Ўзбекистон фуқароси "Спартак" ишқибозининг ўлимида айбланмоқда

  • 16 Май 2014
  • изоҳлар
Жаҳонгир Аҳмедовнинг ўз ихтиёри билан "таслим бўлгани" айтилмоқда

Россиялик терговчилар жума куни "Домодедово" аэропортида ҳибсга олинган ўзбек фуқароси Жаҳонгир Аҳмедовга нисбатан айблов эълон қилинганини айтишган.

25 ёшли Жаҳонгир Аҳмедов 13 май куни "Спартак" футбол жамоаси ишқибози Леонид Сафянниковни ўлдирганликда айбланмоқда.

Қотиллик ортидан Аҳмедовнинг Ўзбекистонга қочиб кетгани, аммо яқинлари ва ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорлиги натижасида Россияга қайтиб келгани хабар қилинган.

Тергов идоралари Аҳмедовнинг "ўз ихтиёри билан таслим бўлгани ва россиялик ишқибознинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят энг қисқа муддатда тўла очилгани" ҳақида ҳисобот беришган.

Интерфакс хабар агентлиги Россия Тергов қўмитаси мулозимининг "жиноят энг қисқа муддатда очилди. Уни очишга Москва вилоятининг энг тажрибали терговчилари ва Ички ишлар вазирлигининг тезкор ходимлари жалб этилди", деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Пушкинодаги қотиллик

Терговнинг фарази бўйича 13 май куни "Пушкино" темир йўл бекати яқинида 22 ёшли Леонида Сафянников билан икки киши ўртасида жандўал келиб чиққан.

Улардан бирининг Жаҳонгир Аҳмедов бўлгани айтилади.

Баъзи маълумотларга кўра, жанжалга Сафянниковнинг ўз машинаси билан бозордан чиқишни тўсиб қўйгани ва машинасини олишдан бош тортгани сабаб бўлган.

Шундан сўнг Сафянниковнинг дўппослангани ва ҳушидан кетгани айтилади.

Терговнинг фаразича, Аҳмедов йўл-транспорт ҳодисаси юз бергандек қилиб кўрсатиш орқали "жиноят изларини ёпишга ҳаракат қилган".

У Сафянниковнинг машинасига ўтириб, машинани устунга олиб бориб ургани айтилади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Аҳмедов Сафянниковни Пушкин туман шифохонасига шахсан олиб борган.

13 май куни тунда Сафянников ҳушига келмасдан вафот этгани, Аҳмедовнинг эса эртаси куни ватани Ўзбекистонга учиб кетгани айтилади.

Терговчилар ҳодиса жойида ўрнатилган кузатиш камераларидаги видеотасвирларни таҳлил қилиш ва гувоҳларни сўроқ қилиш натижасида Аҳмедовга нисбатан сиртдан айблов эълон қилинганини айтишган.

Аҳмедов "бехосдан одам ўлдириш", "ўғирлашни қасд қилмаган ҳолда бировнинг автомобилини эгаллаб олиш" ва "бировнинг мулкига қасддан зарар етказиш"да айбланмоқда.

Аҳмедов Россияга "кўнгилли равишда қайтиб келиш ва Россия ҳуқуқ тартибот идораларига таслим бўлишга" қарор қилгани айтилмоқда.

Рус матбуотининг хабарларига кўра, бунга Аҳмедовни яқинлари ва Россиядаги ўзбек диаспораси вакиллари ишонтирганлар.

Бошқа маълумотларга кўра эса, Россиялик терговчилар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан ёрдам сўрашган ва ўзбек томони Аҳмедовни тутиб берган.

Жаҳонгир Аҳмедовнинг шахси ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Россия матбуоти Москва вилоятида унинг оиласи- аёли ва ота-онаси истиқомат қилишлари ҳақида ёзган.

Ўтмишда россиялик футбол ишқибозининг ўлими фанатлар ва рус миллатчиларининг погромларига сабаб бўлган.

2010 йил декабрида "Спартак" ишқибози Егора Свиридовнинг ўлими ортидан Москва марказида оммавий тартибсизликлар юз берган эди.

Россия жамоатчилиги ва матбуоти Ўзбекистон ҳамда марказий осиёлик муҳожирларнинг ўлдирилишига бу қадар эътибор қаратмайди.

Россияда ҳар йили ўнлаб ва ҳатто юзлаб марказий осиёлик муҳожирлар ўлдирилади.

Муҳожирларга қарши жиноятларнинг аксарияти миллий ва ирқий адоват натижасида содир этилиши айтилади.

Жаҳонгир Аҳмедовнинг Россияга топширилиши ижтимоий тармоқ саҳифаларида ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг ғазабнок шарҳларига сабаб бўлган.

Айрим фойдаланувчилар Фэйсбукда ўзбек муҳожирлари кўпинча ўзларини ҳимоя қилишга уриниш натижасида бу каби ўлимлар содир бўлиши, аммо Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилмаслиги ҳақидаги шарҳларни қолдиришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002