманистоннинг мазкур лойиҳага жалб этилиши Афғонистонни Марказий Осиё билан интеграцияга киритиш йўлидаги йирик қадамдек кўринади.

Негаки, аллақачон Тожик-Афғон чегаралари бўйлаб бошланган илк босқичда савдо-сотиққа катта эътибор қаратилмоқда.

Лекин иқтисодий ришталарни кучайтариши ўзаро товар алмашиш, тужжорларнинг чегаралардан ўтиб-қайтиши ва миллий валюталарнинг эркин конвертациясини тақозо этади. Ўзбекистон эса бундай шарт-шароитларни қанчалик таъминлайди - аниқ гап айтиш қийин.

Аксинча, НАТО чиқиб кетиши ортидан Афғонистоннинг нотинчланиши эҳтимоллари кучаяркан, Тошкент ҳам, Ашхобод ҳам ўз жанубий чегараларини янада қаттиқроқ назорат қилишга киришишлари эҳтимоли катта.

Кобулнинг шимолий имконияти

Айни дамда, Ғарбдаги қатор кузатувчилар Афғонистонни айнан дунёвий ва нисбатан тинч Марказий Осиёга уйғунлаштиришни ҳам исташади. Узоқ йиллар фақат Эрон ва Покистон билан борди-келди ҳамда савдо-сотиқ қилиб келган Афғонистон кўп жиҳатдан бу икки давлатга яқинлашган.

Кобулда ҳукумат учун маслаҳатчилик қилган америкалик тарихчи олим Томас Барфельд, масалан, Марказий Осиёга яқинлашиш Афғонистонни улкан маданий ҳамда иқтисодий ютуқлар сари бошлайди деган фикрда.

Лекин Ўзбекистон Афғонистон ва Покистонда яширинган ўзбек жангариларидан хавотирлари боис ўз жанубий дарвозаларини катта очишга шошилаётгани йўқ.

Афғон тужжорлари учун Ўзбекистон визасини олиш ўта қийин. Афғонистондаги ўзбеклар сайёҳ сифатида Бухоро ё Самарқандни кўриш орзулари кўплигини, лекин виза олиш оддий одамлар учун деярли имконсизлигини айтишади.

Термез-Мозори Шариф темир йўли - Афғон ҳукумати, тижоратлар ва ғарблик кучлар учун ҳам ўта муҳим

Шунга қарамасдан, Термез-Ҳайратон чегара ўтиш маскани Афғонистонни ташқи дунё билан боғлайдиган иккита йирик йўлдан бирига айланди. Мамлакат учун ўта муҳим маҳсулотларнинг ярмидан кўпи айнан шу йўл орқали келиши айтилади.

Олмония қўллови ва Осиё Банки ёрдами билан Ўзбекистон Термездан то Мозори Шариф шаҳригача темир йўл ётқизди.

Ушбу темир йўл Афғонистондаги ғарб кучлари ва йирик тожирлар ҳамда давлат миқёсидаги тижорат учун катта енгиллик яратган.

Чунки Афғонистон нафақат Марказий Осиё, балки Россия ҳамда Хитой билан ҳам з тижорий муносабатларини кучайтариш учун бу йўлга эҳтиёжманд.

Аммо Афғонистондаги нотинчлик ва Марказий Осиё давлатлари орасидаги таранг муносабатлар боис минтақани Афғонистонга олиб чиқадиган йўллардан самарали фойдаланиб бўлмаяпти.

Тожикистон ва Туркманистон, масалан, Ўзбекистонни айланиб ўтиб, Афғонистон орқали уларни ўзаро боғлайдиган темир йўл қуришга киришганлар.

Иқтисодчиларнинг ўйлашича, Ўзбекистоннинг хавфсизлик хавотирлари мамлакатнинг минтақавий савдо-сотиқ ва тижоратга тўла қўшилишига тўсқинлик қилмоқда.

Шунга қарамай, аксар қўшнилари билан чегара оша борди-келдини кескин чеклаётган Ўзбекистон ё Туркманистон ҳали яқин орада Афғонистонга ўз чегараларини кенг очадилар, деб ишониш қийин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ