"Қирғизистонлик аёллар орасида Сурияга жиҳодга кетаётганлар бор"

  • 3 Июл 2014
Суриядаги жангарилар сафида марказий осиёликлар ҳам борлиги айтилади.

Қирғизистон Ички Ишлар вазирлиги мулозими Рискулбек Жапаркуловнинг Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида айтишича, ўнга яқин қирғизистонлик қиз-жувонлар Сурияга "муқаддас урушга отланиб, у ерда экстремистик фаолият билан шуғулланмоқдалар".

Жапарқуловнинг сўзларига кўра, айни пайтда Қирғизистонда эркаклар билан бир сафда аёлларнинг ҳам халифалик тузиш ғояларини фаол тарқатаётганлари аниқланган.

"Бундай кайфиятдаги аёллар сезиларли ошгани кузатилмоқда. Таққослаш учун, 2005 йилда экстремистик фаолиятда аёлларнинг улуши 1 фоиздан кўпроқни ташкил қилган бўлса, ҳозирга келиб бу 20 фоиздан кўп", деб ёзади 24.kg веб саҳифаси Жапарқуловга иқтибосан.

Қирғиз расмийси таъкидлашича, айни пайтда Суриядаги Ассад армиясига қарши курашаётганлар орасида тахминан 80 та Қирғизистон фуқаролари бор.

Ички Ишлар вазирлигидаги маълумотларга қараганда, 2014 йилда Қирғизистонда террористик ташкилотларга боғлиқ ўндан ортиқ ҳолатлар аниқланган ва 145 киши тақиқланган исломий гуруҳларга аъзолик айблари билан ҳибсга олинган.

Қирғизистон мулозимининг сўзлашича, фуқароларнинг Сурияга урушга отланишга айнан нима мажбур қилаётгани номаълум.

Бироқ "ёш-ёш йигитларни, қиз-жувонларни жиҳодга ундаётган экстремист шахслар ўз мақсадлари учун интернетдан кенг фойдаланмоқдалар", дейди Жапарқулов.

Унинг маълум қилишича, бундай ҳолатлар энг кўп Жалолобод, Ўш вилоятлари ва Бишкек шаҳрида қайд этилган.

Рисқулбек Жапарқулов Қирғиз ҳукумати фуқароларнинг хавфли йўлга кириб қолишини олдини олиш мақсадида тегишли чоралар кўраётганини билдиради.

Бундан олдинроқ Тожикистон ва Қозоғистон расмийлари ҳам бу мамлакатлар фуқаролари Суриядаги ҳарбий амалиётларда иштирок этаётганидан хавотирлар билдириб чиқишганди.

Жумладан, Сурияга мужоҳидликка кетган қозоғистонлик бир гуруҳ ёшларнинг суратлари эълон қилинган.

Сўнгра ижтимоий тармоқларда "Имом Бухорий" исломий жабҳасининг Сурияда жанг қилаётган ўзбеклар ҳақида видеолавҳаси пайдо бўлган эди.

"Имом Бухорий жамоати" деб номланган Ўзбек жангарилари гуруҳининг Суриядаги "Ал-Нусра жабҳаси"нинг иттифоқчиси экани хабар қилинган.

"Ал-Нусра жабҳаси" "Ал-Қоида"нинг Суриядаги бўлими деб кўрилади.

Бундан ташқари Сурияда асли қофқозлик жангарилардан таркиб топган "Жайши ал-Муҳажирун вал-Ансор" деб номланган гуруҳ ҳам Сурия ҳукумати армиясига қарши жанг қилаётгани айтилади.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02