'Овросиё иқтисодий иттифоқи' қайта шўролашувми?

  • 10 Июн 2014
  • изоҳлар

Россия, Қозоғистон ва Белорус ўртасида "Овросиё иқтисодий иттифоқи" ташкил қилиниши ортидан иттифоққа аъзо давлатларнинг Ғарбдан узилиб қолишига оид хавотирлар ўртага чиққан. Британияда чоп этиладиган Файнэншл Таймс (Financial Times) газетаси айни мавзу таҳлилига оид катта мақола чоп этган. Газета чоп этган таҳлилий мақолада муаллиф Овросиё Иқтисодий Иттифоқининг сиёсий, иқтисодий ва жуғрофий аҳамияти ҳақида фикрлайди.

"Россия, Қозоғистон ва Белорус бу битимни имзолашар экан, Владимир Путин Қозоғистон ва Белорусдаги ҳамкасблари билан ҳозиргина имзолаган битимни "даврнинг улкан аҳамиятга эга" воқеаси, деб таърифлади", дейди муаллиф.

Май ойи охирида маъқулланган "Овросиё иқтисодий иттифоқи" январ ойига бориб кучга киради. Муаллиф янги ташкилотни "Оврўпо Иттифоқига қарши мувозанатни сақлаш учун йиллар давом этган саъй-ҳаракатлар ифодаси", деб таърифлайди.

"Айни иқтисодий келишув уч мамлакатни, булар қаторида эҳтимол Арманистон ва Қирғизистонни ҳам тенг даражага кўтаришни назарда тутади. Аммо, аслида бу каби ташаббуслар Россияни собиқ Шўро республикаларни яна ҳам қаттиқроқ "ўз қучоғига" босиш истаги билан изоҳланади. Айниқса Украинадаги сўнгги ҳодисалар манзарасида Москва ва Ғарб муносабатларини таранглашган бир пайтда..."

Шунингдек, Файнэншл Таймс "жазо чоралари Россия иқтисодини ичкарига юзланишга мажбур қиларкан, Россия билан ягона бозор тизими Марказий Осиё ва Қофқоз мамлакатларини ташқи дунёдан ажратиб қўйишга етаклаши" мумкинлигига оид хавотирларга ҳам эътибор қаратади.

Еревандаги Минтақавий Тадқиқотлар Марказидан Ричард Гирагосяннинг мақолада айтишича, "улар тарихнинг янги темир парда ортидаги нотўғри бурчагида тузоққа тушишмоқда".

"Илк бор 1994 йил Москвада Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан таклиф қилинган "Овросиё иқтисодий иттифоқи" 2000-йил - жаноб Путиннинг илк президентлик даври бошида куртак отди. У "Овросиё иқтисодий уюшмаси" ташкил қилиш бўйича 6 мамлакат билан келишув имзолади ва бу қуруқ гапдан кўпроқ маънони англатишини кўрсатди", дейди Файнэншл Таймс.

Шунингдек, муаллиф глобал молиявий инқироз манзарасида янги баландпарвоз ғоялар бўй кўрсатгани, 2010 йил Россия, Қозоғистон ва Белорус ягона Божхона иттифоқи ташкил қилишгани ва 2011 йилга келиб эса, "ягона иқтисодий ҳудуд" яратиш йўлида қадамлар ташланганини тилга олади.

"Назарий жиҳатдан, яқин интеграция икки кичик мамлакат учун фойдали бўлиши керак. Уларнинг ишлаб чиқарувчилари 170 миллион кишилик бозорга имконли бўлади. Бу ҳам Қозоғистон ва ҳам Белорус аҳолисининг 10 бараваридан ҳам кўп".

"Айрим давлатлар учун Россиянинг тортиш кучи енгиб бўлмайдигандир. Масалан, Белоруснинг 59 фоиз импорти ва 35 фоиз экспорти... ва Россиядаги қирғизистонлик ишчилар жўнатаётган маблағлар мамлакатлари ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг 29 фоизини ташкил қилиши ҳисоб қилинадиган бўлса..."

Таҳлилда Россия ширкатлари томонидан тузилаётган келишувлар ҳам қўшнилар устидан назоратни кенгайтириши тилга олинади.

Аксар собиқ Шўро мамлакатларида сезиларди сонда руслар истиқомат қилишади. Айниқса, улар Қозоғистон шимолий қисмларида кўпчиликни ташкил қиладилар.

"Кўплари Россия ҳарбий базаларига мезбонлик қилишади...", дея қўшимча қилади муаллиф.

Россия телевизиони минтақа аҳолиси учун янгиликлар ва кўнгилочар дастурлар етказиб беради.

Россия танқидчилари учун эса, "Овросиё иқтисодий иттифоқи" "қайта шўролашув"га далолат қилади.

2012 йил АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон: "Бу божхона иттифоқи деб номланадиган, кейин "Овросиё иттифоқи" деб номланади... Аммо... биз мақсад нима эканини биламиз ва олдини олиш ё-да, секинлаштириш учун самарали йўлларни изламоқдамиз", деб айтганди.

"Овросиё иқтисодий комиссияси" раҳбарияти эса, фақатгина иқтисодий фойдаларга урғу беради.

Қозоғистон расмийлари ўз мамлакатларидаги бюрократиядан ҳолироқ бизнес муҳити Россиядаги каттароқ бозорда хизмат қилишга умид қилаётган ширкатларни ўзига тортишига умид қилишади.

"Бироқ, ягона Божхона Иттифоқи тажрибаси қозоқ бизнес жамоасини ортиқча интеграциядан ҳушёр тортдириб қўйган. Гарчи, аъзо давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми ортган, аммо бож тўловлар олиб ташланиши билан россиялик рақибларнинг маҳаллий бизнеслар билан рақобатга киришини осонлаштиргани шикоятларга сабаб бўлган", деб ёзади муаллиф.

Қозоғистон миллий ҳаво йўллари - Air Astana президенти Петер Фостерга кўра, иттифоқ Россия давлат ширкатларига маҳаллий бозор ҳиссаларини олишини осонлаштирган. "Майдондаги ўйинга чегара бўлиши керак. Аксинча, кучли ўйинчилар заифроқ рақибларни қўрқитиб юборади. Бу Қозоғистон манфаатига хизмат қилмайди", дейди у.

"Айни пайтда Россия иқтисоди таъсири ортиб бормоқда. Дипломатик яқин алоқалар келишувлар ва сармоялар билан бирга олиб борилмоқда. Россия ширкатилари асосий саноатлар - энергиядан тортиб, транспорту телекоммуникациягача ўз назоратларини кучайтиришган. Газпром давлат ширкати Кремлнинг асосий қуроли саналади".

Масалан: "... Апрелда у (Газпром) Қирғизистоннинг қарзга ботган газ ширкати - ҚирғизГаз учун $1 тўлади, ҳозир у Газпром Қирғизистон деб номланади".

Таҳлилчилар бу ҳаракатлар сиёсий мақсадда қилинаётганини айтишади.

Файнэншл Таймс шу ўринда газ гиганти ёлғиз эмаслигини айтади. Ядровий қувват, нефт ширкатлари таъсири ҳам ошиб бораётгани хусусида тўхталади.

"Бу каби қадамлар Россия ўсиб бораётган роли юзасидан хавотирларни уйғотган", дея қўшимча қилади газета. Айни пайтда собиқ қирғиз депутати Бахтибек Бешимов мамлакатдаги мулкларнинг сотилиши Қирғизистонни "Кремлнинг истеъмолчи давлати"га айлантириши ҳақидаги сўзларини келтиради.

Файнэншл Таймсга кўра, Россия билан яқин алоқалар мамлакатларда оммавий норозиликларни ҳам уйғотиб улгурган ва одатда бу давлатларда фикр эркинлиги дастакланмайди...

"Қозоғистонда бошларига тўрли ички иштон кийган уч аёл марказий майдонга чиқди. Арманистонда президент қароргоҳи ташқарисида тўпланган одамлар: "Россия, кет!", дея қичқиришди".

Москвадаги Карнеги маркази сиёсий таҳлилчиси Лилия Шевцова анчайин мажбурий ёндашув 2012 йил учинчи бор президентликка қайтган Путин жаноблари сиёсатидаги ўзгаришни акс эттиради.

Файнэншл Таймс Қозоғистон расмийларидан бирининг ҳам "Совет Иттифоқига қайтиш йўқ. Қозоғистон бунга йўл қўймайди", деган сўзларини келтиради.

Нима бўлмасин, газета билан суҳбатда бўлган таҳлилчилар Россия билан иттифоқлар рамзий маъно касб этишини инкор қилмайдилар. "Ҳар бир иттифоқнинг лидери бор. Албатта, "Овросиё иқтисодий иттифоқи"га Россия бошчи бўлади", дейди Қозоғистондан таҳлилчи Дўсум Сатпаев.

"Россиянинг янги сиёсий стратегияси: мамлакатларни тўплаш", дея қўшимча қилади у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002