BBC navigation

Россия: муҳожирлар ӯлиб келаверса, оилани ким боқади?

Сўнгги янгиланиш 12 июн 2014 - 14:01 GMT

Кейинги бир йилу тӯрт ой давомида Россиянинг фақатгина Москва шаҳри ва Москва вилоятида 500 нафардан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожири ва муҳожирларнинг болалари дунёдан ӯтган.

Бу ҳақда Россиядаги «Тожик меҳнат муҳожири» ижтимоий ҳаракати раҳбари Каромат Шарипов маълум қилади.

Ижтимоий ҳаракатнинг веб-сайтида Москва ва унинг атрофида вафот этган тожикистонликларнинг тӯлиқ рӯйхати келтирилган. Каромат Шариповнинг айтишича мазкур рӯйхат Москвадаги ӯликхоналарнинг биридан олинган. Агар Россия бӯйича бу маълумотлар олинадиган бӯлса, рақамлар янада ташвишли кӯринишга эга бӯлади, дейди у.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг дунёдан эрта кетиш сабаблари турлича. Лекин улар орасида энг кӯп учрайдиганлари: юрак хасталиги, кӯп қаватли бинолардан йиқилиб ӯлиш, дӯппослаш ё ӯткир-ӯтмас нарсалар билан ӯлдириш, исланиш натижасида заҳарланиш кабилардир.

Масалан, 21 ёшли Отажон Абдуалазизов юқоридан қулаб тушган ва жигари эзилиб, жон берган.

43 ёшли Муртазо Амирбеков ҳам бинодан қулаган ва бош суяги мажақланган. 22 ёшли Маҳмуджон Ӯрозовнинг ҳаёти ҳам кӯп қаватли иморатдан йиқилиши натижасида узилган.

Баҳром Неъматов, таҳлилчи

"Аксар ҳолларда жиноятчилар топилмайди, топилган тақдирда ҳам уларга ӯта енгил жазо берилади. Ана шунинг учун ҳам кӯча-кӯйларда, шаҳар ташқарисидаги нақлиётда меҳнат муҳожирларини дӯппослаш, ӯлдириб кетиш ҳоллари давом этмоқда"

Таҳлилчиларнинг айтишларича, қурилиш ё бошқа иш объектларида ишлаб турган ерида ҳалок бӯлишларнинг сабаби аниқланган бӯлса-да, техника хавфсизлиги шароитларини яратиб бермаган иш берувчиларга нисбатан жазо қӯлланмайди. Қайтага, кӯпинча марҳумларнинг ӯзлари техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмасликда айбланадилар.

Фақатгина иш берувчилар эмас, балки миллатчилик ёки ирқчилик қилиб, инсон ҳаётига чанг солганлар ҳам кӯпинча жазодан қутулиб қолишади. «Аксар ҳолларда жиноятчилар топилмайди, топилган тақдирда ҳам уларга ӯта енгил жазо берилади. Ана шунинг учун ҳам кӯча-кӯйларда, шаҳар ташқарисидаги нақлиётда меҳнат муҳожирларини дӯппослаш, ӯлдириб кетиш ҳоллари давом этмоқда», дейди таҳлилчи Баҳром Неъматов.

«Тожик меҳнат муҳожири» веб-сайтида келтирилган рӯйхатда ҳам уриб-калтакланган, пичоқланиб ӯлдирилган тожикистонлик сони оз эмас.

23 ёшли Табриз Бобоевнинг ӯлиги кӯчада топилган. Тиббий хулосада уни қаттиқ дӯппослашиб, пичоқлаб ӯлдириб кетишгани борасида хулоса чиқарилган. Элликка яқинлашиб қолган Ҳасан Иброҳимов, 55 ёшли Рустам Халилов ҳам уриб ӯлдирилган. Рустам Халиловнинг танаси ӯткир нарса орқали етказилган яраларга тӯлиб кетган.

Узундан-узоқ рӯйхат билан танишилганда, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларининг ӯлим сабаблари кӯпинча аниқланмай қолгани кӯринади. Аксар ҳолларда «Ӯлим сабаби аниқланмаган», деган учта сӯз ёзилади, холос.

Жорий йил апрелида бирданига ҳалок бӯлган беш инсоннинг ӯлимининг аниқланмагани уларнинг танаси бутунлай куйиб кетганлиги билан изоҳланган. 38 ёшли Иззатби Ҳасанова, 28 ёшли Жамшид Умаров, 30 ёшли Илҳомжон Умаровлар билан бирга икки болакай – уч яшар Хуршид Ҳасанов ва бир ёшли Бибисоро Ҳасановалар ҳам куйиб, ҳалок бӯлишган.

Мен гулдек икки ёш боланинг жуда эрта сӯлгани ҳақида ӯйлар эканман, бундан бир неча йил олдин Суғд вилоятининг Спитамен туманида яшайдиган оила бошига тушган фожиани эслайман. Ӯшанда Сургут шаҳри яқинида ишлаётган эр-хотин билан бирга уларнинг бир ӯғли ва икки қизи ҳам ӯлдирилиб, ёқиб юборилганди. Марҳумларнинг туғилган маконига фақат кули кӯмиш учун юборилганди.

Шу ҳафта эса Ғафуров тумани қишлоқларидан бирига Россиядан тӯрт ёшли ӯғил боланиниг ӯлиги келтирилиб, кӯмилди. Оғир хасталикка чалинган бола Россиядаги беморхоналардан бирида жон берибди. Россияга ишлаш учун борган ота-онаси уни ӯзлари билан олиб кетган бӯлганлар.

«Тӯғри, Тожикистоннинг ӯзида ҳам умрини яшаб дунёдан ӯтиш билан бирга кутилмаганда оғриб қолиб, шифо топмасдан ҳаётдан кӯз юмиш, автомобил фалокатига учраб, пичоқланиш, отиб ӯлдириш натижасида халок бӯлишлар йӯқ эмас. Лекин бу бутунлай бошқа масала. Россияга оила тебратиш учун бориб, дунёдан бевақт ӯтиш эса, бутунлай бошқа масала», дейди таҳлилчи Баҳром Неъматов.

Чорасизлик

Шу билан бирга таҳлилчи Россиядан оғир хасталиклар орттириб келаётганлар тобора кӯпайиб бораётганлигини таъкидлайди. Унинг айтишича айниқса, шамоллаш натижасида орттирилган хасталиклар, юрак оғриғи ва бавосил кӯпайган.

«ВИЧ орттириб келиб, Тожикистонда уни оиласига юқтираётганлар, отанинг айби билан дунёга ВИЧ билан туғилаётган болалар ҳақида фақатгина бир неча йилдан буён очиқроқ

гапириладиган бӯлинди», дейди таҳлилчи.

« Биз жамоатчилик диққатини Россияда дунёдан ӯтган тожик меҳнат муҳожирларига тортмоқчимиз. Бунда фақатгина Москва шаҳри ва Москва вилоятида яшаб-ишлаган тожикистонликлар ҳақида маълумотлар келтиряпмиз. Уларнинг сони эса, беш юз нафардан ортиқ. Агар бу йӯқотишларни дунёнинг «оловли нуқталари»даги инсоний талафотлар билан солиштирадиган бӯлсак, вазиятнинг чинакам ташвишли эканлиги маълум бӯлади. Масалан, АҚШ ӯзининг Афғонистондаги кӯп йиллик уруши давомида 1000 нафар атрофида одамини йӯкотган», дея ёзади Каромат Шарипов.

Бу рӯйхат эълон қилинар экан, «Тожик меҳнат муҳожири» ҳаракати қатнашчилари Тожикистон ва Россиянинг биринчи шахслари эътиборини Россияда яшаб-ишлаш тожик муҳожирлари учун ӯлим боисига айланаётганига қаратишга интилишган.

«Тожикистоннинг ёш, меҳнатга лаёқатли фуқаролари иш жойларида, нақлиёт ғилдираклари остига тушиб, экстремистларнинг қурбонига айланиб, ҳалок бӯлишмокда», дейди Каромат Шарипов.

Ҳаракат қатнишчилари меҳнат муҳожирлигида кун ӯтказаётган халқ жасорати абадийлаштириши ва Душанбеда меҳнат муҳожири ёдгорлиги ӯрнатиш учун бонг уришаётганилари, лекин овозларини ҳеч ким эшитмаётганини таъкидлашган.

«Агар тегишли ҳукумат тизимлари ҳеч бӯлмаганда у-бу чораларни қӯришганда 500 ӯлимдан ақалли ярми содир бӯлмаган бӯларди», деб фикр билдирган тожикистонликлардан бири маҳаллий веб-сайтлардан бирида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.